Аҳли сунна вал жамоанинг эътиқоди бундай: “Ким кичик ёки катта гуноҳ қилиб, тавба қилмасдан вафот этса, Аллоҳ таоло хоҳласа, фазл айлаб унинг гуноҳларини кечади, хоҳласа, адолат айлаб уни азоблайди. Иймон билан вафот этган ҳамма бандалар катта ё кичик гуноҳларни қилган бўлсалар ҳам, шафоат қилинади. Пайғамбаримиз алайҳиссалом бундай марҳамат қилганлар: “Шафоатим умматимдан катта гуноҳ қилувчиларга бўлади. Ким уни инкор қилса, қиёматда унга эришмайди. Уни намоз ўқигувчиларга бўлади деб ўйлайсизларми? Уни рўзадорларга бўлади деб ўйлайсизларми? У (шафоатим) хатокор мусулмонларга бўлади” (Имом Термизий, Имом Абу Довуд ва Имом Ибн Можа ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар: «Қачон қиёмат бўлса, одамлар тўпланиб, Одам алайҳиссаломнинг ёнларига келиб: “Бизни шафоат қилинг”, дейишади. Одам алайҳиссалом: “Шафоат қилиш ҳуқуқи менда йўқ. Нуҳнинг олдига боринглар”, дейди. Нуҳ алайҳиссаломнинг олдига бориб: “Бизни шафоат қилинг”, дейишади. Нуҳ алайҳиссалом: “Менда шафоат қилиш ҳуқуқи йўқ, Иброҳимнинг олдига боринглар”, дейди. Иброҳим алайҳиссаломнинг олдига бориб: “Бизни шафоат қилинг”, дейишади. Иброҳим алайҳиссалом: “Менда шафоат қилиш ҳуқуқи йўқ, Мусонинг олдига боринглар”, дейди. Мусо алайҳиссаломнинг олдига бориб: “Бизни шафоат қилинг”, дейишади. Мусо алайҳиссалом: “Менда шафоат қилиш ҳуқуқи йўқ, Исонинг олдига боринглар”, дейди. Исо алайҳиссаломнинг олдига бориб: “Бизни шафоат қилинг”, дейишади. Исо алайҳиссалом: “Менда шафоат қилиш ҳуқуқи йўқ, Муҳаммад алайҳиссаломнинг олдига боринглар”, дейди. Сўнг улар шафоат сўраб олдимга келишади. “Менда шафоат қилиш ҳуқуқи бор”, дейман. Сўнг тураман ва Аршнинг остида “Мақоми маҳмуд” дейиладиган жойда сажда қиламан ва Аллоҳ менга илҳом қилган ҳеч бир ҳамд айтувчи айтмаган ҳамдлар билан Аллоҳ таолога ҳамд айтаман. Аллоҳ таоло: “Эй Муҳаммад, бошингизни кўтаринг! Шафоат қилинг, шафоатингиз қабул қилинади. Сўранг, сўраганингиз берилади”, дейди. Мен бошимни кўтариб: “Эй Раббим, менга умматимдан катта гуноҳ қилганларни шафоат қилишимга изн беришингни ваъда қилган эдинг”, дейман. Аллоҳ таоло: “Боринг, қалбида зарра ёки бир дона арпа миқдорича иймони бор кишиларни дўзахдан чиқаринг”, дейди. Мен яна сажда қиламан. Аллоҳ таоло: “Эй Муҳаммад, бошингизни кўтаринг! Шафоат қилинг, шафоатингиз қабул қилинади. Сўранг, сўраганингиз берилади”, дейди. Мен бошимни кўтараман. Аллоҳ таоло айтади: “Боринг ва қалбида бир дона хантал уруғи миқдорича иймони бор кишиларни дўзахдан чиқаринг”. Мен яна сажда қиламан. Аллоҳ таоло: “Эй Муҳаммад, бошингизни кўтаринг! Шафоат қилинг, шафоатингиз қабул қилинади. Сўранг, сўраганингиз берилади”, дейди. Мен бошимни кўтариб: “Эй Раббим, умри давомида бир марта “Лаа илааҳа иллаллоҳ” деган барча кишиларни шафоат қилишимга изн бер”, дейман. Аллоҳ таоло айтади: “Иззатим ва жалолимга қасамки, бу Менинг ҳукмим, боринг, умрида бир марта “Лаа илааҳа иллаллоҳ” деган кишиларни дўзахдан чиқаринг”...» (Имом Бухорий, Имом Муслим ва Имом Аҳмад ривояти).
«Яқинда Раббингиз сизга (шундай неъматларни) ато этурки, сиз, албатта, (ундан) рози бўлурсиз» (Зуҳо сураси, 5-оят). Бу оят шафоатнинг ҳақлигини инкор қилиб бўлмайдиган далилдир.
Кофирлар дўзахда мўминларнинг ўрнига азоб тортишади. Ояти каримада огоҳлантирилади: «Албатта, улар ўзларининг юк (гуноҳ)ларини ҳам, у юклари билан бирга (бошқа) юкларни ҳам кўтарурлар...» (Анкабут сураси, 13-оят).
Кофирлар мўминларни ёмон кўрганлари, ҳақорат, ғийбат қилганлари ва мўминларга қарши уруш қилганлари учун мўминлар ўрнига азобланишга лойиқдирлар.
“Ат-Тамҳид фи баёнит тавҳид”
асаридан Имом Бухорий номидаги
Тошкент ислом институти илмий
ишлар ва фан бўйича проректори
Соатмурод ПРИМОВ
таржимаси
Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан 852 нафар жазо ўтаётган шахсни афв этиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Афв этилганлар орасида 7 нафар хориж фуқароси, 375 нафар ёшлар, 49 нафар аёл ва 60 ёшдан ошган 37 нафар эркак бор, хабар бермоқда Batafsil.uz.
Афв этилган 852 нафар шахсдан 604 нафари жазони тўлиқ ўташдан озод қилинади. Яна 115 нафар шахс жазони ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод этилади.
52 нафар маҳкумга тайинланган жазо енгилроқ жазо турига алмаштирилади. 81 нафар шахснинг озодликдан маҳрум қилиш жазоси муддати эса қисқартирилади.
Афв этилганлар орасида тақиқланган ташкилотлар фаолиятида иштирок этган 63 нафар шахс ҳам бор.
Президент фармонида афв этишга асос сифатида маҳкумларнинг қилмишига пушаймонлиги ва тузалиш йўлига қатъий ўтгани кўрсатилган.
"Ўзбекистон 24" телеканали маълумотига кўра, Шавкат Мирзиёев 2017 йилдан буён 31 та афв этиш тўғрисидаги ҳужжатни имзолаган. Ушбу ҳужжатлар жами 10 567 нафар жазо ўтаётган шахсни қамраб олган.
Хусусан, Президент Наврўз ва Рамазон ҳайити арафасида ҳам 392 нафар маҳкумни афв этганди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати