Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбариятининг аҳоли билан самимий мулоқоти кўплаб муаммоларни ҳал этишда муҳим омил бўлмоқда. Айниқса, фуқаролар қабули давомида ҳар бир мурожаат эътиборга олиниб, ўз ечимини топаётгани қувонарли ҳол.
Бугун, 13 август куни Диний идора раиси ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов фуқароларни қабул қилиб, мурожаат, арз ва таклифларини эшитди. Қабул чоғида улар томонидан кўтарилган диний таълим, ҳаж-умра, масжидлар ҳолати, оилавий муаммо ва моддий ёрдам олиш сингари масалалар кўриб чиқилди.
Жумладан, оилавий муносабатларда келганларга муаммолар ечими бўйича маслаҳатлар, шаръий масалалар ечими юзасидан тавсиялар ва моддий ёрдам сўраганларга белгиланган тартибда кўмак берилди.
Бу каби қабул жараёнлари Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ҳудудлардаги вакилликлари ва барча жоме масжидларида ҳам ҳафтанинг ҳар чоршанба куни имом-домлалар томонидан амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Пайариқ туманида вилоят ҳокимлиги ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси вилоят вакиллиги ташаббуси билан шаҳар ва туман имом-хатиблари, иқтидорли имомлар ҳамда 65 нафар ҳожилар иштирокида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. Унда халқ билан, кенг жамоатчилик билан яқин мулоқотни йўлга қўйиш ва юзага келаётган муаммоларни ҳал этиш юзасидан фикрлар билдирилди. Бу бўйича қилиниши лозим бўлган вазифалар белгилаб олинди.
Тадбир давомида йиғилиш қатнашчилари ҳудуддаги ижтимоий аҳволи оғир, бемор ва ногиронлиги бор оилалар яшайдиган хонадонларга боришди. Уларни қийнаётган муаммолар ўрганилди. “Вақф” хайрия жамоат фондининг Самарқанд вилояти филиали томонидан 50 та ногирони бор ана шундай оилаларга озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди.
Шунингдек, вилоятда диний-маънавий муҳитни соғломлаштириш йўлида фаол иштирок этиб келаёган беш нафар амалиётчи моддий жиҳатдан рағбатлантирилди.
Vaqf.uz