Шу йил 13 июнь куни “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юртида “Хатмона – 2025” битирув тадбири ўтказилди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон Ишматбеков, Диний идора раис ўринбосари Муҳаммадолим Муҳаммадсиддиқов, Дин ишлари бўйича қўмитанинг таълим бўлими ходими Элёр Алимқулов, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ректори Музаффар Комилов, фахрий устозлар, ота-оналар ва бошқа меҳмонлар иштирок этди.
Дастлаб тадбирни “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти мудири Маъмуржон Эркаев кириш сўзи билан очиш баробарида битирувчиларнинг 4 йил давомида эришган ютуқлари ҳақида маълумот берди.
Шундан сўнг Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон Ишматбеков ўз нутқида “Исломда таълимнинг моҳияти” ва “Юртимизда таълим-тарбияга оид амалга оширилаётган ислоҳотлар" мавзусида сўз юритди.
Тадбир давомида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Муҳаммадолим Муҳаммадсиддиқов Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг табригини ўқиб эшиттирди.
Сўнгра Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ректори Музаффар Комилов битирувчилар, уларнинг устоз ва яқинларини табриклади.
Мазкур тадбирда жами 250 нафарга яқин меҳмон қатнашди. Тадбир сўнгида Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва унинг тасарруфидаги “Вақф” ҳайрия жамоат фонди тарафидан 11 нафар билим юрти мударриси тақдирланди. “Кўкалдош” ўрта махсус ислом юрти тарафидан эса 21 нафар талабага йил сарҳисоби бўйича мақтов ёрлиқлари топширилди.
Маълумот ўрнида 2024-2025 ўқув йилида “Кўкалдош” ўрта махсус ислом юртини жами 72 нафар битирувчи тамомлади. Шунингдек, таълим муассасасида 16 июндан бошлаб икки ҳафта мобайнида якуний имтиҳонлар ўтказилади.
Тадбири якунида Ҳомиджон домла Ишматбеков юртимиз ривожи ва халқимиз равнақини тилаб хайрли дуолар қилиб берди.
Саидазимхон САИДАКРАМОВ,
“Кўкалдош” ўрта махсус
ислом билим юрти мударриси
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида Кенгайтирилган Илмий кенгаш ҳамда Президент Шавкат Мирзиёев ғояси ва ташаббуси билан пойтахтда бунёд этилаётган мегалойиҳа музей экспозицияси ва кутубхона фондини шакллантириш, унинг расмий очилиш маросимини юқори савияда ташкил этиш бўйича Ишчи гуруҳ ва кичик ишчи гуруҳларининг навбатдаги қўшма йиғилиши бўлиб ўтмоқда
Кенгаш учрашувида қуйидаги масалалар муҳокама қилиниши режалаштирилган:
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг расмий очилиши;
“Ўзбекистоннинг маданий мероси — бутун инсоният мулки” мавзусидаги Глобал кўргазмани ташкил этиш;
“Буюк ўтмиш мероси – маърифатли келажак пойдевори” мавзусидаги IX Халқаро конгрессга тайёргарлик;
Ислом олами таълим, фан ва маданият ташкилоти – ICESCO (АЙСЕСКО) билан ҳамкорликда халқаро конференция ўтказиш;
“1001 кашфиёт” болалар кўргазмасини ўтказиш;
“114 Қуръон” ва “Ўзбекистон картографияси” нашр лойиҳалари тақдимоти;
Шунингдек, “Тирик тарих”, “Кутубхона”, “Тарихий шахслар панорамаси” порталлари, мультимедиа ва рақамли лойиҳалар, Имом Бухорий ҳақидаги фильм ва кинохроникалар тақдимоти шулар жумласидандир.
Ислом цивилизацияси маркази Ахборот хизмати