Бугун, 26 май куни Ўзбекистон халқаро исломшунослик академиясида "Ислом – саломатлик тарғиботчиси" мавзусида республика илмий-амалий анжумани ҳам бўлиб ўтди.
Тадбирда Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Конгратбай Шарипов, Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Давронбек Махсудов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Муҳаммадолим Муҳаммадсиддиқов, Спорт вазири ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов, Республика халқ табобати илмий-амалий маркази директори Жамшид Мирраҳимов, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ректори Музаффар Камилов, шунингдек, ёш олимлар, докторант ва магистрлар, юртимиз ва хорижлик профессор-ўқитувчилари ва соҳа мутахассислари қатнашди.
Мазкур анжуманда ислом динининг инсон саломатлигини муҳофаза қилиш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш, жисмоний тарбия ва спортни рағбатлантириш ҳамда жамиятда тинчлик ва тотувликни таъминлашга қаратилган маънавий-ахлоқий тамойиллари билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.
Шунингдек, "Исломда соғлом турмуш тарзи", "Ибн Синонинг тўғри овқатланиш ва танани соғлом сақлашга оид тавсиялари", "Фарзанд камолотида жисмоний тарбиянинг ўрни", "Ёш авлодни соғлом эътиқод ва ватанпарварлик руҳида тарбиялашда мотуридийлик таълимотининг аҳамияти" ва бошқа мавзуларда маърузалар тингланди.
Ушбу анжуман натижасида исломда спорт, тўғри овқатланиш ва соғлом турмуш тарзи билан боғлиқ масалалар ҳақидаги тадқиқотлар такомиллашиши баробарида саломатликка оид диний-ахлоқий қарашлар, илмий мулоҳазалар ва тавсиялар ишлаб чиқилади. Бу эса жамиятда ижтимоий барқарорликни таъминлашга хизмат қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
#xabar #haj2025
Бугун, 12 июнь куни эрта тонгда юртимиз ҳожиларининг илк гуруҳлари юртимизга йўл олишди.
Айтиб ўтиш жоиз, бу йилги ҳаж мавсуми ҳар қачонгидан ҳам файзли, шукуҳли ўтди. Ҳаж арконларини бажариш учун юртимиз мўмин-мусулмонларига Мадинаи мунаввара, Маккаи мукаррамада яратилган шарт-шароитларга кўплаб мусулмонларнинг ҳаваси келганига барча гувоҳ бўлди.
Айниқса, меҳмонхоналар, Мино, Арафот водийларидаги қулайлик ва имкониятлар, тиббий ва транспорт хизматлари барчани мамнун этди.
Эндиликда ибодатларни ҳузурланиб адо этган, юз-кўзлари порлаган, пешоналаридан нур балқиган ҳожиларимизнинг дастлабки гуруҳи диёримизга қайтишмоқда.
Аллоҳ таоло ҳожиларимизнинг ҳажларини қабул айласин. Фарзанду анжумандлари бағрига эсон-омон етиб олишсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати