Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
29 Июн, 2025   |   4 Муҳаррам, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:07
Қуёш
04:53
Пешин
12:27
Аср
17:42
Шом
20:03
Хуфтон
21:46
Bismillah
29 Июн, 2025, 4 Муҳаррам, 1447

Ҳавзимда мен билан юзлашгунингизча, сабр қилинглар

13.06.2025   18319   5 min.
Ҳавзимда мен билан юзлашгунингизча, сабр қилинглар

Мусулмонлар Ҳунайн ғазотида ғалаба қозонишди. Ҳунайн ғазоти Шаввол ойида, ҳижратнинг саккизинчи йили, Макка фатҳидан сўнг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Ҳавозин ва Сақийф қабилалари ўртасида бўлиб ўтган эди. Жангда ғалаба қозонган мусулмонлар катта ғаниматга (ўлжага) эга бўлдилар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ғаниматларни қалби Исломга мойил бўлган янги мусулмонларга тақсимлаб бердилар. Қавмнинг катталари Абу Суфён, Уяйна, Ақраъ, Суҳайл ибн Амр ва бошқаларга ҳам бердилар.

Ваҳоланки, улар Қурайш мушрикларининг энг катталари бўлиб, узоқ йиллар Пайғамбаримизга қарши урушган кишилар эди. Ушбу ғаниматлар тақсимланишидан бир неча кун олдингина исломни қабул қилишган эди. Лекин Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ансорларга (Мадиналик саҳобаларга) ушбу ғаниматлардан ҳеч нарса бермадилар.

Ҳолбуки, улар Исломни ёйиш ва Пайғамбар алайҳиссаломни ҳимоя қилиш учун қонларини тўккан, жонларини фидо қилган кишилар эди. Бу ҳолат уларнинг қалбларига оғир ботди ва хасратланиб шундай дейишди: «Қиличларимизнинг тиғидаги душманнинг қони ҳали қотгани йўқ, аммо ғаниматлардан бошқалар баҳраманд бўлди. Бизга эса, ҳеч нарса берилмади».

Бу борада Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳу келиб Пайғамбаримизга бўлаётган гаплар хақида, одамларнинг қалбидаги хафаликни айтди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй Саъд, сен бу ҳақда нима дейсан?” дедилар. Саъд: Мен ҳам қавмим тарафидаман, деб жавоб берди. Шунда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: Қавмингни менинг ҳузуримга йиғ, дедилар. Улар тўпланганларидан кейин, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламжуда буюк, ниҳоятда таъсирли, қалбларни жумбушга келтирувчи, кўзларни ёшга тўлдирувчи хутба қилдилар.

У зот уларга мулойимлик ва муҳаббат билан қуйидагича мурожаат қилдилар: “Эй ансорлар! Мен сизларни гумроҳ ҳолда топмаганмидим? Аллоҳ таоло мен туфайли сизларни ҳидоят қилмадими? Сизлар тарқоқ ва пароканда эмасмидинглар, Аллоҳ таоло мен сабабли сизларни бирлаштирмадими? Сизлар фақир ва муҳтож эмасмидинглар, Аллоҳ таоло мен орқали сизларни бой қилмадими?”.

Ҳар сафар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам савол билан мурожаат қилганларида, улар: “Аллоҳ ва Унинг Расулидан миннатдормиз”, деб жавоб қайтаришарди.

Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Нима учун менга жавоб қайтармаяпсизлар? дедилар. Улар яна: Аллоҳ ва Расулидан миннатдормиз!, дейишди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Агар истасангиз, сизларнинг ҳам шундай дейишга ҳаққингиз бор: “Сиз бизнинг ҳузуримизга қавмингиз томонидан инкор қилинган ҳолда келдингиз, биз эса, сизни тасдиқладик. Сиз қавмингиз томонидан ёлғончига чиқарилган эдингиз, биз сизга ишондик, имон келтирдик ва сизга ёрдам бердик. Сиз ўз юртингиздан қувилдингиз, биз эса, сизга паноҳ бердик. Сиз муҳтож ҳолда келдингиз, биз эса, Сизни ўз мол-мулкимизга шерик қилдик”.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу сўзларни айтганларида улар: Аллоҳ ва Унинг расулигина бизларга миннат қилишга ҳақли, дейишди. Аслида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу сўзларни уларга тавозелик ва инсоф юзасидан айтган эдилар. Лекин, ҳақиқатан олганда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам миннат қилишга ҳақли эдилар, улар ҳар қанча миннатдор бўлсалар арзийди. Чунки агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Мадинага ҳижратлари бўлмаганида, уларнинг орасида яшамаганларида, уларнинг бошқалардан фарқлари бўлмас эди. Ансорларнинг шаъни юксалмас эди, қадрлари кўтарилмас эди.

Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга қараб: “Эй ансорлар! Нима деб ўйлайсизлар, бошқалар қўй ва туялар билан уйларига қайтсалар, сизлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан уйларингизга қайтишни истамайсизларми? Бундан розимасмисизлар?-дедилар.

Бу гапнинг нақадар улуғлиги, ансорларнинг қалбига етиб боришлигини билганлари учун ҳам Расулуллоҳ уларга ғаниматдан бермаган эдилар.

Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: “Агар ҳижрат қилмаганимда, албатта мен ансорлардан бўлар эдим, агар одамлар бир водийда юрсалар, мен ансорлар юрган йўллардан юрар эдим, ансорлар мен учун ички кийимимдек, бошқалар эса ташқи кийимимдек”, дедилар ва: “Аллоҳим ансорларга раҳматингни ёғдир, уларнинг фарзандларига ва фарзандларининг фарзандларига ҳам”, деб уларнинг ҳаққига дуо қилдилар.

Бу сўзларни тинглаган ансорларнинг кўзларидан ёшлар тўкилди, соқоллари хўл бўлди. Улар йиғлаган ҳолатда: Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни биз билан бўлишларига розимиз, бизнинг ғаниматимиз, бизнинг улушимиз бўлганларидан розимиз!” — дейишди.

Шундан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни келажакда бўладиган фитналардан огоҳлантириб шундай дедилар:

“Мендан кейин сизлар ўзингизга нисбатан адолатсизликни кўрасизлар, аммо сабр қилинглар. Менинг ҳавзимда мен билан юзлашгунингизча, сабр қилинглар!”.

 

Ҳомиджон қори ИШМАТБЕКОВ

Бошқа мақолалар

Луқмони Ҳакимнинг ҳикматли сўзларидан

27.06.2025   4220   3 min.
Луқмони Ҳакимнинг ҳикматли сўзларидан

1. Аллоҳга тақво қилишни тижорат деб бил, шунда у сенга молсиз фойда келтиради.

2. Ўзингни сенга муҳтож бўлмаган, лекин сен унга муҳтож бўлган кишининг ўрнига қўй.

3. Харсанг тошларни жойидан кўчириш, онгсиз одамга англатишдан осонроқдир.

4. Жаннатни талаб қилишда олий ҳимматли бўл.

5. Аллоҳдан шундай умид қилки, у билан Унинг макридан омонда бўлма ва Аллоҳдан шундай қўрқки, у билан Унинг раҳматидан умидсиз бўлма.

6. Мен ҳеч қачон сукутдан афсусланмадим. Агар гап кумуш бўлса, сукут — олтин.

7. Ҳикмат камбағалларни подшоларнинг мажлисларида ўтказган.

8. “Ё Роббим, мени мағфират қил” — деб кўп такрорла, зеро Аллоҳнинг бир соати борки, у вақтда сўровчи рад этилмайди.

9. Ким ёлғон гапирса, юзининг сувини (обрўйи) кетади, кимнинг хулқи ёмон бўлса, ғам-ташвиши кўпаяди.

10. Аллоҳдан қўрқ, лекин қалбинг фожир бўлатуриб, одамлар сени ҳурмат қилишлари учун ўзингни уларга Аллоҳдан қўрқадиган қилиб кўрсатма.

11. Амал фақат яқиний ишонч (эътиқод) билангина мукаммал бўлади, кимнинг эътиқоди заиф бўлса, амали ҳам заиф бўлади.

12. Ёлғон гапиришдан эҳтиёт бўл, зеро у пиширилган чумчуқ гўшти каби иштаҳалидир, лекин кўп ўтмай  эгасини ичини ёндиради.

13. Мажлисни кўзинг билан кўриб танла, агар Аллоҳ зикр қилинадиган мажлис бўлса, у ерда ўтир. Агар олим бўлсанг, илминг наф беради, агар жоҳил бўлсанг, сенга ўргатишади, агар Аллоҳ у мажлисга раҳматини нозил қилса, сен ҳам шу раҳматдан баҳраманд бўласан.

14. Қарздорликдан эҳтиёт бўл, чунки у кундузи хорлик ва тунда ғамдир.

15. Тўқлик устига овқат емагин —  чунки ундай таомни егандан кўра итга ташлаган яхшироқ.

16. Агар шайтон сенга шубҳа ва гумон орқали келса, уни яқиний ишонч ва насиҳат билан енг, агар у танбаллик ва зерикиш томонидан келса, қабр ва қиёматни эслаб енг, агар у хоҳиш ва қўрқув томонидан келса, унга дунё тарк этиладиган ва қолдириладиган нарсадир, деб айт.

17. Тилингдан чиққан гапларга эҳтиёт бўл, сукут қилган киши омонда бўлади, фақат фойдаси бор гапларни гапир.

18. Юзингни ниқоблашдан (яъни шубҳали қиёфадан) сақлан — чунки, у кечаси одамларни қўрқитади, кундузи эса хўрлик келтиради.

19. Мен тош, темир ва оғир юкларни кўтардим, аммо ёмон қўшнидан оғирроқ нарсани кўрмадим.

 

Ҳомиджон қори ИШМАТБЕКОВ