Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бир куни Умар розияллоҳу анҳу масжидга чиқдилар, у ерда Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қабрлари ёнида йиғлаб турган ҳолда кўрдилар.
Умар разияллоҳу анҳу ундан: "Эй Муоз, нима учун йиғлаяпсан?" деб сўрадилар.
Шунда Муоз розияллоҳу анҳу жавоб бердилар: "Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитган бир ҳадис туфайли йиғлаяпман. У зот алайҳиссалом айтган эдилар: "Риёнинг озгинаси ҳам ширкдир. Кимки Аллоҳнинг дўстларига душманлик қилса, билиб қўйсинки, у Аллоҳга қарши уруш очибди. Албатта, Аллоҳ таоло аброр, тақводор, ўзини пинҳон тутадиган бандаларни яхши кўради. Улар шундай кишиларки, йўқликларида, ҳеч ким уларни ахтармайди, ҳозир бўлганларида ҳам ҳеч ким уларни танимайди. Уларнинг қалблари ҳидоят чироғларидир. Улар ҳар қандай қоронғу ва ғуборлик ҳолатдан йўл топиб чиқа оладилар".
Ҳомиджон қори ИШМАТБЕКОВ
Сайёр йиғилиш
Икки ҳожи суҳбатидан:
– Ассалому алайкум, саломатмисиз?
– Ваалайкум ассалом, раҳмат, алҳамдуллилаҳ.
– Йўл бўлсин!
– Бугун «Ҳилол» масжидида сайёр йиғилиш ўтказиларкан. Зайниддин домла келарканлар.
– Шошманг, мен бехабар қолибман.
– Юраверинг....
* * *
Бугун Олмалиқ шаҳридаги «Ҳилол» жоме масжидида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов бошчиликларида сайёр йиғилиш бўлиб ўтди.
Тадбирда Тошкент вилояти бош имом-хатиби Дониёр домла Икромов, шаҳар бош имом-хатиби, имомлар, отинойилар, «Ҳаж 2025» ҳожилари, маҳалла фаоллари иштирок этди.
Тадбирдан сўнг шаҳардаги маҳаллаларга чиқилиб, оилалар ўрганилди. Ажрим ёқасида турган ёшлар яраштирилди, спиртли ичимликка ружу қўйган кишилар билан якка тартибда суҳбатлар ўтказилиб, уларга йўл-йўриқлар кўрсатилди, тавсиялар берилди.
Шаҳардаги масжидлар имом-хатиблари ҳам тадбирда фаол қатнашдилар.
Шундан сўнг яна «Ҳилол» масжидига қайтилиб, амалга оширилган ишлар кўриб чиқилиб, келгусидаги режалар белгилаб олинди.
Хайрли дуолар билан сайёр йиғилиш ниҳоясига етди.
* * *
– Йиғилиш жуда самарали бўлди. Кўплаб оилаларга кирилиб, ҳол сўралгани кўнгилдагидек иш бўлди-да.
– Шундай хайрли ишлар бошида турган азиз инсонлар барака топишсин...
Тошкент вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати