Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
13 Октябр, 2026   |   2 Жумадул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:14
Қуёш
06:32
Пешин
12:09
Аср
16:02
Шом
17:50
Хуфтон
19:04
Bismillah
13 Октябр, 2026, 2 Жумадул аввал, 1448

Қарияни овора қилибсан-ку

14.07.2025   11749   3 min.
Қарияни овора қилибсан-ку

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ниҳоят, Макка фатҳ бўлди. Бир пайтлар ғордан ваҳий даҳшатидан титраб-қалтираб ёлғиз тушиб келган бир нафаргина Инсон бутун бир умматга айланди.

Тун зулматида Қурайш ўлдиришга қасд қилган Инсон Маккадан содиқ дўсти билан Мадина томон чиқиб, бир неча йилдан сўнг Макканинг тўрт дарвозасидан куппа-кундуз куни ғолиб бўлиб кириб келди! Курайш эса, ўша куни ўзларидан қасос олинишини кутиб, у зотнинг олдида бош эгиб ўтирарди. Уларни нима қилди деб ўйлайсиз?

У кишини ёлғончига чиқарганларни, азият берганларни, Каъба атрофида сажда қилаётганида устига туянинг эшини (яъни, кўп китобларда " سَلَى جَزُور"ни туянинг ичак-чавоғи деб ёзишади. Устоз Абдул Азим Зиёуддин домла «Нурул яқийн» китобларида ёзган изоҳда бундай тушунтирганлар: «Имом Бухорий ривоятида سَلَى جَزُور ва Муслим ривоятида سَلَى جَزُور, яъни «туянинг қоғоноғини» дейилган. Қоғоноқ — ҳомилани ўраб турувчи шиллиқ парда, йўлдош.) ағдарганларни, Абу Толиб дарасида қамал қилганларни, у кишини ёлғончи, сеҳргар, мажнун деб айблаганларни, сўнгра у кишини ўлдириш учун ҳар бир қабиладан биттадан киши танлаб, у кишининг қони барчага тарқалиши учун биргаликда ўлдирмоқчи бўлганларни нима қилди деб ўйлайсиз?

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам улардан қасос олмадилар. Балки уларга: «Бораверинглар, сизлар озодсизлар!» дедилар!

Абу Бакр розияллоҳу анҳу уйига бориб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дуо қилишлари ва исломга кириши учун қартайиб қолган, оёқларини кўтаришга ҳам мажоли йўқ отаси Абу Қуҳофани олиб келди. У ҳали-ҳамон иймон келтирмаган эди. Уни кўрган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қарияни овора қилибсан-ку, уни уйида қолдирсанг бўлмасмиди, биз ўзимиз унинг олдига борар эдик», дедилар.

Абу Бакр розияллоҳу анҳу айтди: «Ё Аллоҳнинг Расули! Сизнинг боришингиздан кўра отам келиши тўғрироқдир».

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уни ўтиришга таклиф қилдилар. Унинг кўксини силадилар ва: «Мусулмон бўл», дедилар. Абу Қуҳофа иймон келтирди. Абу Бакр розияллоҳу анҳу йиғлади. Қўлида кўп саҳобалар исломга кирган, кўп буюклар иймонга кирган буюк саҳобанинг отаси энди Исломга кирди...

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг одобларига қаранг! У киши ёши бир жойга бориб қолган қариянинг ҳузурларига келишини ноўрин билдилар. Ўзлари унинг олдига боришга тайёр эканликларини айтдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам доимо ёши катталарга шафқатли эдилар. Доимо: «Сочлари оқарган мусулмонни икром қилиш Аллоҳни улуғлашдандир!» дер эдилар.

Бир қария Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни қидириб келди. Саҳобалар унга йўл беришмади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга: «Кичигимизга раҳм қилмаган, каттамизни ҳурмат қилмаганлар биздан эмас!» дедилар.

Қарияларга худди отамиз ёки бобомиз каби муомалада бўлишимиз лозим. Онахонларга эса онамиз ёки бувимиз каби муомалада бўлишимиз керак. Инсон қариганда ўзининг заифлиги, беморлиги ва ожизлигига қараб қачонлардир ёш бўлганини, кучли бўлган пайтларини эслайди, эзилади. Гарчи бошқаларга кўрсатмаса-да, қалбида синиқликни ҳис қилади. Бу синиқликка фақатгина атрофдагилар берадиган эътибор ва ҳурматгина даво бўла олади! Кўнгил олиш ибодатдир!


«Набавий тарбия» китоби асосида тайёрланди

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Масжид иш юритувчилари учун маҳорат дарси ташкил этилди

13.10.2026   2748   1 min.
Масжид иш юритувчилари учун маҳорат дарси ташкил этилди

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Олий Ҳайъати йиғилиши қарорлари ижросини таъминлаш ҳамда тизим ходимларининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш мақсадида Тошкент шаҳридаги туман масжидлари иш юритувчилари учун ўқув-амалий маҳорат дарси ташкил этилди.


Тадбирда Диний идоранинг Ҳуқуқшунослик бўлими мутахассислари соҳага оид қонунчилик талаблари ва ижро интизоми бўйича қуйидаги муҳим йўналишларга алоҳида тўхталдилар:
 

  • масжидлар раҳбар органлари таркибидаги ўзгаришлар тўғрисида белгиланган тартибда (бир ой муддатда) адлия идораларига расмий маълумот тақдим этиш;
     

  • масжид устави, гувоҳномалари ва бошқа таъсис ҳужжатларини қонунчилик талаблари асосида юритиш ҳамда сақлаш;
     

  • имом-хатиб ва ноибларнинг беш вақт намозларда хизмат жойида бўлишини таъминлаш;
     

  • масжид биноларида олиб бориладиган қурилиш-таъмирлаш ишларининг лойиҳа ҳужжатларини ваколатли идоралар билан олдиндан белгиланган тартибда келишиш.
     

Қизғин савол-жавоб ва муҳокамалар руҳида ўтган маҳорат дарсида иштирокчилар кундалик иш фаолиятида юзага келаётган ҳуқуқий масалалар бўйича батафсил тушунтириш ва амалий тавсиялар олдилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати

Масжид иш юритувчилари учун маҳорат дарси ташкил этилди Масжид иш юритувчилари учун маҳорат дарси ташкил этилди
Ўзбекистон янгиликлари