Ўзбекистон халқаро исломшунослик академиясида “Спорт – тинчлик элчиси” шиори остида “Имом Мотуридий кубоги” спорт мусобақаси бўлиб ўтмоқда.
Очилиш маросимида Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқ Тошбоев, Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Конгратбай Шарипов, Спорт вазири Адҳам Икрамов, Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Отабек Умаров қатнашиб, иштирокчиларни табриклаш баробарида улуғ аллома бобомиз номи остида ўтказилаётган мусобақанинг аҳамияти, таълим-тарбияга берилаётган эътибор тўғрисида нутқ сўзлашди.
Шунингдек, тадбир иштирокчиларига ҳаж сафарида бўлиб турган Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Макка шаҳридан видеотабрик йўллаб, иштирокчиларни қутлаш баробарида динимиз кишиларни спорт билан шуғулланишга буюрганини таъкидлаб, жумладан бундай дедилар:
– Динимиз инсонларни ҳар томонлама кучли, бақувват, жисмонан ва руҳан соғлом бўлишга тарғиб этади. Қувватли инсон, аввало, ўзи учун, қолаверса, атрофдаги, жамиятдаги инсонлар учун манфаатлидир. Куч-қувватли, чиниққан инсон ибодатда мустаҳкам бўлиш баробарида инсонларга ёрдам қўлини чўзишда, юрт ривожига ҳисса қўшишда барчага ўрнак бўлади. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Фарзандларингизга сузишни, камондан ўқ отишни ва от минишни ўргатинглар”, дея марҳамат қилганлар. Бошқа бир ҳадиси шарифда: “Ёзишни, сузишни ва камондан ўқ отишни таълим бериш фарзанднинг ота-онада зиммасидаги ҳаққидир”, деганлар.
Илк маротаба ташкил этилаётган ушбу спорт мусобақасида Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси, Академия қошидаги академик лицей, Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги Тошкент ислом институти, Мир Араб олий мадрасаси, Ҳадис илми мактаби ва Термиз ислом институти талабалари мини-футбол, волейбол, стол тенниси, шахмат-шашка каби спорт турлари бўйича беллашиш баробарида миллий ўйинлар – кураш, арқон тортиш, тош кўтариш каби баҳсларда ҳам қатнашмоқда.
Мазкур тадбир Президентимиз ташаббуси, тегишли қарор ва фармонлари ижроси ўлароқ ташкил этилган бўлиб, ундан кўзланган мақсад талаба-ёшлар ўртасида спортни оммалаштириш, ёшларни соғлом турмуш тарзига ва жисмоний фаолликка жалб қилиш, дўстона алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган.
Тадбир давомида Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирининг тегишли буйруғига мувофиқ Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ректори Музаффар Комилов "Жисмоний тарбия ва спорт аълочиси" кўкрак нишони билан тақдирланди.
Шунингдек, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ва Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлиги, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ҳамда Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси ўртасида Ҳамкорлик келишувлари имзоланди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Абу Умома ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ким ҳар бир фарз намозидан кейин Оятул Курсийни ўқиса, унинг жаннатга киришини фақат ўлими тўсиб туради", деганлар (Имом Насоий, Имом Табароний ривояти).
Ҳасан ибн Али розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: «Ким ҳар бир фарз намозидан кейин Оятул Курсийни ўқиса, келаси намозгача у (банда) Аллоҳнинг ҳимоясида бўлади» (Имом Табароний ривояти).
Қаранг, бу жуда ҳам осон, аммо савоби улкан, гуноҳларни кетказувчи, жаннатга етказувчи бўлган амалдир. Лекин дангасалигимиз, бепарволигимиз оқибатида бунга эътибор бермаймиз, амал қилмаймиз. Кўпчилигимиз ҳатто билмаймиз ҳам. Аввал билмасак, энди билиб олдик. Энди билганимизга амал қилайлик ва бошқаларга ҳам етказайлик.
Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини ёйилишига хизмат қилиш у зотга бўлган муҳаббат ва эҳтиромнинг юксак намунаси ҳисобланади. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларини аниқлик билан етказганларнинг ҳаққига: “Менинг гапимни эшитиб, ёдлаб, сингдириб, сўнгра етказган одамни Аллоҳ неъматлантирсин”, деб дуо қилганлар (Имом Термизий ривояти).
Аллоҳ таоло барчамизга ҳар бир ишда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилишимизга тавфиқ ато этсин, омийн!
Аллоҳумма солли ва саллим ъала Муҳаммадин ва ъала оли Муҳаммад
Даврон НУРМУҲАММАД