Инсон ҳаётида энг қимматбаҳо неъматлардан бири вақтдир. У ниҳоятда тез ўтади, бирор нарсага боғлаб, тўхтатиб, ортга қайтариб бўлмайди. Ҳар лаҳза инсон умридан бир бўлакдир. Шунинг учун вақтни самарали ўтказиш, уни қадрлаш ҳар бир ақлли инсон учун жуда муҳим.
Ҳар инсонга бир умр берилган. У йиллар, ойлар, кунлар, дақиқалар билан ҳисобланади. Бир соат бекорга кетса, умримиздан бир қисм бекор кетган бўлади. Кўпинча биз "эртага қилиб қўяман", "кейинроқ бошлайман" дея ўзимизни алдаб қўямиз. Аниқ режа асосида ҳаёт кечириш, ҳар бир кунни мақсадли ва мазмунли ўтказиш вақтдан унумли фойдаланишнинг асосий йўлидир. Илм ўрганиш, меҳнат қилиш, соғлиққа эътибор қаратиш, оила ва яқинларга вақт ажратиш — буларнинг бари вақтнинг тўғри тақсим қилиниши билан бўлади.
Тан олиш керак, замонавий технологиялар, ижтимоий тармоқлар ва ахборот оқими вақтимизни ўғирлаб, бизни чалғитмоқда. Лекин айб ўзимизда. Баъзан кераксиз нарсаларга соатлаб вақт сарфлаймиз, кейин эса "вақтим етмади" деб шикоят қиламиз. Шунинг учун ҳам ҳаётда "нималар муҳим, нималар эса вақт сарфлашга арзимайди" деган саволга аниқ жавоб топиб олиш лозим. Вақтга эътиборли инсон – масъулиятли инсондир. У ҳар бир вазифани ўз вақтида бажаради, орзулари сари қатъият билан интилади ва ҳаётини назорат қила олади.
Ислом динида ҳам вақтга алоҳида аҳамият берилган. Қуръони каримдаги Аср сурасида Аллоҳ таоло аср (вақт)га қасам билан инсоннинг зарарда экани таъкидлаган. Бу эса вақтнинг беқиёс эканини яна бир бор ёдга солади. Фақат иймон келтирган ва яхши амаллар қилган, бир-бирларига Ҳақ (йўли)ни тавсия этган ва бир-бирларига (мана шу Ҳақ йўлида) сабр-тоқат қилишни тавсия этган зотларгина нажот топиши айтилиб, улгуриб қолишга даъват этилган. Демакки, вақтни тўғри сарфлай олган инсонгина ютуққа эришади. Ҳаётимиздаги ҳар бир дақиқа – бебаҳо хазина. Ундан оқилона фойдаланиб қолиш керак, азизлар.
Абдулвоҳид ИСАҚОВ,
Наманган шаҳридаги
“Мирёқуббой Мирҳакимбой”
жоме масжиди имом хатиби
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким жума куни Оли Имрон номли сурани ўқиса, Аллоҳ ва Унинг фаришталари қуёш ботгунча унга салавот айтиб турадилар», – дедилар (Табароний ривоят қилган).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам жума куни бомдод намозида «Алиф лам мим. Танзилу…»ни – Сажда(сураси)ни – ва «Ҳал ата ъалал-инсани»ни қироат қилар эдилар» (Икки шайх ва Термизий ривоят қилишган).
Ибн Абу Сайф Яманий «Ал-ламъа фи рағоиби явмил жумуъа» китобида Термизийнинг қуйидаги гапларини келтиради:
«Тасбеҳ намозини жума куни завол пайтида ўқиш мустаҳабдир. Биринчи ракъатда Фотиҳадан кейин Такосурни ўқийди, иккинчисида Вал асрни, учинчисида Кофирунни, тўртинчисида Ихлосни ўқийди». Сўнг охирида ўқиладиган қўшимча дуони ҳам келтирган.
«Жума ҳақидаги оят ва ҳадислар» китобидан