Бир йигит масжидга келиб бироз ўтиргач, имомга эътироз билдирди:
– Энди масжидга келиб ўтирмасак ҳам бўларкан...
Имом ундан нима учун бундай деганининг сабабини сўради. Йигит ён-атрофдаги ҳамма одам телефонга қараб ўтиргани, баъзилари ўзаро гаплашаётгани учун шу гапни гапирганини айтди.
Имом бироз ўйлаб тургач, бундай деди:
– Яхши, эътирозинг ўринли. Мен бу ҳақда одамларга эслатиб турибман. Лекин сен энди масжидга келмоқчи бўлмасанг бир иш қилиб кет.
Йигит рози бўлди. Имом унга бир пиёлани тўлдириб сув берди ва шу сувни бир томчи ҳам тўкмасдан масжиднинг ичини бир айланиб чиқишини илтимос қилди. Йигит бор диққат-эътиборини жамлаб, оҳиста қадамлар билан, икки кўзини пиёладан узмаган ҳолда вазифани муваффақиятли адо этди.
Имом унга деди:
– Баракаллоҳ! Энди менга айт-чи, сен шу топшириқни бажараётганингда кимлар гапириб ўтирди, кимлар телефонига қаради?
Йигит жавоб берди:
– Мен қаердан билай, ахир бутун диққатим сувни тўкиб қўймасликда эди.
Имом деди:
– Ана кўрдингми? Сен топшириқни бажараётганингда бутун фикру ҳаёлингни бир жойга жамладинг. Аллоҳнинг ҳузурида турганимизни ҳис қилиб, хаёлимизни ибодатга, Унинг зикрига қаратсак, бошқаларнинг хатосини кўришга вақтимиз ҳам қолмайди. Албатта, кимдир хато қилса бу сенинг ҳидоятдан юз буриб кетишингга сабаб бўлмаслиги керак. Чунки хато динники ё масжидники эмас, балки банданики...
Йигит ўйлаб кўриб, хато қилганини тушунди. Кейинги жамоат намозларида хушу билан қатнашишда давом этди.
Акбаршоҳ РАСУЛОВ
Россия Федерацияси ҳудудида вақтинча бўлиб турган фуқароларимиз билан доимий мулоқотни қўллаб-қувватлаб туриш, уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, маърифий суҳбатлар ўтказиш мақсадида жорий йилнинг 29 июнь – 2 июль кунлари Ўзбекистон Республикаси делегацияси Владивосток шаҳрида хизмат сафарида бўлишди. Делегация таркибида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири ўринбосари О.Абдуллаев, Ўзбекистон Республикасининг Россия Федерациясидаги фавқулодда ва мухтор элчиси Б.Асадов, Ўзбекистон Республикасининг Россия Федерациясидаги Бош консули М.Хайриддинов каби нуфузли вакиллар қаторида Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакили Иброҳимжон домла Иномов ҳам иштирок этди.
Сафар давомида Россия Федерацияси Ички ишлар вазирлигининг Владивосток шаҳридаги паспорт-виза хизматида, Владивосток, Хабаровск шаҳарларидаги ўзбек диаспораси раҳбарлари ва Приморск ўлкасидаги ўзбек диаспораси вакиллари, ўзбекистонлик талабалар, турли хизматларда фаолият кўрсатаётган мигрантлар билан, Владивостокдаги “Владторг” савдо компаниясида, Владивостокда ООО “Виктория” қурилиш фирмасида, Приморск ўлкасидаги “Доброфлот” балиқовлаш компанияси заводларида хизмат қилаётган ватандошларимиз билан самимий суҳбатлар ўтказилди.
“Миллий ва диний қадриятларимиз”, “Ақидада адашмайлик!”, “Ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш одоби”, “Исломда бағрикенглик”, “Исломда ватанпарварлик тушунчаси” каби мавзуларда ўтган суҳбатлардан юртдошларимиз керакли тушунчалар ҳосил қилиб, мамнун бўлишди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати