Фестиваль иштирокчилари томонидан Яман, Яқин Шарқ, Жанубий Осиё, ҳатто Ўзбекистон ошхоналарига хос кабоб, бургер, дуккаклик маҳсулотларидан тайёрланган таомлар (фалафул) ва турли хил ширинликлар таклиф этилади.
Ушбу тадбир Атланта мусулмонлари фестиваллари уюшмаси томонидан ташкиллаштирилмоқда. Фестиваль айни пайтда шаҳардаги АҚШ божхона ва миграция сиёсатига қарши норозилик намойишлари орасида муҳожирлар маданиятини нишонлаш имконини ҳам яратади.
Фестиваль ташаббускорларидан бири — Ҳасанейн Лакҳани бундай деди:
“Атланта шаҳрида илк ҳалол овқат фестивалини ўтказиш — жуда ҳам ҳайратланарли ва ажойиб фикрдир. Мен бу шаҳарда доимий истиқомат қилувчи сифатида мусулмон жамоасига яқинлигимни ҳар доим ҳис қилганман. Рамазон овқат фестиваллари каби кичик тадбирлардан то ошхона ва кўчмас мулк соҳаларидаги фаолиятгача иштирок этиб келаман”.
Унинг таъкидлашича, фестиваль – мусулмонлар ва мусулмон бўлмаганлар учун бир жойда тўпланиб, шаҳарнинг маданий хилма-хиллигини нишонлаш, шу билан бирга мусулмонлар турмуш тарзи ва ҳалол таомлар билан танишиш имконини беради.
Лакҳани Атланта яқинидаги Лоренсвилл шаҳрида жойлашган “BurgerFi” ресторани соҳибидир. У, шунингдек, ушбу ресторан — Грузия штатидаги ягона ҳалол сертификатига эга бургер шоҳобчасидир.
Илёсхон Аҳмедов,
тайёрлади.
Россия Федерацияси ҳудудида вақтинча бўлиб турган фуқароларимиз билан доимий мулоқотни қўллаб-қувватлаб туриш, уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоялаш, ҳуқуқий онгини ошириш, маърифатини зиёда қилиш бўйича суҳбатлар ўтказиш мақсадида Ўзбекистон делегациясининг Татаристон ва Бошқирдистонга хизмат сафари уюштирилди.
Президент Администрациясининг топшириғи ижросига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири ўринбосари О. Абдуллаев бошчилигида юртимизнинг Россия Федерациясидаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Б.Асадов, Бош консули М.Хайриддинов ва бир қатор тегишли ташкилотлар вакилларидан ташкил топган делегация таркибида Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакили Иброҳимжон Иномов ҳам иштирок этди.
Ватандошларимиз билан “Ота-онани рози қилиш – фарзандлик бурчи”, “Ҳалол касб – барака калити”, “Миллий ва диний қадриятларимиз”, “Оилада фарзанд тарбияси”, “Ақидада адашмайлик!”, “Ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш одоби”, “Исломда бағрикенглик”, “Исломда ватанпарварлик тушунчаси” мавзуларида суҳбатлар ўтказилди. Ҳар қандай диний мавзудаги маълумотлар борасида Ўзбекистон мусулмонлари идорасига тегишли расмий интернет тармоқлардан фойдаланиш тавсия этилди. Турли диний оқимлардан эҳтиёт бўлиш зарурлиги – ҳам шариат кўрсатмаси, ҳам замон талаби экани таъкидланди.
Россия мусулмонлари марказий диний идораси раиси, муфтий Талгат Сафа Таджуддин ҳазрат делегация аъзоларини қабул қилиб, Ўзбекистон халқига меҳри ўзгача эканини билдирди. Учрашув давомида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг саломи эсдалик ҳадялари тақдим этилди. Муфтий Талгат Сафа Таджуддин ҳазрат меҳмонларни Диний идора ва унинг қошидаги Россия ислом университети билан таништириб чиқди.
Хизмат сафари давомида ватандошларимиз билан бўлган суҳбатларда бугун мамлакатимизда қилинаётган ишлар тўғрисида тўхталиниб, юрт тинчлиги, халқ фаровонлиги ва саломатлиги, динимиз равнақи йўлидаги ислоҳотлар, янгиликлар ҳақида ҳам айтиб ўтилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати