Словения пойтахтидаги Ислом маданияти марказида ўтказиладиган ушбу тадбир мамлакатдаги энг муҳим исломий йиғинлардан бири бўлиб, турли ёшдаги талабалар, ота-оналар ва арабшунослик бўйича ўқитувчиларни жалб қилди.
Бу йилги танлов «Қуръон ва суннатда мусулмоннинг ахлоқи» мавзусидаги саккизта йўналиш бўйича ўтказилди. Иштирокчилар Қуръони Каримнинг маълум сураларини ёд олиш, сийрат ва саҳобалар ҳаёти, Ислом арконлари ва одоб-ахлоқи бўйича беллашдилар.
Тадбир ҳар йили Словениядаги Ислом ҳамжамияти томонидан ўтказилади, унда мамлакат бўйлаб 18 та Қуръон ўрганиш марказлари иштирок этади. Бу марказларда ҳар ҳафта Қуръон ёд олиш, Набий алайҳиссалом сийратлари ва ахлоқий таълимотлар бўйича дарслар ўтказилади.
#янгилик
@quranuz_kanali
Покистоннинг “Associated Press of Pakistan” ахборот агентлигида I Халқаро ислом цивилизацияси форуми якунларига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Мақолада шу йилнинг 7–11 июль кунлари Ўзбекистонда Ислом цивилизацияси бўйича биринчи халқаро форум бўлиб ўтгани, анжуман якунида форум иштирокчилари Президент Шавкат Мирзиёев номига мурожаат йўллагани таъкидланган.
Қайд этилганидек, мурожаатда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси ва бевосита қўллаб-қувватлови билан ташкил этилган ушбу форум нафақат нуфузли илмий анжуман, балки инсониятнинг умумий маънавий ва интеллектуал меросини асрашга қаратилган глобал ҳамкорликнинг янги босқичини бошлаб берган тарихий воқеа сифатида баҳоланган.
Мурожаатда форумнинг Тошкент, Самарқанд ва Термиз каби буюк цивилизация марказларида ўтказилгани чуқур рамзий аҳамиятга эга экани қайд этилиб, айнан шу заминда жаҳон илм-фани тараққиётига улкан ҳисса қўшган алломалар етишиб чиққанлиги алоҳида таъкидланган.
“Форум иштирокчилари БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида Президент Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказини ташкил этиш ташаббусини сўнгги ўн йилликдаги энг муҳим халқаро гуманитар ташаббуслардан бири сифатида эътироф этди. Улар мазкур марказ келгусида жаҳоннинг етакчи олимларини бирлаштирувчи йирик халқаро илмий-маърифий масканга айланишига ишонч билдирди”, — дея фикр юритилган материалда.
Мақолада ёзилганидек, Ўзбекистонда тарихий меросни асраш, фундаментал илм-фанни ривожлантириш ва цивилизациялар мулоқотини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар юксак баҳоланган.
Хусусан, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий ёдгорлик мажмуаси, Имом Бухорий, Имом Мотуридий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари ҳамда Халқаро ислом академияси фаолияти ушбу сиёсатнинг ёрқин намунаси сифатида қайд этилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати