Юртимизнинг маънавият ва маърифат равнақ топиши, аҳолимизнинг диний билим ва маънавий дунёқарашини юксалтиришда оммавий ахборот воситаларининг ўрни беқиёс. Хусусан, Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан чоп этиб келинаётган «Ҳидоят», «Мўминалар» журналлари ҳамда «Ислом нури» газетаси ҳам халқимиз кўнглидан жой олган нашрлар ҳисобланади.
Ушбу нашрларни кенг китобхонлар оммасига тарғиб қилишда фаоллик кўрсатган бир гуруҳ соҳа ходимлари «Шамсуддинхон Бобохонов» нашриёти жамоаси томонидан тақдирланди.
Фарғона вилояти вакиллигида ўтказилган мазкур тадбирда вилоят бош имом-хатиби Убайдуллоҳ домла Абдуллаев ва нашриёт уйи бўлим бошлиғи Толибжон Низомов иштирок этиб, эътибор ва эътирофга сазовор бўлган имомларни самимий табриклашди. Шунингдек, уларга нашриёт совғалари топширилди.
Тадбир давомида «Ҳидоят», «Мўминалар» журналлари ҳамда «Ислом нури» газеталарининг аҳолини маърифий тарбиялашдаги ўрни, ёшлар онгини соғлом ғоялар билан бойитишдаги аҳамияти алоҳида таъкидланди. Маънавият ва маърифат йўлидаги бу каби ташаббуслар халқимизнинг илмга, ахлоқий қадриятларга ва миллий анъаналарга садоқатини янада мустаҳкамлаши қайд этилиб, келгуси мавсумда ҳам тарғибот ишларида фаол бўлишга чақирилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фарғона вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати
Тошкент шаҳар Юнусобод туманидаги "Кулол-Қўрғон" жоме масжиди имом ноиби Баҳодир домла Муҳаммадиев Ўзбекистон – Буюк Британия ҳамкорлигида ўтказилган халқаро конференция доирасидаги «Буюк хизмат – Олий шараф» илмий-амалий кўрик-танловида ғолиб деб топилди.
Имом-домламизнинг илмий фаолияти, таълим соҳасидаги ташаббуслари ҳамда фидокорона меҳнатлари юқори баҳоланиб, у киши «Буюк хизмат – Олий шараф» халқаро эсдалик ва шараф нишонлари ҳамда махсус гувоҳнома билан тақдирландилар.
Баҳодир домлани ушбу юксак эътироф билан самимий қутлаймиз!
Аллоҳ таоло домламизнинг илмларини бундан-да зиёда қилсин, динимиз ва эл-юртимиз ривожи йўлидаги ижодий ва илмий фаолиятларига барака берсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати