Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у киши айтадилар: "Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бундай деганларини эшитдим: "Қачон банда намоз ўқигани турса, гуноҳлари унинг боши ва елкаси устига олиб келинади. Ҳар гал руку ва сажда қилганида гуноҳлари бирин кетин тўкилади" (Имом Байҳақий ривояти).
Қашқадарё вилоятида масжид ва муқаддас қадамжоларни обод этиш ҳамда янги маърифат масканларини барпо этиш бўйича хайрли ишлар изчил давом эттирилмоқда.
Ана шундай бунёдкорлик лойиҳаларидан бири сифатида Қарши шаҳридаги тарихий «Хонақоҳ» жоме масжидини янги биносини қуришга киришилди. Жорий йилнинг 3 август куни ушбу қурилиш ишларига бағишланган маросим бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қашқадарё вилояти вакили, вилоят бош имом-хатиби Раҳматилло домла Усмонов ҳамда маҳаллий нуронийлар иштирок этиб, янги бинонинг биринчи ғиштини қўйдилар.
Маросим якунида йиғилганлар юрт тинчлиги, эл фаровонлиги ва масжид қурилиши хайрли якунланишини тилаб дуо қилдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати