Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
“Агар Роббинг хоҳласа, бундай қилмас эдилар” (Анъом сураси, 112-оят).
Воқеликда содир бўлаётган ҳодисаларни ваҳий назари билан ўқиш мўминни Аллоҳнинг динига ёрдам беришга ундайди, у Аллоҳнинг тадбири билан хотиржам, Унинг қазоси (тақдири)га рози бўлган ҳолда, оқибат тақводорлар учун эканига ишонч ҳосил қилади.
Зотан, осмонлар ва Ерни бошқариш калитлари Унга (Аллоҳга) тегишли. У хоҳлаганини азиз қилади, хоҳлаганини хор қилади, яхшилик Унинг қўлидадир ва У ҳамма нарсага қодирдир.
Аҳмад Абдулмунъим
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бир кўзи ожиз киши ўзининг суюкли аёли, солиҳ ўғли ва вафодор дўсти билан бахтиёр яшар эди. Аммо бир нарса унинг ҳаёти тўкис бўлишидан тўсарди. У ҳам бўлса кўзининг ожизлиги бўлиб, у қандай бахтиёр эканини ўз кўзи билан кўришни истарди.
Кунларнинг бирида унинг шаҳрига жуда кучли табиб келиб қолди. У табибнинг олдига шифо излаб борди. Табиб унга бир дори бериб уни мунтазам ишлатишини ва тез орада соғайиб қайсидир лаҳзада бу дунёнинг нурини кўриши мумкинлигини айтди.
Кўзи ожиз киши дорини умидсизлик билан ишлата бошлади. Кунларнинг бирида у уйининг боғида ўтирганда тўсатдан кўзи кўра бошлади. У хурсандлигидан жинни бўлаёзди. Шу аснода яқинларига бунинг хабарини бериш учун уйи томон югурди. Не кўз билан кўрсинки, суюкли аёли дўсти билан унга хиёнат қилар, бошқа хонага ўтса ўғли уйдаги баъзи нарсаларни ўғирларди. У ўзи ўтирган жойига қайтаркан: “У табиб эмас, ҳақиқий лаънати сеҳргар экан”, дея бақирарди. У жаҳл билан қўлига михни олиб кўзини яна кўр қилди. Шундай қилиб яна ўзи ўрганиб қолган саодатли ҳаётга қайтди...
Шуъла: Ичингиздаги ваҳима жисмингиздаги касалликлардан кўра хавфлироқдир.