Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси қудсийда Аллоҳ таоло айтади: "Намозни Ўзим билан бандам орасида иккига бўлганман, бандам нимани сўраса, бераман". Агар у (банда): "Алҳамду лиллааҳи Роббил ъааламийн", деса, Аллоҳ: "Бандам Менга ҳамд - шукр айтди", дейди. Банда: "Ар-Роҳманир Роҳийм", деса, Аллоҳ: "Бандам Менга сано - мақтов айтди", дейди. Банда: "Маалики йавмид-дийн", деса, Аллоҳ: "Бандам Мени улуғлади", дейди. Банда: "Иййаака наъбуду ва иййаака настаъийн", деса, Аллоҳ: "Бу - Мен билан бандам орасидаги нарса, бандам нимани сўраса, бераман", дейди. Агар банда: "Иҳдинас-сиротол мустақийм, сиротоллазийна анъамта ъалайҳим ғойрил мағдуби ъалайҳим валаддоллийн", деса, Аллоҳ: "Бу бандамга хос, сўраганини бердим", дейди" (Имом Насоий ривояти).
Бир дақиқада Фотиҳа сурасини 6 маротаба ўқий оласиз. Унинг ҳарфлари сони 122 та. Агар уни бир маротаба ўқисангиз, 122х10=1220 та савоб берилади. Чунки ҳадисга мувофиқ, ҳар бир ҳарф учун 10 та савоб ваъда қилинган. Агар сиз уни 6 маротаба ўқисангиз, 7320 та савобга эга бўласиз. Бу Аллоҳнинг фазли, ким уни зиёда қилса, Аллоҳ ҳам фазлини зиёда қилаверади.
«Фазилатли амаллар - ажри улуғ амаллар» китобидан
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким жума куни Оли Имрон номли сурани ўқиса, Аллоҳ ва Унинг фаришталари қуёш ботгунча унга салавот айтиб турадилар», – дедилар (Табароний ривоят қилган).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам жума куни бомдод намозида «Алиф лам мим. Танзилу…»ни – Сажда(сураси)ни – ва «Ҳал ата ъалал-инсани»ни қироат қилар эдилар» (Икки шайх ва Термизий ривоят қилишган).
Ибн Абу Сайф Яманий «Ал-ламъа фи рағоиби явмил жумуъа» китобида Термизийнинг қуйидаги гапларини келтиради:
«Тасбеҳ намозини жума куни завол пайтида ўқиш мустаҳабдир. Биринчи ракъатда Фотиҳадан кейин Такосурни ўқийди, иккинчисида Вал асрни, учинчисида Кофирунни, тўртинчисида Ихлосни ўқийди». Сўнг охирида ўқиладиган қўшимча дуони ҳам келтирган.
«Жума ҳақидаги оят ва ҳадислар» китобидан