Шу йил 5-7 август куни Наманган вилоятидаги "Ҳидоя" ўрта махсус ислом таълим муассасасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасаларига 2025-2026 ўқув йили учун кириш имтиҳони ўтказилмоқда.
Мазкур жараёнда Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбар ҳамда масъул ходимлари, "Ҳидоя" ва "Саййид Муҳйиддин махдум" ўрта махсус ислом таълим муассасалари раҳбарлари ҳамда қабул бўйича масъул ходимлари, абитуриентлар иштирок этмоқда.
Дастлаб абитуриентлар имтиҳон рухсатномасида кўрсатилган вақт бўйича тартиб билан киритилиб, мутасаддилар томонидан тест имтиҳони тартиби тушунтирилди. Шундан сўнг тест синовларига старт берилди.
Ушбу жараён адолатли ўтиши учун соҳа мутахассислари билан бир қаторда турли ташкилот вакиллари жалб этилган.
Маълумот ўрнида, жорий йил 2-ҳудуд Наманган вилоятидан иштирок этадиган абитуриентлар сони 2190 нафарни ташкил этади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Таълим ва илмий-тадқиқот бўлими
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси Тошкент шаҳридаги "Тўра Бува" жоме масжиди имом-хатиби Умиджон домла Содиқовнинг оталари Анвар ҳожи отанинг вафоти муносабати билан у кишининг яқинларига чуқур таъзия изҳор этади.
Охират сафарига кузатилган отахон эл корига ярайдиган, дину диёнат йўлида хизмат қиладиган фарзанд ва невараларни ўстирдилар, чиройли тарбия қилдилар.
Аллоҳ таоло марҳум отахоннинг барча солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ айлаб, Ўз мағфиратига олсин. Ҳақ таоло марҳум отахоннинг яқинлари, фарзанду аржумандларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларига ажру мукофотлар ато этсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси, уламолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан Умиджон домла Содиқовга, у кишининг оила аъзолари, ёр-биродарлари, яқинларига ҳамдардлик билдирамиз.
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.
«Мусибат етганда «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз», деган сабрлиларга хушхабар беринг».
Ўзбекистон мусулмонлари идораси