#Хатмона_2025 #Битирувчилар
Шу йил 11 июнь куни Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида 2021-2025 ўқув йилида таълим олган талабаларининг “Хатмона – 2025” битирув тадбири бўлиб ўтди.
Давлат мадҳияси янграгач, битирувчи курс талабаси Саидбурхон қори Фазлиддиновнинг Қуръон тиловати ва хайрли дуолари билан тадбир бошланди.
Дастлаб Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков сўзга чиқиб битирувчиларни табриклади. Сўнг Диний идора раиси ўринбосари Муҳаммадолим домла Муҳаммадсиддиқов муфтий, Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг битирувчиларга йўллаган табрикларини ўқиб эшиттирди.
Шундан сўнг Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Давронбек Махсудов, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ректори Музаффар Комилов битирувчиларни табриклаб сўзга чиқди.
Шунингдек, Тошкент ислом институти ректори Уйғун домла Ғафуровнинг битирувчиларга табрик сўзлари ҳам етказилди.
Маълумот ўрнида, Тошкент ислом институтини 2024-2025 ўқув йилида 78 нафар талаба тамомламоқда. Шундан 8 нафари аёл-қизлар саналади.
Oliymahad.uz
Қашқадарёда 15 жуфт ёшларнинг никоҳ ва 160 нафар болажоннинг суннат тўйлари ўтказиб берилди.
Президентимизнинг эътибори ва ташаббуси билан ўтказилган никоҳ ва суннат тўйини вилоят ҳокими Муротжон Азимов табрик сўзи билан очиб берди. Унда вилоят бош имом-хатиби Раҳматилло домла Усмонов, фахрийлар, зиёлилар иштирок этиб, тўй соҳиблари ва ҳомийлари ҳаққига хайрли дуолар қилишди.
Муротжон Азимов: "Тўй сабабчиларига ўзимизнинг самимий тилакларимизни билдирамиз. Тўйболаларимиз ота-оналарига фақат обрў ва раҳмат етказадиган, Ватан учун, миллат учун, халқ учун садоқат билан хизмат қиладиган мард ва олижаноб йигитлар бўлиб етишсинлар!
Ёшларимиз қураётган оилалар мустаҳкам бўлсин, келин-куёвларимиз бахтли-тахтли бўлиб, қўша қаришсин!".
Тўй муносабати билан келин-куёвларга замонавий телевизор ва 5 млн. сўмлик сертификат ҳамда суннат тўйи бўлаётган болажонларнинг ҳар бирига велосипед ва 1 млн. сўмлик моддий ёрдам бериш ҳақидаги ҳужжат тақдим этилди.
Ушбу тўй ёшларимизнинг ижтимоий ҳаётида муҳим аҳамиятга эга бўлиб, уларни оилавий ҳаётга муносиб киришишга ёрдам беради.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати