Ҳанафий мазҳабида имомга иқтидо қилувчи имом орқасида хоҳ жаҳрий намозда, хоҳи махфий намозда қироат қилмайди.
Бунга далил Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг сўзларидир: «Кимнинг имоми бўлса, бас, имомнинг қироати унинг ҳам қироатидир», деб айтганлар.
Мана шунга саҳобаи киромлар ҳам ижмоъ қилишган. Яна бир ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом дедилар: «Қачон қироат қилинса, бас, жим туринг!» Имом Муслим ривояти.
Абу Ҳанифа ва Абу Юсуф розиялоҳу анҳумлар наздида: Имомга иқтидо қилган кишининг қироат қилиши макруҳ бўлади, бундан мурод макруҳи таҳримийдир.
Чунончи, Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу бундай деганлар: «Кимки имом орқасида қироат қилса, батаҳқиқ, суннатни хато бажарибди!»
Шундай экан имомга эргашувчи ҳар бир намозхон имомга иқтидо қилиб эргашдими, имомни қироатини эшитиши ва сукут сақлаб жим туриши керак бўлади. Шунда адо этиладиган ибодатлар мукаммал, бехато бўлади.
Ҳанафий мазҳабининг масаласига биноан, фиқҳий матн китоблари кўрсатмасига амал қилган ҳолда барча намозларда имом орқасида муқтадий жим туриши талаб этилади. Акс ҳолда, макруҳи таҳримий ишни қилиб қўйиш мумкин.
Абдуғаффор Нишонов,
Поп тумани "Сой" жоме масжиди имом-хатиби
Манба: @Softalimotlar
Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 34 йиллиги арафасида “Ватан учун, миллат учун, халқ учун!” шиори остида маънавий-маърифий тадбирлар бўлиб ўтмоқда.
Хусусан, Қашқадарё вилоятида ҳам ана шундай тадбирлардан бири ўтказилди. Унда аҳоли ўртасида тинчлик ва тотувлик ғояларини кенг тарғиб қилиб, ёш авлодни маънавий поклик, ватанпарварлик ва ҳалоллик руҳида тарбиялашга муносиб ҳисса қўшаётган, ёшларимиз қалбида маънавий бағрикенглик ва юртга муҳаббат туйғуларини мустаҳкамлашда муносиб ҳисса қўшиб келаётган бир гуруҳ имом-хатиблар:
Мансуров Яҳё – Қарши шаҳар бош имом-хатиби;
Муродуллаев Исо – Қарши тумани “Сарой” масжиди имом-хатиби;
Нуриддинов Муродуллахон – Қамаши тумани “Қоратепа” масжиди имом-хатиби;
Жўраев Валижон – Миришкор тумани “Гулистон” масжиди имом-хатиби;
Мухторов Фазлиддин – Шаҳрисабз шаҳар бош имом-хатиби;
Шоимов Нормурод – Китоб тумани “Севаз” масжиди имом-хатиби.
Қашқадарё вилояти ҳокимининг Фахрий ёрлиғи ва эсталик совғалари билан тақдирланди.
Шунингдек, футбол бўйича Қашқадарё вилояти вакиллиги кубоги учун финал учрашуви ўтказилиб, ғолиблар муносиб тақдирланди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Қашқадарё вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати