#Сайёр_йиғилиш
Шу йил 12 август куни Янги ҳаёт туманидаги «Ниёзмат ота» жоме масжидида сайёр йиғилиш ўтказилди.
Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов олиб борган йиғилишда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент шаҳар вакиллиги масъул ходимлари, туманлар бош имом-хатиблари, уламолар, отинойилар ҳамда «Ҳаж 2025»да ҳажга борган ҳожи оталар ва ҳожи оналар иштирок этишди.
Дастлаб Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов кун давомида амалга ошириладиган ишлар кўлами, Ишчи гуруҳ аъзолари ҳамда имом-хатиблар ҳамкорлигининг муҳим жиҳатлари хусусида йиғилганларга тушунчалар бердилар.
Шундан сўнг тумандаги барча масжидлар имом-хатиблари ҳожилар билан биргаликда ҳудуддаги маҳаллаларга чиқиб, юзга яқин хонадонга киришди.
Тадбир доирасида кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилалар, жисмоний имконияти чекланган юртдошларимиз ҳолидан хабар олиниб, уларга зарур тавсиялар берилди.
Адашиб турли оқимлар таъсирига тушиб қолган ёшлар билан ҳам яккама-якка суҳбатлар олиб борилди.
Тадбирни ўтказишдан мақсад юртимизда инсон қадри, шаъни улуғ эканини, одамларга яхшилик улашиб яшаш, юртимизда ҳукм сураётган тинчликнинг қадрига етиш, ўзаро ҳамжиҳатликни таъминлаш, ёшларимизни турли ёт ғоялардан асрашдир.
100 та оилага кириш 100 хил муаммо ва шунча ечим дегани.
Тадбир иштирокчилари яна «Ниёзмат ота» жоме масжидига қайтиб, амалга оширилган ишларни ўртага ташлаб, келгусидаиг режаларни белгилаб олишди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Тошкент шаҳар вакиллиги
Матбуот хизмати
Дунё мусулмонлари ҳаётига оид энг ишончли ва холис маълумотлар эълон қилувчи таниқли “Islamonweb” порталида Малайзия халқаро ислом университети профессори Шукран Абдулраҳмон ва Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори ўринбосари Шаҳзод Исломовнинг “Илм – миллий тараққиёт ва глобал тинчликнинг мустаҳкам пойдевори” мавзусидаги мақоласи эълон қилинди.
Мақолада таъкидланганидек, бой илмий-маънавий асосга эга Янги Ўзбекистонда сўнгги йилларда халқаро илмий ҳамжамият эътиборини ўзига тортган муҳим ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон миллий қадриятлар, тарихий тажриба ва замонавий билимларни уйғунлаштириш орқали барқарор тараққиётга интилмоқда. Бу юртдаги барча ижобий ўзгаришлар халқ эҳтиёжи ва орзу-истакларига асосланиб, бағрикенглик, тараққиёт ва маърифат тамойилларига содиқ қолган ҳолда олиб борилмоқда.
Мақолада ёзилишича, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ғояси асосида ташкил этилган Халқаро исломшунослик академияси, Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ҳадис илми мактаби, Мир Араб олий мадрасаси қисқа вақт ичида улкан илмий лойиҳаларни амалга ошириб, Ўзбекистоннинг илм-маърифат маркази сифатидаги халқаро имижини юксалтиришга хизмат қилмоқда.
Н.Усмонова,
ЎзА мухбири