Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
07 Январ, 2026   |   18 Ражаб, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:24
Қуёш
07:49
Пешин
12:34
Аср
15:29
Шом
17:14
Хуфтон
18:32
Bismillah
07 Январ, 2026, 18 Ражаб, 1447
Мақолалар

Улар фажр аҳлидир

03.09.2025   11115   5 min.
Улар фажр аҳлидир

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Бир жамоа борки, Аллоҳ таоло уларни Ўз тавфиқи ила қўллаган ва уларни дунёнинг ўзидаёқ иззат-икром қилган. Уларнинг юзлари нурли, пешоналари ялтираган ва вақтлари баракалидир. Сиз ҳам ана ўша жамоанинг бир аъзоси бўлинг ва Аллоҳга кўп ҳамд айтинг. Аллоҳдан сизни ҳам ўша жамоанинг бир вакилига айлантиришини сўраб дуою илтижолар қилинг.

Улар фажр аҳлидир... Улар бомдод намозини масжидда жамоат билан адо этишга иштиёқлари баланд бўлганлардир. Уларнинг тонг-саҳарлаб қиладиган амаллари қандай ҳам гўзал! Уларга фаришталар гувоҳ бўлади. Бомдодни жамоат билан ўқиган киши гўё туннинг барини ибодат билан ўтказган ҳисобидадир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким хуфтонни жамоат билан ўқиса, тунниг ярмида ибодат қилгандай бўлади. Бомдодни ҳам жамоат билан адо этса, туннинг барини ибодат билан ўтказган кабидир”[1], деганлар. 

Бу ишга шошилиш, ҳаракатда бўлиш жаннат сари етак­лайди. Бомдоддан кейинги вақтга барака ёғилади. Набий алайҳиссалом: “Ё Аллоҳ! Умматимнинг саҳарги вақтига барака бер”[2], дея дуо қилганлар.

Фажр аҳли – улар Аллоҳ томон чорлаётган жарчининг: “Намозга келинг... Нажотга келинг...” деган чақириғига “Лаб­бай” деяётган кишилардир. “Намоз уйқудан яхшироқдир...” деган иборани эшитганлари замон ҳушёр тортган ва бандалик ҳиссини англаб етганларга Аллоҳнинг саломи бўлсин! Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қоронғу пайтлари масжид томон юриб борадиган кишиларга қиёмат кунидаги мукаммал нурнинг хушхабарини беринглар”[3], деганлар.

Эй фажр аҳли! Улкан ажр ила мусобақада ўзиб кетдингиз. Дунё матоҳларига, нафсига эргашганларга ҳавас кўзи билан боқманг. Чунки уларда ҳавас қилинадиган нарсанинг ўзи йўқ. Ундан кўра сизларга бериладиган Аллоҳнинг фазли ва раҳматидан суюнинглар, хурсанд бўлинглар.

Эй фажр аҳли! Жаннатда Аллоҳнинг жамолини кўриш бахти муборак бўлсин! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Яқинда сизлар шу ойни кўрганларингиз каби Роббингизни тиқилинчсиз кўрасизлар. Қуёш чиқишидан олдинги ва ботганидан кейинги намозни қўлдан бой бермасликни уддалай олсангиз, шундай қилинглар!” дедилар. Кейин эса: “Қуёш чиқишидан илгари ва ботишидан аввал Роббингизга ҳамд билан (Унга) тасбеҳ айтинг (намоз ўқинг)!..»[4] оятини ўқидилар[5].

Эй фажр аҳли! Одамлар мол-дунё, хотинлар билан чалғиганда, сиз вақтда барака, тетиклик ҳамда жаннат мукофоти ила уйга қайтишга рози бўласизми?!

Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Қуёш чиқиши ва ботишидан аввал намоз ўқиган киши ҳеч қачон жаҳаннамга кирмайди”[6], деганлар. Бу ҳадисда айтилган вақтлардаги намоз бомдод ва асрдир.

Эй фажр аҳли! Сизлар Аллоҳнинг ҳифзу ҳимоясидасиз. Жонларингиз хуш, жасадларингиз бардам... Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Ким бомдод намозини ўқиса, у Аллоҳнинг ҳимоясидадир”[7].

Бошқа бир ҳадисда эса ушбу маънолар мужассам: “Ким ғафлат уйқусида бўлса, шайтон унинг гарданига учта тугун тугади ва ҳар бир тугунга: “Ҳали тун узоқ, ётавер!” дея дам уради. Киши уйқудан турса ва Аллоҳни ёдга олса, битта тугун ечилади. Таҳорат олганида яна битта тугун ечилади. Намоз ўқиса, охирги тугун ҳам ечилади. Кейин бояги одам тетик бўлиб қолади. Тугунлар ечилмай шу ҳолда қолса, одам тубан бўлиб, дангасага айланади”[8].

Фажр аҳлининг сафига қўшилинг! Аллоҳнинг зиммасида бўласиз. Яхши кишилар дафтарига номингиз битиб қў­йилади. Саодатни қўлга киритасиз ва мунофиқликдан омонда бўласиз. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мунофиқ кимсаларга хуфтон ва бомдоддан-да оғирроқ намоз йўқ. Агар улар бу намозлар ўз ичига нималарни яширганини билишганида эди, эмаклаб бўлса ҳам келишган бўлишарди”[9],  деганлар.


Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.


[1]  Имом Муслим ривояти.
[2]  Имом Аҳмад, Имом Абу Довуд, Имом Термизий ва Ибн Можа ривояти.
[3]  Имом Термизий ва Имом Абу Довуд ривояти.
[4]  Тоҳо сураси, 130-оят.
[5]  Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти.
[6]  Имом Муслим ривояти.
[7]  Имом Муслим ривояти.
[8]  Муттафақун алайҳ.
[9]  Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти.

 

 

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

СУКУТ сақлашнинг 702 та энг муҳим ФОЙДАСИ (2-қисм)

07.01.2026   233   18 min.
СУКУТ сақлашнинг 702 та энг муҳим ФОЙДАСИ (2-қисм)

Фақат АСОСИЙЛАРИни санаб ўтамиз. (Мақола 5 қисмдан иборат)

УЛУҒ  УСТОЗ  УЛАМОЛАРИМИЗ  баён  қилиб  берганлар:

ДОНО ХАЛҚИМИЗ МАҚОЛЛАРИ:

 

  • Тилни тийган бой бўлар.

 

  • Катта тишласанг ҳам, катта гапирма!

 

  • Сўз кўрки — мақол.

 

  • Етти ўйлаб, бир кес.

 

  • Олдин ўйла, кейин сўйла.

 

  • Дунёни ел бузар,
    Одамни — сўз.

 

  • Айтдим — тутилдим,

Айтмадим — қутулдим.

 

  • Гапирганинг — кумуш,

Гапирмаганинг — олтин.

 

  • Тил суяксиз бўлса ҳам, суякни янчий олар.

 

  • Ёмон тил ё жонга урар,
    Ё — имонга.

 

  • Сукут сўздан афзал.

 

  • Кўп гап — эшакка юк.

 

  • Ариқни сув безар,
    Одамни — сўз.

 

  • Ёмон сўз эгасига қайтар.

 

  • Айтар сўзни айт,
    Айтмас сўздан қайт.

 

  • Айтилган сўз — отилган ўқ.

 

  • Гапнинг ози яхши,
    Қизнинг — нози.

 

  • Гапнинг қисқаси — яхши,
    Қисқасидан ҳиссаси — яхши.

 

  • Сукут — гул.

 

  • Анжом — уй зийнати,
    Сўз — инсон зийнати.

 

  • Аччиқ савол бериб,
    Ширин жавоб кутма.

 

  • Яхши сўз кулдирар,
    Ёмон сўз ўлдирар.

 

  • Суйдирган ҳам тил,
    Куйдирган ҳам тил.

 

  • Аччиқ тил — заҳри илон,
    Чучук тилга — жон қурбон.

 

  •  Ўзига боқма, сўзига боқ.

 

  • «Баракалла»га қуйи меҳнат қилиб ўлар.

 

  • Бир таваккал бузади,
    Минг қайғунинг қалъасин.

Бир ширин сўз битказар,
Минг кўнгилнинг ярасин.

 

  • Бир яхши гап эсдан чиқмас,
    Бир — ёмон гап.

 

  • Бировнинг ўзи ғар,
    Бировнинг сўзи ғар.

 

  • Буғдой нонинг бўлмасин,
    Буғдой сўзинг бўлсин.

 

  • Гапда ғийбат ёмон,
    Дардда — қуёнчиқ.

 

  • Гапдан гап чиқар,
    Чўпдан — хас.

 

  • Гапи гапга ўхшамас,
    Оғзи гапдан бўшамас.

 

  • Гапи сассиқнинг ўзи сассиқ.

 

  • Гапи тўмтоқнинг ўзи тўмтоқ.

 

  • Гапи тўнгнинг ўзи тўнг.

 

  • Гапнинг ёмони пичир.

 

  • Гўшт-ёғ берма, яхши тил бер.

 

  • Доннинг аччиғи яхши,
    Сўзнинг — ширини.

 

  • Дуо билан эл кўкарар,
    Ёмғир билан ер кўкарар.

 

  • Дуо олган кўкарар,
    Туҳмат олган оқарар.

 

  • Дуо олган омондир,
    Қарғиш олган ёмондир.

 

  • Ёмон гап — бош қозиғи,
    Яхши гап — жон озиғи.

 

  • Ёмон гап ер тагида уч йил ётар.

 

  • Ёмон гап тарсакидан ёмон.

 

  • Ёмон гапнинг оёғи олти.

 

  • Ёмон сўз бўлмаса,
    Яхши сўз бўлмайди.

 

  • Ёмон сўзлаб совутма,
    Жон оғритиб овутма.

 

  • Ёмон сўзнинг қаноти бор.

 

  • Ёмоннинг тили бор,
    Яхшининг — дили.

 

  • Ёмоннинг юзи қурсин,
    Гапирган сўзи қурсин.

 

  • Ёмоннинг яхши сўзидан,
    Яхшининг ёмон сўзи яхши.

 

  • Жиғли қарғиш жиғини топар,
    Жиғсиз қарғиш — ўзини.

 

  • Заҳар тил суякни ёрар.

 

  • Илиқ сўз — шакар,
    Совуқ сўз — заҳар.

 

  • Иссиқ кийим танни илитар,
    Иссиқ сўз жонни илитар.

 

  • Кишининг ўзи етмаган ерга сўзи етар.

 

  • Куч эгмаганни сўз эгар.

 

  • Кўздан кўзинг тойса,
    Сўздан кўнглинг тояр.

 

  • Кўнгилни қўл билан овламасанг,
    Тил билан овла.

 

  • Кўнгилсиз гапнинг кечиккани яхши.

 

  • Мазали сўзга қулоқ чарчамас.

 

  • Маъқул сўзга қорув йўқ.

 

  • Минг чечанни бир эзма енгар.

 

  • Муздан сув томар,
    Сўзамолдан — бол.

 

  • Овни — озиқ билан,
    Одамни — сўз билан.

 

  • Овқатни туз мазали қилар,
    Одамни — сўз.

 

  • Одам гап билан,
    Ҳайвон ўт билан.

 

  • Одам сўзи билан синалар,
    Ош — тузи билан.

 

  • Одам — сўзлашгунча,
    Йилқи — кишнашгунча.

 

  • Одам сўзлашиб танишар,
    Ҳайвон — ҳидлашиб.

 

  • Одам сўзлашар,
    Ҳайвон ялашар.

 

  • Олим сўзи оз,
    Оз бўлса ҳам соз.

 

  • Орқадаги гап — оғилдаги тезак.

 

  • Очиқ тил ош едирар,
    Аччиқ тил тош едирар.

 

  • Оқ дегани — олқиш,
    Қора дегани — қарғиш.

 

  • Оғизга келган сўз арзон,
    Овулга келган бўз арзон.

 

  • Оғиздан чиққан сўз қайтмас.

 

  • Оғриган жойга қўл югурар,
    Оғритар сўзга тил югурар.

 

  • Пичир-пичирдан ўт чиқар.

 

  • Пулинг бўлмаса, бўлмасин,
    Ширин сўзинг бўлсин.

 

  • Сабр қилган мой ошар,
    Олқиш олган кўп яшар.

 

  • Сен ҳам — бир оғиздан,
    Сиз — ҳам.

 

  • Совуқ гап юракни музлатар.

 

  • Сув ўз йўлини топар,
    Сўз — ўз эгасини.

 

  • Суяксиз тил суяк синдирар.

 

  • Сўз — бир, сайқал — қирқ.

 

  • Сўз калтада,
    Ун халтада.

 

  • Сўз найзадан ўткир.

 

  • Сўз оёқдан илгари борар.

 

  • Сўз ожизи бўлгунча,
    Кўз ожизи бўл.

 

  • Сўз суякдан ўтар,
    Таёқ — этдан.

 

  • Сўз чумчуқ эмас,
    Оғиздан чиқса, тутиб бўлмас.

 

  • Сўз эмгак бўлар,
    Бўз — кўйлак.

 

  • Сўзда қанқув ёмон,
    Дардда — санчув.

 

  • Сўздан сўзнинг фарқи бор,
    Ўттиз икки нархи бор.

 

  • Сўздан сўз чиқар,
    Сўзламасанг на чиқар.

 

  • Сўзи нодурустнинг ўзи нодуруст.

 

  • Сўзлагандан сўзламаган яхшироқ,
    Сўзлаб эдим, бошимга тегди таёқ.

 

  • Сўзни бир эзмадан сўра,
    Бир — кезмадан.

 

  • Сўзни сўз очар.

 

  • Сўзнинг бойлиги — одамнинг чиройлиги.

 

  • Сўзнинг ёмони — санчиқ,
    Дарднинг ёмони — қуёнчиқ.

 

  • Сўзнинг онаси — қулоқ,
    Сувнинг онаси — булоқ.

 

  • Таёғи йўғон бирни урар,
    Сўзи йўғон мингни урар.

 

  • Танбаллик — кулфат,
    Маҳмаданалик — офат.

 

  • Таом лаззати ўзида.
    Одам лаззати — сўзида.

 

  • Тил — ақл безаги.

 

  • Тил — ақл тарозуси.

 

  • Тил — ақл ўлчови.

 

  • Тил бор, бол келтирар,
    Тил бор, бало келтирар.

 

  • Тил — дил калити.

 

  • Тил — дил таржимони.

 

  • Тил — дил жарчиси.

 

  • Тил тиғи қилич тиғидан ўткир.

 

  • Тил югуриги — бошга,
    Оёқ югуриги — ошга.

 

  • Тил яхшиси бор этар,
    Тил ёмони хор этар.

 

  • Тил тиғдан ўткир.

 

  • Тилга ихтиёрсиз — элга эътиборсиз.

 

  • Тилга эътибор — элга эътибор.

 

  • Тилга эҳтиёт — элга эҳтиёт.

 

  • Тили нопок — ўзи нопок.

 

  • Тили шириннинг дўсти кўп.

 

  • Тилни боғла дил билан,
    Дилни боғла тил билан.

 

  • Тиғ жароҳати битар,
    Тил жароҳати битмас.

 

  • Тоза сувни ер олар,
    Яхши сўзни эл олар.

 

  • Тузсиз ошнинг эпи осон,
    Тузсиз гапнинг эпи қийин.

 

  • Тўқсон оғиз сўзнинг тўқсонта тугуни бор.

 

  • Узун тил — бошга тўқмоқ,
    Бўйинга — сиртмоқ.

 

  • Узун тил — умр заволи.

 

  • Узун тилим — узгин тилим,
    Қисқа тилим — тизгин тилим.

 

  • Фил кўтармаганни тил кўтарар.

 

  • Хабар — шамолдан тез.

 

  • Хотин сўзини қондирар,
    Эр уруғидан тондирар.

 

  • Хушхабарнинг минг қаноти бор.

 

  • Чин сўз — мўътабар,
    Яхши сўз — мухтасар.

 

  • Шакар ҳам тилда,
    Заҳар ҳам тилда.

 

  • Ширин сўз шакардан ширин.

 

  • Ширин сўз ўликни ҳам тирилтирар.

 

  • Ширин сўз — қаймоқли айрон,
    Аччиқ сўз — бўйнига арқон.

 

  • Ширин-ширин сўзласанг,
    Илон инидан чиқар.

Аччиқ-аччиқ сўзласанг,
Мусулмон динидан чиқар.

 

  • Ширин юзингдан ширин сўзинг аъло.

 

  • Эгасиз қарғиш эгасини топар.

 

  • Эл бор ерда сўз бор.

 

  • Эл қўшиқ билан тирик.

 

  • Эл ғазнаси — эски сўз.

 

  • Элдаги гап — дилдаги гап.

 

  • Элли(к) гапдан белли гап яхши.

 

  • Элни севсанг, элча гапир.

 

  • Эр бойлиги — йўлда,
    Сўз бойлиги — тилда.

 

  • Эр — лафзидан,
    Қўй — бўғзидан.

 

  • Эр сўзи — эл сўзи.

 

  • Этиги ёмон тўр булғар,
    Оғзи ёмон — эл.

 

  • Юз юздан ширин,
    Сўз сўздан ширин.

 

  • Яхши гап билан илон инидан чиқар,
    Ёмон гап билан пичоқ қинидан чиқар.

 

  • Яхши гапга қулоқ сол,
    Ёмон гапга улоқ сол.

 

  • Яхши гапнинг ҳам қулоғи бор,
    Ёмон гапнинг — ҳам.

 

  • Яхши нақл — томири ақл.

 

  • Яхши ош бергунча, яхши сўз бер.

 

  • Яхши оғизга — ош,
    Ёмон оғизга — тош.

 

  • Яхши сўз болдан ширин.

 

  • Яхши сўз бўлдиради,
    Ёмон сўз куйдиради.

 

  • Яхши сўз ийдирар,
    Ёмон сўз бездирар.

 

  • Яхши сўз — кўнгил подшоси.

 

  • Яхши сўз суюнтирар,
    Ёмон сўз куюнтирар.

 

  • Яхши сўз — юрак ёғи,
    Ёмон сўз — юрак доғи.

 

  • Яхши сўз — юракка малҳам,
    Ёмон сўз — юракка ғам.

 

  • Яхши сўзга учар қушлар эл бўлар,
    Ёмон сўзга пашша кучи фил бўлар.

 

  • Яхши сўздан — вафо,
    Ёмон сўздан — вабо.

 

  • Яхши сўздан мой эрийди,
    Ёмон сўздан сой қурийди.

 

  • Яхши сўзнинг мазасини билмаган,
    Ёмон сўзнинг иззасини билмас.

 

  • Яхшининг сўзи — олтин,
    Ёмоннинг сўзи — болта.

 

  • Яхшининг сўзи тошни эритар,
    Ёмоннинг сўзи бошни чиритар.

 

  • Яхшининг сўзи — қаймоқ,
    Ёмоннинг сўзи — тўқмоқ.

 

  • Яхши-яхши деса,
    Кунда тариқдай яхшилик қўшилар эмиш.

Ёмон-ёмон деса,
Кунда тариқдай ёмонлик қўшилар эмиш.

 

  • Ўз ақлинг ақлдир,
    Элнинг ақли нақлдир.

 

  • Ўзи совуқнинг — сўзи совуқ.

 

  • Ўн оғиз сўз минг оғиз бўлар.

 

  • Ўтарчининг наштари енг ичида,
    Заҳар хотин наштари тил учида.

 

  • Ўттиз тишдан чиққан сўз,
    Ўттиз уруққа тарқалар.

 

  • Ўқ бирни ўлдирар,
    Сўз — мингни.

 

  • Қарғишнинг икки учи бўлар.

 

  • Қаттиқ гап қариндошга ҳам ёқмас.

 

  • Қизил тилим бўлмаса,
    Қишлар эдим элимда.

Яшил тилим бўлмаса,
Яйрар эдим элимда.

 

  • Қизил тилим тиёлмадим,
    Қизимникига боролмадим.

 

  • Қуруқ сўз бош оғритар,
    Ёриқ қошиқ оғиз йиртар.

 

  • Қўйнинг қиммати — юнгида,
    Одамнинг қиммати — сўзида.

 

  • Севдирган ҳам тил,
    Бездирган ҳам тил.

 

  • Сел ариқни бузар,
    Ёмон сўз — дилни.

 

  • Қулоқдан кирган совуқ сўз
    Кўнгилга бориб муз бўлар.

 

  • Қўтир қўлдан юқар,
    Бало — тилдан.

 

  • Дўст орттираман десанг,
    Ширин суҳбат қил!

Душман орттираман десанг,
Чақиртикан бўл!

 

  • Ҳар ким ўз тили билан тирик.

 

  • Яхшига қилсанг яхшилик –

Ҳам айтади, ҳам қайтади.

Ёмонга қилсанг яхшилик –

На айтади, на қайтади.

 

  • Яхши сўз тўрга элтар,
    Ёмон сўз — гўрга.

 

  • Ҳар меванинг пўчоғи бор,
    Ҳар сўзнинг ўлчови бор.

 

  • Ширинсўз шоҳ косасида сув ичар.

 

  • Ҳикмат — бир ҳовуч олтин.

 

  • Оз гапир — соз гапир.

 

  • Йўл қувган хазинага йўлиқар,
    Сўз қувган — балога.

 

  • Туя ҳам муомалага чўкар.

 

  • Тилингда бўлса болинг,
    Кулиб турар иқболинг.

 

  • Яхши сўз қанд едирар,
    Ёмон сўз панд едирар.

 

  • Ёмон тил бошга бало келтирар,
    Яхши тил давлат, дунё келтирар.

 

                   Иброҳимжон домла Иномов.

Мақолалар