- Аввало, ижтимоий тармоқларга киришдан мақсадингиз шунчаки вақт ўтказиш, эрмак эмас, балки бошқаларга манфаат улашиш, улардан манфаат олиш, илмни ошириш, яхшиликка чорлаб, ёмонликдан қайтариш;
- Фаҳш, ҳаром, бошқаларга тегишли расм ва видеоларини тарқатиш тийилиш;
- Динни, уламоларни, шахсларни, халқларни камситадиган, обрў тўкишга қаратилган мақола, расм ва видеоларни пост қилиб қўйманг;
- Фойдасиз тортишувларга киришманг;
- Миш-миш айтувчи, тарқатувчи бўлманг! Маълумотларни тарқатишдан олдин текшириб, аниқлаштиринг;
- Постларингиз билан одамларга илм-маърифат, яхшилик улашишга интилинг ва бу ишларнинг барчасини Аллоҳ таолонинг розилиги учун қилинг;
- Ёзаётган, юбораётган, улашаётган ҳар бир сўзингиз охиратда сизнинг зарарингизга эмас, фойдангизга гувоҳлик берадиган сўз бўлишига диққат қилинг;
- Ижтимоий тармоқлардан меъёрида фойдаланинг! Ибодатни адо этиш, оиланинг нафақаси, силаи раҳм, қўшнига яхшилик қилиш каби зиммангиздаги масъулиятларингизни унутиб қўйманг;
- Постларга “ёқди” тугмасидан босишдан олдин бу иш иймонингизга футур етказадими ёки йўқми, аниқлаб олинг! Гуноҳ бўлган постларга “ёқди” тугмасини босиш иймонга салбий таъсир этади;
- Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларингизни охиратда Аллоҳ таолонинг ҳузурида, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларида хижолат бўлиб қолмайдиган тарзда юритинг!
Норин тумани “Абу Исо ат-Термизий” жоме масжиди
имом-хатиби Махмудов Ёсинхон.
Манба: @SOFTALIMOTLAR
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ўғил ҳар ойлик маошини онасига топширар, унинг юзидаги табассумни кўриб, ўзини дунёдаги энг бой инсон деб ҳисобларди.
Йиллар ўтиб, онаси оламдан ўтди. Навбатдаги маошини олган ўғил бир зум не қиларини билмай қолди-ю, бир қарорга келди: «Пулларни онамнинг номидан эҳсон қиламан».
Шу кундан эътиборан, у ҳар ой масжидларга сув куллерлари ўрнатишни одат қилди. Намозхонлар сув ичиб, онасининг ҳақига дуо қилишларидан қалби таскин топарди.
Кунлардан бир кун маҳалла масжидида янги куллер ўрнатилганини кўриб, «Аттанг, бу сафар кечикдим-а», деб ўкинди. Шунда ёнига имом келиб:
– Хайрли ҳадя учун раҳмат, – деди.
– Узр, адашдингиз, шекилли. Буни мен олиб келмадим...
– Йўқ, адашмадим. Буни сизнинг номингиздан ўғлингиз келтирди.
Орқасига ўгирилган ота жилмайиб турган ўғлига кўзи тушди.
– Болам, бунга пулни қаердан олдинг? – ҳаяжондан кўзлари ёшланди отанинг.
– Ота, анчадан бери менга берадиган пулларингизни йиғиб юргандим. Сиз бувижоним учун хайрли иш қилаётганингизни кўриб, мен ҳам сиз учун шундай қилишни истадим.
Отанинг кўзларидан қувонч ёшлари сизиб чиқди. У ўғлига насиҳат қилмаган, шунчаки ўз амали билан намуна бўлганди.
Ҳа, фарзандлар эшитган гапларини унутиши мумкин, аммо кўрган амалларини ҳеч қачон унутмайди. Бугун ота-онамизга қилган яхшилигимиз эртага фарзандларимиздан албатта қайтади.
Акбаршоҳ РАСУЛОВ