Халқимиз қадимдан ўғил фарзанд дунёга келса, юртини, оиласини, ор-номусини ҳимояловчи паҳлавон, авлодлар давомчиси туғилди, дея қувонган. Уни ёшлигидан жасур, Ватанига садоқатли ва матонатли қилиб тарбиялаш учун камон отиш, от чоптириш, кураш, тош кўтариш каби ўйинлар ўргатилган.
Болаларнинг ботир бўлишида халқ оғзаки ижоди намуналарининг ҳам ўрни бор. Достону эртаклардаги қаҳрамонлар болаларни ориятли, куч-ғайратли бўлишга ундайди. Масалан, “Алпомиш” достонидаги Ҳакимбийнинг етти ёшида 14 ботмонлик ёйни кўтариб отгани, “Алпомиш” дея ном олгани болаларга ўзгача завқ беради.
Бугун Жалолиддин Мангуберди, Темур Малик, Амир Темур, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Намоз Ботир, Собир Раҳимов каби жасоратли сиймоларни билмайдиганлар камдан-кам. Уларнинг маҳоратли саркардалиги, нотиқлиги, жанг қилиш усуллари неча аср ўтса ҳамки, ўз аҳамиятини йўқотгани йўқ.
Биргина Бобур Мирзонинг саркардалик маҳоратига назар солсак, унинг қўшини саноқ жиҳатидан ўн баробар кўп бўлган Иброҳим Лўди аскарларини енгганини кўрамиз. Манбаларда келтирилишича, шиддатли жанг олдидан Бобур аскарлари бироз қўрқувга тушади. Шунда саркарда уларга: “Бу дунёда ҳамма ўлади, ит ҳам, йигит ҳам. Аммо эр кишига мард ҳолида ўлиш шарафдир!” дея таъсирли нутқ сўзлайди. Бундан руҳланган аскарлар жон-жаҳди билан жангга кириб, ғолиб бўлишади.
Ўзидан кўп аскарларни енгиш, айниқса, мусулмон жангчилар учун янгилик эмас. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалари Бадр ва Уҳуд жангида мушриклар устидан ғалаба қозонганида сон жиҳатидан улардан анча кам бўлган. Рум, Форс ерлари фатҳида ҳам саҳобалар озчилик бўлишига қарамай, ғолибликни қўлга киритган. Албатта, бунга Аллоҳнинг инояти ҳамда саҳобалар иймонининг кучи, иродаси сабаб бўлган.
Тарих солномаларида бундай азму шижоат ва ирода билан ғалабага эришганлар кўп. Бу ҳақда Қуръони каримда Толут ва Жолут қиссаси келтирилади:
«Толут аскар билан чиққанда: “Албатта, Аллоҳ сизни дарё билан синовчидир, ким ундан ичса, у мендан эмас. Ва ким уни тановул қилмаса, у, албатта, мендандир. Магар биров қўли билан бир ҳўплам ҳўпласа, майли”, деди. Озгиналаридан бошқалари ундан ичдилар. У ва у билан бирга иймон келтирганлар у (дарё)дан ўтганларида, улар: “Бугун бизда Жолут ва унинг аскари билан жанг қилишга тоқат йўқ”, дедилар. Аллоҳга рўбарў бўлишга ишонганлар: “Қанчадан-қанча оз сонли гуруҳлар Аллоҳнинг изни билан кўп сонли гуруҳларга ғолиб келган. Аллоҳ сабрлилар биландир”, дедилар» (Бақара сураси, 249-оят).
Толут ўз аскарларининг иродасини синаш учун дарёдан сув ичмасликни буюрди. Ичса ҳам, бир ҳўплам ичишга рухсат берди. У шу орқали кимнинг иродаси кучли, кимники кучсиз эканини аниқлади. Синовдан ўтмаганлар ажралиб қолди.
Кам сонли кишиларгина аскарликка қабул қилинди. Бироз сувсизликка чидай олмаган одам урушнинг машаққатларига чидай олмаслиги турган гап эди. Сўнгра Толут аскарлари кам бўлишига қарамай, Жолут аскарлари устидан ғалаба қозонди.
Афсуски, бугун йигитлар орасида ор-номус, машаққатларда сабру матонат кўрсатиш каби хислатлар камайиб бормоқда. Сабаби, глобаллашув неча асрлик қадриятларни, Ватан, она-юрт, ор-номус каби муқаддас тушунчаларни емиряпти. Айримлар учун бу сўзлар ҳеч нарсани англатмай қўйди. Фақат ўз жони омон бўлса, бас. Бунинг мисолини айрим давлатларда кечаётган урушларда кўрдик.
Баъзи ёшлар озгина машаққат етса, ишини, оиласини ёки юртини ташлаб кетмоқда. Қийинчиликларни сабр билан енгиш ўрнига осон йўлни тутмоқда. Уларнинг бундай дангаса бўлиб улғайишида ота-оналарининг ҳам ҳиссаси бор. Чунки кейинги пайтда турмушимиз фаровонлашган сайин фарзандларимизга барча шароитларни муҳайё қилиб қўйяпмиз. Улар қийинчилик, машаққат нималигини билмай ўсмоқда. Оқибатда у энди улғайиб, мустақил бўлдим деганда, озгина қийинчиликка чидамаяпти. Аллоҳ сақласин, бундай йигитлар эртага юрт бошига иш тушса, нима қилар экан?
Инсоният яшашда давом этар экан, Ватанни, юрт шаънини ҳимоя қилишдек муҳим вазифа ҳар бир эр йигит зиммасида туради. Шундай экан, фарзандларимизни ориятли, жасур, чин мусулмон қилиб тарбиялаш ҳар биримизнинг вазифамиз эканини унутмаслигимиз лозим.
Отабек АТОЕВ,
Нурота тумани “Чилустун” жоме
масжиди имом-хатиби
Қатарнинг “Al Jazeera” нашрида Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида бўлиб ўтган “Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ, янги кашфиётлар” мавзусидаги халқаро медиафорум ҳақида мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Мақола муаллифи, халқаро медиафорумда иштирок этган Муҳаммад Аъморийнинг таъкидлашича, яқинда Тошкент шаҳрида бунёд этилган Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази медиафорум иштирокчиларида катта таассурот қолдирган.
Марказда Ўзбекистон ҳудудида ислом цивилизациясининг шаклланиши ва тараққиёти, тарихий ёдгорликлар, қўлёзмалар, археологик топилмалар ҳамда буюк алломалар мероси ўрин олган. Музейда қарийб 8 мингта тарихий ашё ва экспонат сақланиши, улар орқали Мовароуннаҳр халқларининг қадимги даврлардан бошлаб илм-фан ва маданият тараққиётига қўшган ҳиссаси намойиш этилган.
Мақолада ёзилишича, музей экспозициялари асосан тўрт муҳим тарихий даврни қамраб олишига эътибор қаратилган. Булар – исломдан олдинги давр, Мовароуннаҳрдаги биринчи уйғониш даври, Темурийлар даври ва Ислом цивилизациясига оид қимматли Қуръон қўлёзмалари намойиш этилган залдир.
Ушбу мажмуада Усмон Мусҳафига алоҳида ўрин берилган. Шу билан бирга, музейда қадимги шаҳарлар, Буюк Ипак йўли, ҳаж анъаналари, Каъба ва унинг муқаддас ёдгорликлари билан боғлиқ экспонатлар ҳам тақдим қилинган.
Материалда Ўзбекистон ва Марказий Осиё тарихида чуқур из қолдирган буюк алломалар – Муҳаммад ал-Хоразмий, Аҳмад ал-Фарғоний, Имом Бухорий, Имом Термизий, Абу Али ибн Сино, Абу Райҳон Беруний, Абу Наср Форобий, Мирзо Улуғбек, Камолиддин Беҳзод, Амир Темур, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби тарихий шахсларнинг илм-фан, дин, маданият, санъат ва давлатчилик ривожига қўшган ҳиссаси кенг ёритилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати