Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
06 Август, 2025   |   12 Сафар, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:52
Қуёш
05:23
Пешин
12:34
Аср
17:28
Шом
19:38
Хуфтон
21:02
Bismillah
06 Август, 2025, 12 Сафар, 1447
Янгиликлар

“114 Қуръон” лойиҳаси якуний босқичда: Экспозицияда нурли саҳифалардаги тарих ва тамаддун

01.08.2025   4987   3 min.
“114 Қуръон” лойиҳаси якуний босқичда: Экспозицияда нурли саҳифалардаги тарих ва тамаддун

114 та Қуръони Карим нусхаси асосида китоб-альбом

 

700 йиллик тарихга эга Қуръон қўлёзмаси



 

    Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази франциялик, туркиялик ва австриялик нуфузли мутахассислар биан ҳамкорликда “114 Қуръон” лойиҳасини амалга оширмоқда. Лойиҳа доирасида Ўзбекистон тарихий меросига тегишли дунёдаги Қуръон қўлёзмалари танлаб олинади ва Марказ музейи асосий қисми сифатида Қуръони карим зали бўлими  экспозициясидан ўрин олади. Бугун Ислом цивилизацияси марказида мазкур лойиҳанинг якунловчи босқичга етаётгани муносабати билан туркиялик олим, Истанбул университети профессори Эмек Ушенмез ўз тақдимотини намойиш қилди.

 

    Тақдимотда Ўзбекистоннинг таниқли уламолари ва исломшунослари — шайх Абдулазиз Мансур, Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомидбек Ишматбеков, марказ илмий котиби Рустам Жабборов, илмий ходим Азимжон Ғафуров ҳамда қатор тадқиқотчилар иштирок этди. 




    Истанбул университети профессори Эмек Ушенмезнинг маълум қилишича, ушбу лойиҳа доирасида Марказ билан ҳамкорликда 114 та Қуръони Карим нусхаси асосида китоб-альбом тайёрланмоқда. Эмек Ушенмезнинг таъкидлашича, китоб-альбом “Кириш қисми” ва 4 бўлимдан иборат бўлиб, унда VII асрдан XX асргача Туркистон ҳудудида яратилган ва дунё архивларида сақланаётган ноёб қўлёзма Қуръонлар ҳақида тарихий-илмий маълумотлар келтирилади.


    Китоб-альбомдан жой оладиган машҳур нусхалар қаторида — Усмон мусҳафи, Катта Лангар Қуръони, Мовий Қуръон, Сомонийлар, Қорахонийлар, Ғазнавийлар, Салжуқийлар, Хоразмшоҳлар, Темурийлар ва Бобурийлар давридаги ҳамда хонликлар даврига оид нусхалар ўрин олади. Ҳар бир қўлёзманинг факсимиле (аниқ нусха) кўринишида 2 саҳифаси китобда ўз аксини топади. Уларнинг умумий тартиби 30 порани қамраб олиб, тўлиқ Қуръони Карим манзарасини яратади.




    Профессор Ушенмез айтиб ўтган муҳим жиҳатлардан бири — 1467 йилда Амир Темурнинг набираси Муҳаммад Султоннинг қизи Шодмалик хотун томонидан ўз қўли билан кўчирилган Қуръон нусхаси ҳам альбомда жой олиши. Шунингдек, Қўқон хони Амир Умархоннинг Усмонийлар султони Маҳмуд II га совға қилган тарихий қўлёзма нусхаси ҳақида ҳам маълумот берилди.


    Энг эътиборли қисмлардан бири — 1318 йилда Олтин Ўрда хони Ўзбекхонга атаб олтин варақда кўчирилган 700 йиллик тарихга эга Қуръон қўлёзмасидан суралар киритилаётганидир. Ушбу нусха мўғуллар давридан кейин сақланиб қолган энг асосий Қуръон мусҳафларидан бири ҳисобланади.


    Тақдимот сўнгида профессор Эмек Ушенмез ушбу ноёб қўлёзмаларнинг тарихий, манбашунослик ва маданий қимматини алоҳида таъкидлади ҳамда уларнинг келиб чиқиш тарихи Ўзбекистон билан чамбарчас боғлиқ эканини қайд этди.

Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар

Машинада қолдирилган буюмларнинг ҳукми

04.08.2025   7078   1 min.
Машинада қолдирилган буюмларнинг ҳукми

Савол: Мен Туркия давлатида автомашиналарни ювиш хизмати (автомойка)да ишлайман. Баъзан такси ҳайдовчиларининг машиналарини ювганимизда ичида мижозларнинг буюмлари ва пуллари тушиб қолган бўлади. Шу пулларни ўзимизга олсак бўладими ёки таксичига беришимиз керакми?


Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Мазкур буюм ва пуллар сизнинг ҳам, таксичининг ҳам мулки эмас, балки ўз эгасининг мулкидир. Шунинг учун эгасига қайтариш лозим. Бунинг учун сиз топилмани таксичининг ўзига қайтариб берасиз ва у ҳақиқий эгаларини топиш чорасини кўради. Эгасидан берухсат ишлатиб юбориши гуноҳ ҳисобланади.

Зайд ибн Холид ал-Жуҳаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким йўқолган нарсани танитмай ўзиники қилиб олса, залолатга кетувчидир”, деганлар (Имом Муслим ва Имом Аҳмад ривоят қилган).

Ҳозирги вақтда унутиб қолдирилган буюмларнинг эгасини топишнинг турли йўллари мавжуд. Унутиб қолдирилган нарсалар буюм ва пул сингари чириб, айниб қолмайдиган нарсалар бўлса, эгаси чиққунича ўзида сақлаб туради ва эгасини топишга жиддий киришади.

Эгасини топишдан буткул умиди узилган вақтда ўзи муҳтож бўлса, садақа ўрнида ўзига ишлатиши, бой бўлса, фақирларга эгасининг номидан садақа қилиб юбориши лозим бўлади.

Кейинчалик эгаси топилиб қолса, ҳолатни тушунтиради. Агар эгаси рози бўлса, садақанинг савоби унга бўлади. Эгаси рози бўлмай, нарсасини талаб қилса, қийматини тўлаб беради ва қилинган садақанинг савоби ана шу таксичининг ўзига бўлади. Валлоҳу аълам.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.