Саудия Арабистонининг Swift News интернет нашри ҳаж мавсумида зиёратчиларимизга кўрсатилаётган эътиборни кенг ёритди. Мақола аввалида мамлакатлар ўртасидаги алоқалар ривожланаётгани, икки давлат раҳбарларининг дўстона муносабатлари, ўзаро ташрифлари ва самимий мулоқотлар ҳақида сўз юритилган.
Нашрда сўнгги йилларда Ўзбекистонда ҳаж квотаси 3 баробар оширилиб, ҳар йили 15 минг нафар фуқаро ҳожилик бахтига мушарраф бўлаётгани, умра зиёратчилари сони бир неча юз мингни ташкил этиши юқори баҳоланган.
Жорий мавсумда Мадина шаҳрига етиб келган бўлажак ҳожиларимиз катта эҳтиром ила кутиб олинаётгани, зиёратчилар республикамизнинг 9 та халқаро аэропорти орқали мунаввар шаҳарга кузатилаётгани қайд этилган. Шунингдек, муборак сафар мобайнида ҳар бир тадбир аниқ режа асосида, юксак савияда амалга оширилаётгани, ташкилий-ҳужжат ишлари, тоату ибодатлар, истиқомат, озиқ-овқат, тиббиёт ва транспорт хизматлари юқори сифат ва даражада йўлга қўйилганига урғу қаратилган.
Қисқача айтганда, араб нашрида чоп этилган мақолада мамлакатимизда ҳаж ва умра тадбирларига катта эътибор берилиб, мўмин-мусулмонларнинг улуғ амалларини мукаммал адо этишлари учун барча имкониятлар ҳозирлангани, бундан нафақат юртимиз аҳли, балки саудиялик мутасаддилар ҳам мамнун экани баён этилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
“IQNA” сайтининг “Maspero” нашрига таяниб хабар беришича, Миср миллий матбуот ташкилоти раҳбари, ёзувчи Aҳмад ал-Муслиманий Мисрдаги таниқли қориларининг фотосуратлари, қўлёзмалари, шартномалари, ёзиб олинган қироатлари ва уларга тегишли бўлган ашёларни ўз ичига олган “Қуръон қорилари музейи” ташкил этилишини маълум қилди. Унинг айтишича, музей Қуръони карим радио тармоғига алоқадор бўлиб, унга “Масперо” радио ва телевидение биносида махсус жой ажратилган.
Aл-Муслиманийнинг сўзларига кўра, музейга энг кўзга кўринган нуфузли Қуръон карим қориларининг оилалари билан янги музей учун қориларга тегишли ашёларни йиғиш учун муносабатлар ўрнатилган. Музей тақдим этилган ашёлар кўргазмага қўйилганидан кейин тартибга келтирилади ва оммага ташкиллаштирилган ташрифлар учун фаолиятини бошлайди.
Илёсхон Аҳмедов тайёрлади