Аллоҳ таоло айтади: "Лекин Аллоҳ уларнинг отланишларини ёқтирмай, тутиб қолди", (Тавба сураси, 46-оят).
Аллоҳ сизни дин ишларига хизматчи қилиб олган бўлса, демак, қалбингизга қараб, рози бўлибди. Оддий бир инсон ўз ишларида уқувсиз кимсаларни ишлатгиси келмайди-ку, Аллоҳ ишлатади дейсизми?
Аллоҳнинг йўлидан узоқ бўлган одам борки, албатта, Аллоҳ унинг ичидан бохабарлиги учун рози бўлмаган. Машҳур одамларга ҳавас қилманг. Улар арзимаган ишлар билан машғуллар. Аллоҳ уларни яхши кўрганида, ўзига ходим қилиб олган бўларди.
Заррача савоб иш қилмаган миллиардерларга ҳавас билан қараманг. Аллоҳ уларни яхши кўрганида, улардан юз ўгирмаган бўларди.
"Расаилу минал Қуръан" асаридан
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: «(Умрида) асло яхшилик қилмаган бир киши ўз аҳлига: «Ўлсам, (жасадимни) куйдириб, ярмини қуруқликка, ярмини денгизга сочиб юборинглар. Аллоҳга қасамки, агар Аллоҳ мени топиб олса, ҳеч кимга бермаган азоби билан азоблайди», деди.
Ўша одам ўлгач, буюрганидек қилишди. Аллоҳ қуруқликка буюрди, у (кулнинг) ўзидаги қисмини тўплади, сўнг денгизга буюрди, у ҳам унинг ўзидаги қисмини тўплади. Кейин У Зот: «Нега бундай қилдинг?» деди. У: «Сендан қўрққанимдан, ё Роббим! Ахир Ўзинг билгувчисан!» деди. Шунда Аллоҳ уни мағфират қилди» (Имом Муслим ривояти).