Ислом дини одамларнинг тафриқага бўлинишни қоралайди. Минтақамиз ва юртимиз мусулмонлари Қуръон ва ҳадисдаги ақидавий ва фиқҳий масалаларни тушунишда Аҳли сунна вал жамоанинг мотуридий ақидаси ва ҳанафий мазҳабидалар.
Аҳли сунна вал жамоа ислом тарихининг барча даврларида мусулмонларнинг катта қисмини ташкил қилган. Афсуски, ҳозирги кундаги ўзини Аҳли сунна вал жамоаданман деб даъво қиладиган кимсаларнинг айтаётган гаплари ва тутаётган йўллари суннатга зид ҳисобланади. Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло ҳам Қуръони каримда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини маҳкам ушлашни алоҳида буюрган:
“Пайғамбар сизга нимани берса, ўшани олинглар ва нимадан қайтарса, ўшандан қайтинглар" (Ҳашр сураси, 7-оят).
Демак, "Аҳли сунна вал жамоа"дан ажрамаслик лозим экан. "Ким жаннатнинг қоқ ўртасини ирода қилса, жамоатни лозим тутсин" дейилган.
Жамоатдан ажраб қолиш оқибати ҳам саҳиҳ ҳадиси шарифларда ўз аксини топган. Жумладан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Кимки жамоатдан бир қарич ажралса, ўладиган бўлса, фақатгина жоҳилият ўлими ила вафот этади!” (Имом Бухорий, Муслим ривояти).
Ҳар бир фирқа вакиллари ўзларини аҳли сунна вал жамоа вакили деб билади ва ўзларининг гуруҳларидан бошқаларни бу йўлдан айрилган, деб билади. Чунки, ҳар қандай фирқа ва оқимнинг бир неча юзлаб, балки минглаб ва миллионлаб вакиллари бўлиши мумкин ва бу ўзига хос жамоатни юзага келтиради, албатта.
Аҳли сунна вал жамоа айтганимиздек, мусулмонларнинг мутлақ кўпчилиги бўлганлар ва суннатга амал қилиб келган мусулмонларнинг катта жамоасини ташкил қилади.
Шундай экан, Аллоҳ таоло барчаларимизни, хусусан ёшларни туғри йўлда собит қадам қилсин.
Косонсой туман бош имом-хатиби Азизов Қодирхон
Манба: @Softalimotlar
Инсонга меҳр кўрсатиш, муҳтожнинг ҳолидан хабар олиш, беморга тасалли бериш ва эҳтиёжмандларга кўмак қўлини чўзиш халқимиз маънавиятининг азалий фазилатларидандир. Ислом таълимотида ҳам саховат, меҳр-оқибат ва инсон қадрини улуғлаш энг улуғ амаллардан бири сифатида эътироф этилган. Чунки бир инсоннинг кўнглини кўтариш, унинг қалбига умид ва ишонч бағишлаш жамиятда меҳр-муҳаббат, ҳамжиҳатлик ва тотувликни мустаҳкамлайди.
Шу эзгу қадриятларни ҳаётга татбиқ этиш, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини қўллаб-қувватлаш ва юртдошларимиз қалбида меҳр-шафқат туйғуларини янада кучайтириш мақсадида 2026 йил 13 август куни Самарқанд вилояти Ургут туманида кенг кўламли маънавий-маърифий ҳамда хайр-саховат тадбирлари ўтказилди.
Мазкур хайрли тадбирларда Самарқанд вилояти бош имом-хатиби вазифасини вақтинча бажарувчи Нурсултонхон домла Абдуманнонов, вилоят бош имом-хатиби ўринбосари Хайрулло домла Саттаров, ВАҚФ хайрия жамоат фонди Самарқанд вилояти филиали раҳбари Ёқубжон домла Мансуров, унинг ўринбосари А.Султонов, шаҳар ва туман бош имом-хатиблари, «Ҳаж–2026» зиёратчилари, маҳалла фаоллари ва нуронийлар иштирок этдилар.
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан ўтказилган ушбу хайрли акция доирасида ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган ва боқувчисидан айрилган 300 та оила ҳолидан хабар олинди. Уларнинг хонадонларига ташриф буюрилиб, турмуш шароитлари ўрганилди, оилаларга зарур озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди.
Ташрифлар давомида бемор ва кексаларнинг ҳолидан хабар олиниб, улар билан самимий суҳбатлар ўтказилди. Уларнинг ҳаққига шифо, хонадонларига файзу барака, юртимизга тинчлик-хотиржамлик тилаб дуолар қилинди. Зеро, муҳтожнинг кўнглини кўтариш ва уни ёлғиз эмаслигини ҳис эттириш ҳам инсонпарварликнинг юксак кўринишидир.
Шу билан бирга, ҳаётида турли ижтимоий қийинчиликларга дуч келган ҳамда ёт ғоялар таъсирига тушиб қолиш хавфи мавжуд бўлган айрим фуқаролар билан якка тартибда мулоқотлар ташкил этилди. Суҳбатларда соф эътиқод, оила муқаддаслиги, фарзанд тарбияси, ҳалол меҳнат, Ватанга садоқат, миллий ва диний қадриятларга ҳурмат, шунингдек, турли бузғунчи ғояларга нисбатан маънавий иммунитетни мустаҳкамлаш масалалари ҳаётий мисоллар асосида тушунтирилди.
Тадбирлар доирасида Ургут туманидаги жоме масжидларда пешин намозидан сўнг маънавий-маърифий учрашувлар ҳам ўтказилди. Уларда меҳр-оқибат, қўни-қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш, ёшларни миллий ва диний қадриятларга содиқлик руҳида тарбиялаш, оила тинчлигини асраш, жамиятда ўзаро ҳурмат ва аҳиллик муҳитини қарор топтириш каби долзарб мавзулар атрофлича ёритилди.
Учрашувлар якунида мамлакатимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги, Ватанимиз равнақи ва ёш авлоднинг илмли, одобли ҳамда ватанпарвар инсонлар бўлиб вояга етиши ҳақида хайрли дуолар қилинди.
Бугун юртимизда инсон қадрини улуғлаш, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, жамиятда меҳр-саховат ва ўзаро ғамхўрлик муҳитини қарор топтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ургут туманида ўтказилган мазкур хайрли тадбирлар ҳам ана шу эзгу мақсадларга хизмат қилиб, аҳоли ўртасида ҳамжиҳатлик, бағрикенглик ва инсонпарварлик туйғуларини янада мустаҳкамлади.
Меҳр бор жойда ишонч, саховат бор жойда барака, инсон қадри улуғланган жамиятда эса тинчлик ва фаровонлик қарор топади. Ана шундай эзгу амаллар халқимиз ўртасидаги бирдамлик ришталарини мустаҳкамлаб, юртимизнинг янада обод ва файзли бўлишига хизмат қилади.
Самарқанд вилояти вакиллиги матбуот хизмати