Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси “Шамсуддинхон Бобохонов” нашриёт матбаа ижод уйи бош директори Султонбек Имомназаровнинг боболари Имомназар отанинг вафоти муносабати билан у кишининг яқинларига чуқур таъзия билдиради.
Охират сафарига кузатилган отахон эл корига ярайдиган, дину диёнат йўлида хизмат қиладиган фарзанд ва невараларни ўстирдилар, чиройли тарбия қилдилар.
Аллоҳ таоло марҳум отахоннинг барча солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ айлаб, Ўз мағфиратига олсин. Ҳақ таоло марҳум отахоннинг яқинлари, фарзанду аржумандларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларига ажру мукофотлар ато этсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси, уламолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан Султонбек Имомназаровга, у кишининг оила аъзолари, ёр-биродарлари, яқинларига ҳамдардлик билдирамиз.
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.
«Мусибат етганда «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз», деган сабрлиларга хушхабар беринг».
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Мадина шаҳрида Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан боғлиқ бўлган бир неча ўнта муқаддас жойлар мавжуд. Улардан бири — Бану Унайф масжиди бўлиб, у Кубо масжидидан жанубий-ғарбий томонга, ал-Уъсба маҳалласига 500 метрдан яқинроқ бўлган масофада жойлашган.
IQNA ахборот агентлиги Саудия Арабистонининг “VAS” агентлигига таяниб хабар беришича, ушбу тарихий масжид ўз номини Кубо аҳли билан иттифоқчи бўлган Бали қабиласининг тармоғи — Бану Унайф қабиласи номи билан атаган.
Баъзи тарихчилар ушбу масжидни ”Ас-Субҳ” ёки “Ал-Мусаббаҳ” номлари билан ҳам билишади. Масжид ўзининг асл ва содда меъморчилиги билан танилган: у қора тусли вулқон тошларидан қурилган ва унинг том қисми йўқ. Масжид майдони тахминан 37,5 квадрат метрни ташкил қилади.
Мадина минтақасини ривожлантириш бошқармаси томонидан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан боғлиқ жойларни сақлаш ва Саудия Арабистонидаги “Нигоҳ – 2030 дастури” мақсадларига мувофиқ равишда ушбу масжид капиталь таъмирдан чиқарилди.
Бану Унайф масжиди маданий ва диний туризм лойиҳаларига киритилган бўлиб, Мадина минтақасини ривожлантириш бошқармаси уни амалга оширишни назорат қилмоқда. Бу эса зиёратчиларни Мадинадаги тарихий ва диний жойлар билан таништиришга қаратилган комплекс ёндашувнинг бир қисми саналади.
Манбалар асосида
Илёс Аҳмедов тайёрлади