Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
24 Июн, 2025   |   28 Зулҳижжа, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:05
Қуёш
04:51
Пешин
12:31
Аср
17:41
Шом
20:03
Хуфтон
21:42
Bismillah
24 Июн, 2025, 28 Зулҳижжа, 1446
Мақолалар

Ўзбекистон ҳожиларининг Президент Шавкат Мирзиёевга Қурбон ҳайити муносабати билан йўллаган табриги

05.06.2025   20774   4 min.
Ўзбекистон ҳожиларининг Президент Шавкат Мирзиёевга Қурбон ҳайити муносабати билан йўллаган табриги

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига

 

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим

Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳ

Муҳтарам Президент Жаноби Олийлари!

 

Аллоҳ таолога беҳисоб шукрки, Сизнинг бевосита ташаббусларингиз ва саъй-ҳаракатларингиз билан ҳаж амалларини юқори савияда ташкил этишга муваффақ бўлмоқдамиз.

Бундай эътибор ва эҳтиромни биз ҳожилар чин юракдан ҳис этиб, яратилган барча қулайликлар учун Сизга чуқур миннатдорлик изҳор этамиз.

Ҳурматли Президент Сизни ва Сиз орқали юртдошларимизни ҳаж ибодатини адо этаётган ҳамюртларимиз номидан мусулмон уммати учун энг улуғ байрам – Қурбон ҳайити билан самимий муборакбод этамиз.

Биз, ўзбекистонлик ҳожилар шундай файзли кунлар учун шукроналар айтиб, Ҳақ таолодан жонажон юртимизга қут-барака, азиз халқимизга фаровонлик ва фарзандларимизга баркамоллик сўраб эзгу дуолар қилмоқдамиз.

Зеро, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) “Дуоларнинг энг яхшиси арафа куни қилинган дуодир”, деб хушхабар берганлар.

Аллоҳ таолонинг байти жойлашган муқаддас заминда – Мино, Арафот каби муборак манзилларда улуғ амалларни ихлос ила бажармоқдамиз.

Сизни вақт ажратиб, муборак ҳаж зиёрати учун яратилган шароитлар ва саломатлигимиз ҳақида сўраганингиз ҳамда ҳар куни ҳолимиздан хабардор бўлиб турганингиз ибодат билан юрган биз ҳожиларни чексиз даражада мамнун этди.

Бундай эътибор ва эҳтиромни Саудия Арабистонининг мутасаддилари ҳам юқори баҳолаб, Сиз Жаноби Олийларига ҳурмат ва дуоларини изҳор этмоқдалар.

Муборак масканларда ҳар бир зиёратчи Сизнинг ғамхўрлигингизни юракдан ҳис қилиб, кўзларида ёш билан дуолар қилаётганини алоҳида айтиб ўтмоқчиман.

Сизга айтадиган яна бир хабаримиз, Саудия Арабистонида бўлиб турган юртимизнинг диний соҳа вакиллари ҳамда зиёратчилари томонидан мавсум давомида Қуръони карим 10 минг маротаба хатм қилиниб, юртимизга тинчлик, халқимизга фаровонлик тилаб дуолар қилинди.

Ҳурматли Президент, Сиз яратиб берган имкониятлардан руҳланиб, ўзбекистонлик ҳожилар юртга қайтганимиздан кейин “Янги Ўзбекистоннинг тинчлик ва маънавият тарғиботчилари” деган эзгу ташаббусни бир овоздан илгари суриб, Учинчи ренессанс яратувчиларини тарбиялашда Сизга кўмакчи бўлмоқчимиз.

Сиз бошчилигингизда юртимизда тинчликни мустаҳкамлаш, халқимизнинг маънавиятни юксалтириш, айниқса ёшларнинг сифатли таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши, керак бўлса дунёни эгаллаши каби масалалар энг устувор вазифага айланди.

Шундай экан, биз ҳожилар юртимизга қайтгач, қуйидаги ишларни амалга оширмоқчимиз:

– она-Ватанимиз тараққиётига холис хизмат қилиш, маҳаллаларда тинчлик ва бирдамликни мустаҳкамлаш, аҳоли орасида тинчлик-осойишталикни қадрига етиш, халқимизни маънан юксалтириш, жамиятдаги ислоҳотларга дахлдорлик ҳиссини ошириш кабиларга тарғиб этиш;

– китобхонлик маданиятини юксалтириш, илмни қадрлаш ва илм-маърифатга ҳомийликда намуна бўлиш;

– тўйлар, оилавий тадбирлар ва маросимларда меъёрийликка амал қилган ҳолда камхарж ва ихчам ўтказишда бош-қош бўлиш;

– кийинишда ва муомалада оддийлик ва камтаринликка амал қилиш, дабдабабозлик, исрофгарчилик, маишатбозлик каби иллатлардан йироқ бўлишни тарғиб қилиш;

– ёшларни муваффақиятларга фақат ўқиб-ўрганиб, илм билан эришиш мумкинлигини ўргатиш;

– устозлар, ўқитувчи ва мураббийларга доимо эҳтиром кўрсатиш, уларни моддий қўллаб-қувватлаш ишларига кўмак бериш;

– маҳаллалардаги нотинч оилалар, шу жумладан тарбиясида муаммоси бор ёшлар ўртасида тушунтириш ишларини олиб бориш;

– ҳудудлардаги мактабларнинг таъмирга муҳтож қисмини жорий таъмирлаш ишларига кўмаклашиш;

– хайрия, меҳр-мурувват ва ёрдам кўрсатиш ишларини кўпайтириш.

Барча ҳожиларимиз юртимизга қайтгандан сўнг ушбу ташаббусларни қатъий амалга оширишга ваъда берамиз.

Зеро, жонажон Ватанимиз келажаги, халқимиз фаровонлиги ва юртимиз шону шуҳрати Сиз айтганингиздек ёшларимиз қўлидадир. Улар эртага Ўзбекистонни янада кучли, юксак тараққий этган давлатга айлантириш учун ўзларининг бор билими, иқтидори ва куч-ғайратини сафарбар қилса, кўзлаган барча эзгу мақсадларимизга, албатта эришамиз.

Юсуф Хос Ҳожиб бобомиз айтганларидек:

“Заковат бор жойда улуғлик бўлади,

Билим бор жойда буюклик бўлади”.

 

 

Ҳурматли Президент Жаноби Олийлари!

 

Биз, 15 минг ҳожи дуолар ижобат бўладиган Арафотда туриб, Аллоҳ таолодан Сизга мустаҳкам соғлик, узоқ умр ва улкан муваффақиятлар тилаб, олиб бораётган барча ишларингизда мададкор бўлишини сўраб илтижолар қиляпмиз.

Аллоҳ таоло бутун дунё мўмин-мусулмонларига Қурбон ҳайитини муборак айласин, тинчлик-хотиржамлик ато этсин, ибодатларимизни Ўз даргоҳида ҳусни қабул айласин, она Ватанимизни обод, халқимиз ҳаётини янада фаровон қилсин!

Қурбон ҳайити муборак бўлсин!

 

Ҳурмат ва камоли эҳтиром ила,

 

Ўзбекистон ҳожилари,

Макка шаҳри Арафот водийси,

2025 йил 5 июнь

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Жанозада имомга иқтидо қилган киши нима ўқийди?

23.06.2025   2082   1 min.
Жанозада имомга иқтидо қилган киши нима ўқийди?

Савол: Беш вақт намозда имомга иқтидо қилганимизда, Фотиҳа ва зам сураларни ўқимаймиз. Жаноза намозида қандай йўл тутамиз? Унда ҳам қулоқ қоққандан кейин жим турамизми?

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Жаноза намозида беш вақт намоздан фарқли равишда, имомга иқтидо қилганлар тўрт такбирни ва сано, салавот ҳамда дуоларни ўқийди. Яъни биринчи такбирдан кейин санони, иккинчи такбирдан кейин салавотни, учинчи такбирдан кейин жаноза дуосини ўқийди. Тўрт такбир жаноза намозининг рукни яъни фарз, бошқа зикрлар эса, суннат ҳисобланади. Агар иқтидо қилганлар такбирни ҳам, бошқа зикрларни ҳам айтмай, жим турса, жаноза ўқиган ҳисобланмайди. Агар такбирларни айтса-ю, бошқа зикрларни айтмаса, суннатни тарк этган бўлади. Валлоҳу аълам.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.