Шу йил 31 июль куни Бухоро вилоятида фаолият юритаётган диний соҳа ходимлари ўртасида “Заковат” интеллектуал танлови бўлиб ўтди.
Тадбирда Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов, вилоят бош имом-хатиби Жобир домла Элов, бир қатор ташкилотлар вакиллари ва танлов иштирокчилари қатнашди.
Очилиш маросимида сўзга чиққан вилоят ҳокими Ботир Зарипов танлов иштирокчиларини самимий табриклаб, бу каби тадбирлар диний соҳа вакилларининг билим ва малакасини ошириш билан бирга, улар ўртасидаги ҳамжиҳатлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутишини таъкидлади.
Мусобақада “Ибн Сино”, “Бобойи Самоси”, “Абу Бакр Калабодий”, “Абдухолиқ Ғиждивоний”, “Пойкандий”, “Ренессанс”, “Пойи Калон”, “Чор Бакр”, “Моҳитабон”, “Саййид Амр Кулол”, “Хожа Ромитаний”, “Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавий”, “Нақшбанд”, “Абу Ҳафс Кабир”, “Мир Араб” ва “Маҳмуд Таробий” жамоалари иштирок этди.
Беллашувда жамоаларга диний-маърифий, тарихий ва умумий билимларга оид саволлар берилди. Қизғин ва баҳсли муҳитда ўтган танловда иштирокчилар ўз билим савияси, мантиқий фикрлаши ва жамоавий ҳамкорлик қобилиятини намоён этди.
Якунда Бухоро вилояти ҳокимининг кубоги “Пойкандий” жамоасига топширилди. Совринни вилоят бош имом-хатиби Жобир домла Элов ҳамда вилоят ҳокими ўринбосари Азизбек Қаландаров тантанали равишда тақдим этди. Шунингдек, бошқа жамоалар ҳам эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Савол: Қуръони карим оятлари ёзилган қоғозларни ерга ташлаш ёки улардан мева-чева, писта-бодом ва шунга ўхшаш нарсаларни ўрашда фойдаланиш ҳолатлари учрамоқда. Бунга динимизнинг муносабати қандай бўлади?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Қуръони карим оятлари, ҳатто унинг бошқа тилга ўгирилган таржимаси ёзилган варақлардан сиз айтган ҳолатларда фойдаланиш нотўғри, балки оғир гуноҳ ҳисобланади. Чунки бу Қуръони каримни таҳқирлаш ва хорлаш демакдир. Бундай ишларни қасддан қилган киши иймонидан айрилади. Қуръони каримни улуғлаб эҳтиром қилиш, таҳоратсиз ҳолда ушламаслик, ножўя жойларга қўймаслик динимизнинг қатъий талабидир. Имом ан-Нававий раҳимаҳуллоҳ бу ҳақда шундай деганлар:
“Барча мусулмонлар Қуръон мусҳафини асраш ва уни ҳурмат қилиш фарз эканига ижмо (иттифоқ) қилишган. Бизнинг мазҳаб уламолари ва бошқалар ҳам бундай дейишган: "Агар бир мусулмон Мусҳафни ахлатхонага ташласа, у бу амали билан кофир бўлади (Аллоҳ сақласин)!” (“Ат-Тибён” китоби).
Юқоридагилардан хулоса қилиб айтганда, Қуръони каримни ҳурмат қилиш ҳар бир мусулмоннинг эътиқодий бурчидир. Қуръон саҳифаларини ҳар қандай ножўя мақсадда ишлатиш, уни камситиш — Аллоҳнинг Каломига нисбатан очиқ беҳурматлик бўлиб, бу иш катта гуноҳ бўлиши билан бирга иймондан айирувчи разил амалдир. Тавфиқ Аллоҳдан.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.