Муҳтарам ватандошлар!
Сиз, азизларни, барча мўмин-мусулмон юртдошларимизни, бутун халқимизни улуғ ва мўътабар айём – Қурбон ҳайити билан чин қалбимдан самимий муборакбод этиб, ўзимнинг юксак ҳурматим ва эзгу тилакларимни билдиришдан ғоят мамнунман.
Жамики ислом уммати учун қадрли бўлган ушбу шукуҳли байрам – Ийд ал-Адҳони эл-юртимиз билан биргаликда тинч ва осойишта муҳитда кутиб олаётганимиз учун, аввало, меҳрибон ва қудратли Аллоҳ таолога беҳисоб шукроналар айтамиз.
Ҳеч шубҳасиз, кейинги йилларда Янги Ўзбекистонда ижтимоий, халқчил давлат барпо этиш, унинг маънавий асосларини мустаҳкамлаш ва таъсирчанлигини оширишда муқаддас ислом дини, унинг асосий байрамларидан бири бўлган Қурбон ҳайити ҳам муҳим роль ўйнамоқда.
Айниқса, бу байрамнинг инсонпарварлик, аҳиллик, саховат ва олижаноблик каби фазилатлари юртимизда “Инсон қадри учун, инсон бахти учун” деган эзгу ғоя асосида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга уйғун ва ҳамоҳанг бўлиб, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини қўллаб-қувватлаш, кексалар, ёшлар ва хотин-қизлар ҳақида алоҳида ғамхўрлик кўрсатиш, камбағалликни қисқартиришга қаратилган дастурларимиз самарасини оширишга хизмат қилаётганини алоҳида таъкидлаш ўринлидир.
Азиз дўстлар!
Бугунги кунда мамлакатимизда турли миллатлар ва диний конфессиялар ўртасидаги ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, виждон эркинлигини таъминлаш, диний-маърифий меросимизни асраб-авайлаш, ёш авлодни миллий ва умумбашарий қадриятлар руҳида тарбиялаш бўйича улкан ишлар амалга оширилмоқда.
Бу ҳақда сўз юритганда, ислом динининг эзгу тамойилларини чуқур ўрганиш, буюк тарихимиз ва маданиятимиз дурдоналарини, машҳур алломаларимизнинг бой меросини тўплаш ва кенг тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлаш лозим. Жумладан, кўҳна Шарқ мўъжизаси – Самарқанд шаҳри 2025 йилда ислом маданияти пойтахти, деб эълон қилинди, улуғ ватандошимиз Имом Мотуридийнинг 1155 йиллик таваллуд санаси юртимиз бўйлаб кенг нишонланмоқда, Имом Бухорий, Имом Мотуридий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари қаторига, шу йил Бухоро шаҳрида ўз фаолиятини бошлайдиган Баҳоуддин Нақшбанд илмий-тадқиқот маркази ҳам қўшилди.
Пойтахтимиз Тошкент шаҳрида бунёд этилаётган Ислом цивилизацияси маркази илмий-маънавий йўналишдаги улкан ва ноёб лойиҳа сифатида эл-юртимиз ва халқаро жамоатчиликда катта қизиқиш уйғотмоқда. Бу муаззам маскан кўп минг йиллик қадимий тарихимиз, бой ва бетакрор миллий маданиятимизнинг ёрқин тимсоли сифатида Янги Ўзбекистон ҳаётидаги ғоят муҳим воқеага айланади, деб ишонаман.
Ҳурматли юртдошлар!
Шу саодатли кунларда 15 минг нафар ватандошимиз муқаддас ҳаж зиёратини адо этмоқда. Эзгу дуо ва ниятлар ижобат бўладиган мана шундай мунаввар лаҳзаларда уларни ҳам Қурбон ҳайити билан самимий қутлаб, Яратгандан юртимизга соғ-омон қайтиб келишларини сўраймиз.
Умид қиламизки, муҳтарам ҳожиларимиз жамиятимизда бирдамлик, оила ва маҳаллаларимизда меҳр-оқибат муҳитини янада мустаҳкамлаш, ёшларимиз тарбиясини кучайтириш, уларни илм-маърифатга, замонавий касб-ҳунарларни эгаллашга, Ватан ҳимоячиси бўлишга тарғиб этиш, муҳтож инсонларга кўмак беришда алоҳида ибрат ва намуна кўрсатадилар.
Қалбларимиз қувончга тўлган ушбу файзли кунларда хорижий давлатларда бўлиб турган ватандошларимизни ҳам бугунги улуғ айём билан чин дилдан қутлаб, уларга соғлик-омонлик, бахт ва омад тилаймиз.
Жаҳоннинг узоқ-яқин ўлкаларидаги мусулмон умматини ҳам қизғин табриклаб, уларнинг халқлари ва мамлакатларига тинчлик, равнақ ва фаровонлик тилаб қоламиз.
Азиз ва муҳтарам ватандошлар!
Ҳозирги кунда дунё нақадар мураккаб ва таҳликали бўлиб бораётганини барчамиз кўриб турибмиз. Бундай кескин шароитда юртимизда тинчлик, ўзаро ҳурмат ва тотувлик муҳитини сақлаб, барча соҳа ва тармоқларда фидокорона меҳнат қилиб кўзлаган юксак мақсадларимизга ета оламиз.
Албатта, ўз тарихида не-не синов ва машаққатлардан муносиб ўтган мард ва олижаноб халқимиз бунга ҳар томонлама қодир.
Бу йўлда эл-юртимизга мансуб меҳр-оқибат, ўзаро бирлик ва жипслик биз учун беқиёс куч-қудрат манбаи бўлиб хизмат қилади, деб ишонаман.
Сиз, азизларни муқаддас Қурбон ҳайити билан яна бир бор чин дилдан табриклаб, барчангизга тинчлик-хотиржамлик, сиҳат-саломатлик, хонадонларингизга файзу барака тилайман.
Қутлуғ айём барчамизга муборак бўлсин!
Шавкат Мирзиёев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Инсон яралибдики, хурсандчилик билан бирга ғам-ташвиш, қайғу-аламлар ила яшайди. Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, “ғам-ташвиш”, “қайғуриш” каби тушунчалар икки хил бўлади:
1. Табиий.
2. Орттирилган.
Биринчиси ҳақида сўз борганда, уни “соғлом ташвишланиш”, деб аташимиз мумкин. Бошқача қилиб айтганда, бусиз ҳаётни тасаввур қилиш қийин. Ташвишланишнинг бу тури топилмайдиган кишилар ҳиссизлик кетидан касал бўлиб қолишлари турган гап.
Албатта, ҳаёт ташвишлари бениҳоя – ишдаги муаммолар, уйдаги ғам-ташвишлар, ота-онага ғамхўрлик, фарзанд тарбияси, олинган қарзларни тўлаш, оилавий келишмовчиликлар, имтиҳонлар, кимдирлар билан учрашиш... Буларнинг барчаси одамни ташвишланиш, безовта бўлиш ва қайғуришга ундайди. Бундай руҳий ҳолатлар иштаҳамизни бўғиб, асабимизни бузади, уйқимиз қочади, бир сўз билан айтганда, ҳаётнинг аччиқ-чучукларини тотиб, ўнқир-чўнқирларига дуч келамиз. Вақт ўтиши билан бу муаммолар ўз ечимини топади, биз ҳам воқеликка рози бўламиз, кўникамиз, ташвишлар арийди, стресслардан халос бўлиб, хотиржамликка эришамиз. Орадан бироз муддат ўтиб яна янги муаммоларга дуч келамиз, хуллас, ҳаёт шу тарзда давом этаверади.
Дейл Карнеги айтади: “Мен ўттиз етти йилдан кўпроқ вақт Нью-Йоркда яшадим. Менда “безовталик” деган касаллик борлигидан огоҳлантириб қўйиш учун бирор киши эшигимни тақиллатиб келгани йўқ. Сувчечак каби касаллик келтириб чиқарадиган асоратлардан бир неча минг баробар кўп зарарлар кўришимнинг асосий сабаби, ушбу безовталик касаллиги бўлди. Ҳа, ҳа, рост! Ҳеч бир киши эшигимни қоқиб, америкаликларнинг ҳар ўнинчиси хавотир, ортиқча ташвишга сабаб бўлувчи асаб бузилишига чалинганини айтиб, огоҳлантиргани йўқ”.
Карнеги сўзида давом этади: “Киши бутун дунё мулкини қўлга киритган тақдирда ҳам, фақатгина битта ётоқда ёта олади, холос. Кунда уч маҳалдан ортиқ овқатни ошқозони сиғдира олмайди. Шундай экан, бу одам билан ер ағдариб юрган деҳқон орасида қандай фарқ бор? Аксинча, деҳқон чуқурроқ уйқуга кетса керак, тўғрими? Бу каби бадавлат кишидан кўра деҳқон еяётган таомидан кўпроқ лаззат ола билади, унинг таъмини яхшироқ ҳис қилади, шундай эмасми?!”,
Барселоналик машҳур доктор Марко Альварес ўз тажрибалари билан бўлишиб, бундай дейди: “Маълум бўлишича, ҳар бешта беморимдан тўрттасининг касаллиги бирорта аъзо таъсирида эмас, аксинча, қўрқув, безовталаниш, ташвишланиш, асабийлашиш ҳамда киши ўзи ва ҳаёти ўртасидаги муносабат ҳамда мувозанатни йўқотганлигидан бўлади”.
Шоир Мансур бир шеърида бундай дейди:
Хоҳла бой бўл, хоҳ фақирликни эт ирода,
Ҳеч илож йўқ ғам бўлар албат бу дунёда.
Ҳар гал ошиб борса атрофингда неъматинг,
Қаршисида ортиб борар ғам устига ҳам ғаминг.
Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.