Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у киши айтадилар: "Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бундай деганларини эшитдим: "Қачон банда намоз ўқигани турса, гуноҳлари унинг боши ва елкаси устига олиб келинади. Ҳар гал руку ва сажда қилганида гуноҳлари бирин кетин тўкилади" (Имом Байҳақий ривояти).
Бугун Қумқўрғон туманидаги “Шоҳ Машраб” жоме масжидида имом-хатиблар, ноиблар ва отинойилар иштирокида 2025 йил якунлари ҳамда 2026 йилдаги устувор вазифаларга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Тадбирда Ҳафизулло домла Зайниев сўзга чиқиб, юртимиздаги диний-маърифий ислоҳотлар ва соҳа ходимларининг жамиятдаги ўрни, хусусан, имомларнинг шахсий намуна бўлишлари муҳимлигини таъкидлади. Дин ишлари бўйича қўмитанинг туман бўйича бош мутахассиси Шохруҳмирза Мамадиев эса ҳудуддаги хайрия ишлари ва маънавий тарғибот тадбирларининг самарадорлигига тўхталди.
Йиғилишда отинойилар олдида турган долзарб вазифалар — «маҳаллабай» ишлаш, оилаларни яраштириш ва бидъат-хурофотларга қарши курашиш масалалари алоҳида муҳокама қилинди.
Тадбир якунида фаол имомлар ва отинойилар туман ҳокимлигининг ташаккурномалари билан тақдирланди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати