Инсон ҳаётида энг қимматбаҳо неъматлардан бири вақтдир. У ниҳоятда тез ўтади, бирор нарсага боғлаб, тўхтатиб, ортга қайтариб бўлмайди. Ҳар лаҳза инсон умридан бир бўлакдир. Шунинг учун вақтни самарали ўтказиш, уни қадрлаш ҳар бир ақлли инсон учун жуда муҳим.
Ҳар инсонга бир умр берилган. У йиллар, ойлар, кунлар, дақиқалар билан ҳисобланади. Бир соат бекорга кетса, умримиздан бир қисм бекор кетган бўлади. Кўпинча биз "эртага қилиб қўяман", "кейинроқ бошлайман" дея ўзимизни алдаб қўямиз. Аниқ режа асосида ҳаёт кечириш, ҳар бир кунни мақсадли ва мазмунли ўтказиш вақтдан унумли фойдаланишнинг асосий йўлидир. Илм ўрганиш, меҳнат қилиш, соғлиққа эътибор қаратиш, оила ва яқинларга вақт ажратиш — буларнинг бари вақтнинг тўғри тақсим қилиниши билан бўлади.
Тан олиш керак, замонавий технологиялар, ижтимоий тармоқлар ва ахборот оқими вақтимизни ўғирлаб, бизни чалғитмоқда. Лекин айб ўзимизда. Баъзан кераксиз нарсаларга соатлаб вақт сарфлаймиз, кейин эса "вақтим етмади" деб шикоят қиламиз. Шунинг учун ҳам ҳаётда "нималар муҳим, нималар эса вақт сарфлашга арзимайди" деган саволга аниқ жавоб топиб олиш лозим. Вақтга эътиборли инсон – масъулиятли инсондир. У ҳар бир вазифани ўз вақтида бажаради, орзулари сари қатъият билан интилади ва ҳаётини назорат қила олади.
Ислом динида ҳам вақтга алоҳида аҳамият берилган. Қуръони каримдаги Аср сурасида Аллоҳ таоло аср (вақт)га қасам билан инсоннинг зарарда экани таъкидлаган. Бу эса вақтнинг беқиёс эканини яна бир бор ёдга солади. Фақат иймон келтирган ва яхши амаллар қилган, бир-бирларига Ҳақ (йўли)ни тавсия этган ва бир-бирларига (мана шу Ҳақ йўлида) сабр-тоқат қилишни тавсия этган зотларгина нажот топиши айтилиб, улгуриб қолишга даъват этилган. Демакки, вақтни тўғри сарфлай олган инсонгина ютуққа эришади. Ҳаётимиздаги ҳар бир дақиқа – бебаҳо хазина. Ундан оқилона фойдаланиб қолиш керак, азизлар.
Абдулвоҳид ИСАҚОВ,
Наманган шаҳридаги
“Мирёқуббой Мирҳакимбой”
жоме масжиди имом хатиби
Нур тарқатувчи саҳифалар: Ислом марказида ноёб қўлёзмалар жамланмоқда
Туркий дунёдан Мовароуннаҳргача бўлган Қуръонлар
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази музейи экспозициясининг Қуръон зали бўлимида юксак илмий ва маънавий аҳамиятга эга “114 Қуръон” лойиҳаси амалга оширилмоқда. Лойиҳанинг асосий мақсади — дунё музейлари ва архивларида сақланаётган, Ўзбекистон тарихий меросига алоқадор Қуръон қўлёзмаларини саралаб олиб, уларни кенг жамоатчиликка тақдим этишдир.
Яқинда Марказда бўлиб ўтган илмий кенгаш йиғилишида Истанбул университети профессори Эмек Ушенмез ушбу лойиҳа бўйича кенг қамровли тақдимот ўтказди. У ўз маърузасида тайёрланаётган альбом ҳақида атрофлича маълумот бериб ўтди.
Альбом “Кириш” қисми ва тўрт асосий бўлимдан ташкил топиб, VII асрдан XX асргача бўлган даврда яратилган Қуръон қўлёзмаларини қамраб олади. Бу асарлар орасида Усмон мусҳафи, Катта Лангар Қуръони, Мовий Қуръон каби жаҳон миқёсида тан олинган нусхалар билан бир қаторда, Сомонийлар, Ғазнавийлар, Темурийлар ва бошқа сулолаларга тегишли нодир саҳифалар ҳам ўрин олган.
Альбомда ҳар бир қўлёзманинг тилла суви билан безатилган икки саҳифаси факсимиле шаклида тақдим этилади. Бу саҳифалар орқали Қуръони каримнинг тўлиқ визуал манзарасини яратиш кўзда тутилган. Ҳозирда 103 та қўлёзма саҳифаланиб, альбомнинг 90 фоизи тайёр ҳолга келтирилган. Қолган 11 та қўлёзма яқин кунларда тўлиқ якунланиши кутилмоқда.
Айни пайтда, альбомда Амир Темур набираси Муҳаммад Султоннинг қизи Шодмулк хотун томонидан 1467 йилда кўчирилган Қуръон нусхаси ҳамда Қўқон хони Амир Умархон томонидан Усмонийлар султони Маҳмуд II га туҳфа этилган нусха ҳам ўрин олиши режалаштирилган. Шунингдек, 1318 йилда Олтин Ўрда хони Ўзбекхонга бағишлаб тилла варақда ёзилган, 700 йиллик тарихга эга Қуръон саҳифалари ҳам лойиҳанинг энг муҳим қисмларидан бири сифатида тақдим этилиши таъкидланди.
Йиғилишда экспозиция учун мўлжалланган Қуръон нусхалари даврий асосда жойлаштирилиши маълум қилинди.
Альбомнинг умумий ҳажми 500 саҳифага яқин бўлиб, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг Қуръон зали бўлимида ушбу мерос дунё тамаддуни тарихи ва маънавий улкан бойлигини жонли тарзда намоён этади.
Шунингдек, йиғилишда мазкур лойиҳанинг муқова дизайни ҳам тақдим этилди. Ушбу муқова ўзининг шакли, безаги ва эстетик ечими билан Каъбанинг ташқи кўринишини эслатиши қайд этилди. Кенгаш аъзолари бу таклифни маъқуллашди.