Савол: Ҳадисда “Ким Ашуро куни аҳли аёлига кенглик яратса, Аллоҳ унга йил бўйи кенглик яратади”, дейилганини ўқидим. Ҳадисдаги ушбу кенгликдан мурод нима?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Ҳақиқатда, ҳадиси шарифларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Кимки Ашуро кунида аҳли аёлига кенглик қилса, Аллоҳ унга йил давомида кенглик қилади", деб марҳамат қилганлар (Имом Табароний ривояти).
Уламолар мазкур ҳадислардаги кенгликни еб ичиш, кийим-кечак ва бошқа нарсаларда кенглик қилишни ирода қилинган деганлар. Яъни одамлар шу куни оила аъзоларига худди байрамлардаги каби, балки ундан ҳам яхшироқ мўл-кўлчилик қилиб берсалар, Аллоҳ таоло уларга йил давомида кенгчилик қилади, деб тушуниш мумкин. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: «(Умрида) асло яхшилик қилмаган бир киши ўз аҳлига: «Ўлсам, (жасадимни) куйдириб, ярмини қуруқликка, ярмини денгизга сочиб юборинглар. Аллоҳга қасамки, агар Аллоҳ мени топиб олса, ҳеч кимга бермаган азоби билан азоблайди», деди.
Ўша одам ўлгач, буюрганидек қилишди. Аллоҳ қуруқликка буюрди, у (кулнинг) ўзидаги қисмини тўплади, сўнг денгизга буюрди, у ҳам унинг ўзидаги қисмини тўплади. Кейин У Зот: «Нега бундай қилдинг?» деди. У: «Сендан қўрққанимдан, ё Роббим! Ахир Ўзинг билгувчисан!» деди. Шунда Аллоҳ уни мағфират қилди» (Имом Муслим ривояти).