114 та Қуръони Карим нусхаси асосида китоб-альбом
700 йиллик тарихга эга Қуръон қўлёзмаси
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази франциялик, туркиялик ва австриялик нуфузли мутахассислар биан ҳамкорликда “114 Қуръон” лойиҳасини амалга оширмоқда. Лойиҳа доирасида Ўзбекистон тарихий меросига тегишли дунёдаги Қуръон қўлёзмалари танлаб олинади ва Марказ музейи асосий қисми сифатида Қуръони карим зали бўлими экспозициясидан ўрин олади. Бугун Ислом цивилизацияси марказида мазкур лойиҳанинг якунловчи босқичга етаётгани муносабати билан туркиялик олим, Истанбул университети профессори Эмек Ушенмез ўз тақдимотини намойиш қилди.
Тақдимотда Ўзбекистоннинг таниқли уламолари ва исломшунослари — шайх Абдулазиз Мансур, Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомидбек Ишматбеков, марказ илмий котиби Рустам Жабборов, илмий ходим Азимжон Ғафуров ҳамда қатор тадқиқотчилар иштирок этди.
Истанбул университети профессори Эмек Ушенмезнинг маълум қилишича, ушбу лойиҳа доирасида Марказ билан ҳамкорликда 114 та Қуръони Карим нусхаси асосида китоб-альбом тайёрланмоқда. Эмек Ушенмезнинг таъкидлашича, китоб-альбом “Кириш қисми” ва 4 бўлимдан иборат бўлиб, унда VII асрдан XX асргача Туркистон ҳудудида яратилган ва дунё архивларида сақланаётган ноёб қўлёзма Қуръонлар ҳақида тарихий-илмий маълумотлар келтирилади.
Китоб-альбомдан жой оладиган машҳур нусхалар қаторида — Усмон мусҳафи, Катта Лангар Қуръони, Мовий Қуръон, Сомонийлар, Қорахонийлар, Ғазнавийлар, Салжуқийлар, Хоразмшоҳлар, Темурийлар ва Бобурийлар давридаги ҳамда хонликлар даврига оид нусхалар ўрин олади. Ҳар бир қўлёзманинг факсимиле (аниқ нусха) кўринишида 2 саҳифаси китобда ўз аксини топади. Уларнинг умумий тартиби 30 порани қамраб олиб, тўлиқ Қуръони Карим манзарасини яратади.
Профессор Ушенмез айтиб ўтган муҳим жиҳатлардан бири — 1467 йилда Амир Темурнинг набираси Муҳаммад Султоннинг қизи Шодмалик хотун томонидан ўз қўли билан кўчирилган Қуръон нусхаси ҳам альбомда жой олиши. Шунингдек, Қўқон хони Амир Умархоннинг Усмонийлар султони Маҳмуд II га совға қилган тарихий қўлёзма нусхаси ҳақида ҳам маълумот берилди.
Энг эътиборли қисмлардан бири — 1318 йилда Олтин Ўрда хони Ўзбекхонга атаб олтин варақда кўчирилган 700 йиллик тарихга эга Қуръон қўлёзмасидан суралар киритилаётганидир. Ушбу нусха мўғуллар давридан кейин сақланиб қолган энг асосий Қуръон мусҳафларидан бири ҳисобланади.
Тақдимот сўнгида профессор Эмек Ушенмез ушбу ноёб қўлёзмаларнинг тарихий, манбашунослик ва маданий қимматини алоҳида таъкидлади ҳамда уларнинг келиб чиқиш тарихи Ўзбекистон билан чамбарчас боғлиқ эканини қайд этди.
حدثنا العباس الدوري نا يعلى بن عبيد نا موسى هو الجهني عن مصعب بن سعد عن أبيه قال: جاء أعرابي النبي صلى الله عليه وعلى آله وسلم فقال: يا رسول الله: علمني كلاما أقوله قال :”قل لا إله إلا الله وحده لا شريك له الله أكبر كبيرا والحمد لله كثيرا وسبحان الله رب العالمين لا حول ولا قوة إلا بالله العزيز الحكيم“. قال: هؤلاء لربي فما لي قال: قل: اللهم اغفر لي وارحمني واهدني وارزقني.
Мусъаб ибн Саъд отасидан ривоят қилади: “Бир аъробий Набий соллаллоҳу алайҳи ва ъалаа олиҳи васалламнинг олдиларига келиб: “Эй, Аллоҳнинг Расули, менга бир калимани ўргатинг, мен уни айтиб юрай”, деди.
“Лаа илааҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу, Аллоҳу акбар кабийро, валҳамдулиллааҳи касийро, субҳааналлоҳи Роббил ъааламийн, лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллааҳил ъазийзил ҳакийм”, деб айт! дедилар.
У: “Булар Аллоҳ учун, мен учунчи?” деди. “Аллоҳуммағфирлий, варҳамний, ваҳдиний, варзуқний”, дегин”, деб айтдилар”.
Калима ва дуонинг маъноси: Ёлғиз Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, Унинг шериги йўқ. Аллоҳ буюкдир, энг буюкдир, Аллоҳга кўп ҳамд бўлсин. Оламлар Робби пок деб ёд этаман. Куч ҳам, қувват ҳам фақат Азизу Ҳаким Аллоҳ биландир.
Аллоҳим, мени мағфират қил, менга раҳм қил, мени ҳидоятга бошла ва менга ризқ бергин.
Абу Саид Ҳайсам ибн Кулайб Шошийнинг
“Муснади Шоший” асаридан
Даврон НУРМУҲАММАД таржимаси