Сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқларда Қуръони карим оятлари битилган қоғозлардан ҳурматсизлик билан фойдаланилаётгани, уламолар, имом-хатибларни танқид қилиш, хато-камчиликларини қидириш ва ҳатто масхаралаш каби ҳолатлар кузатилмоқда. Баъзилар эса уларни обрўсизлантириш, дунёдан бехабар жоҳилга чиқаришга уринмоқда. Бундан ҳам ёмони эгнига чопон кийиб, бошига салла ўраб, бачкана қилиқлар билан илм аҳлининг устидан мазаҳлаб видео тасвирлар олиб тарқатаётган ёшлар ҳам учрамоқда.
Бундай номақбул хатти-ҳаракатлар исломий қадриятлар борасида ҳам учраётгани ташвишлидир. Яқинда ижтимоий тармоқларда Жума куни билан табриклаш борасида ҳам турли тушунмовчиликлар юзага келди. Айримлар Жума билан табриклашни масҳарабозликка айлантириб, ўзича сурату видеолар, ёзувлар тарқатишди. Баъзилар ҳайит куни аниқ бўлмагани учун турли масҳараомуз сўзлар билан шеър ёзиб оммага улашди. Афсуски, жамиятимизда бундай енгил-елпи аудио, видео ва ёзма жўнатмаларни кўпчилик яхши қабул қилади ва тез оммалашади. Лекин диний масалаларда ҳазил бўлмайди. Бу ишни қилаётганлар эса билмасдан гуноҳ орттириб олаётгани ачинарли. Албатта, бу диний билимсизлик белгиси ҳамдир.
Аллоҳ таолонинг шиорларини оёқости қилиш, улардан бирортасини масхара қилиш, камситиш, беҳурмат қилиш, хўрлаш, менсимаслик, хор қилиш мўмин кишининг кофир бўлишига сабаб бўлади.
Илло, Жума куни ҳам Ҳайит ҳам ислом шиорларидандир.
Ислом таълимотига кўра “шиор” сўзи “нишон”, “белги”, “аломат” маъноларини билдиради. Яратган Парвардигоримиз Аллоҳ таолонинг динининг кўзга кўринган ва шон-шавкатининг аломати бўлган нарсалар шиор ҳисобланади. Булар қаторига шариатимизда улуғланган зотлар – пайғамбарлар, саҳобалар, тобеинлар, авлиёлар, уламолар, илм аҳллари ҳам, Жума куни, Рамазон ойи, муқаддас ойлар, ибодат воситалари бўлмиш тасбиҳ, салла ва жойнамоз каби нарсалар ҳам киради.
Динимиз уламоларининг фатволарида бундай дейилади: “Ким азонни масхара қилса ёки Қуръони каримни енгил санаб оёқ ости қилса, ёки шаръий илмларни ёхуд уламоларни масхара қилса, ибодатларни енгил санаб бажармаса, ёки масжидни масхара қилса, кофир бўлади” (“Ғамзу уюнил басоир шарҳ ашбоҳ ван-назоир” китоби).
Аллоҳ таоло ислом шиорларини қадрлашга тарғиб қилган ва уларни топташ, масхара қилишдан қаттиқ қайтарган. Жумладан, Ҳақ таоло Қуръони каримда: “(Гап) шудир. Яна кимки Аллоҳнинг шиорлари (қурбонликлар)ни улуғ деб билса, бас, албатта, (бу) дилларнинг тақвосидандир” (Ҳаж сураси 32 оят), – деб хитоб қилган.
Савбон разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам шариатнинг шиорини паст санаганларни қаттиқ қоралаб бундай деганлар: “Аниқ биламанки, умматим ичидаги баъзи кимсалар Қиёмат кунида Тиҳома тоғи каби улкан ҳасанотлар билан оппоқ бўлиб келишади, лекин Аллоҳ таоло уларнинг амалларини тўзиган чанг каби қилиб қўяди”. Шунда Cавбон разияллоҳу анҳу: “Ё Раcулуллоҳ, бизга уларни cифатлаб, очиқ баён қилиб берсангиз, билмасдан ўшалардан бўлиб қолмайлик!” – деди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Улар cизларнинг биродарларингиз, cизларга ўхшаган одамлардир. Улар ҳам cиз каби тунлари ибодат қилади. Лекин улар шундай одамларки, ёлғиз қолган вақтларида шариатнинг шиорларини топтайдилар”, – дедилар (Имом Ибн Можа ривоятлари).
Худди шундай Ислом динини, шариат аҳкомларини етказишдек улкан масъулиятни зиммасига олган уламолар шаънига ёмон сўзларни гапириш Аллоҳ ва Унинг расулини ғазабини келтирадиган ёмон ишдир.
Олимнинг фазлини Аллоҳ ва Унинг расули улуғлаб турса-ю, унга нисбатан ҳурматсизлик қилиш, Аллоҳ ва Унинг расулига ҳурматсизликдир. Аҳли сунна эътиқодига кўра, мусулмон катта гуноҳни қилиш билан диндан чиқмайди, лекин динни, уламоларни паст санаш билан диндан чиқиш хавфи бор. Чунки уламолар дин номидан гапирувчи шахслардир. Уларга отилган тош динга, пайғамбарга отилган ҳисобланади.
Тоҳир Бухорийнинг “Хулосатул фатово” асарида: “Ким бир олимни зоҳирий сабабсиз ёмон кўрса, унинг диндан чиқиш хавфи бор!” дейилади (Али Қорий, “Шарҳу Фиқҳил акбар”).
Илм аҳлини ҳурматлаш Аллоҳ таолони улуғлашдир. Пайғамбаримиз алайҳи вассалм: “Кексаларимизни ҳурмат қилмаган, кичикларимизга раҳм қилмаган ва олимимизни ҳаққини билмаган киши биздан эмас” деганлар (Имом Ҳоким ривоят қилган).
Қолаверса, илм аҳли ва салоҳиятли кишиларни масхара қилиш, уларни қадрини ерга уриш кофир ва мунофиқ кишиларнинг сифатидир. Бу ҳақда ояти каримада бундай дейилади:
“Кофир бўлганларга бу дунё зийнатли қилиб қўйилган. Улар имон келтирганлар устидан куладилар. Ҳолбуки, қиёмат куни тақволи бўлганлар улардан баланддирлар” (Бақара сураси, 212-оят).
Демак, билиб билмай, уламолар ва илм аҳлни, Ислом шиорларини масхара қилиш мўминга ҳам ақли роса кишига ҳам хос сифат эмас. Айниқса, мамлакатимизнинг асосий қисми Ислом динига эътиқод қилар экан, халқимизнинг миллий ва диний қадриятларини ҳурмат қилиш ҳар бир Ўзбекистон фуқаросининг бурчидир.
Толибжон НИЗОМОВ
Бухорода асрлар аввал яшаб, адолат мезонларини илм билан уйғунлаштирган фақиҳлар — “ал-қузот ас-сабъа”, яъни “Етти қози” номи билан тарихда қолган алломаларнинг ҳаёти ва илмий мероси Мовароуннаҳрда ҳуқуқий тафаккур қандай шаклланганини англашда муҳим манбалардан биридир. Уларнинг илмий силсиласи эса Бухоро билан бир қаторда Уструшана, Самарқанд ва Фарғона каби қадимий илм масканларининг ўзаро узвий боғлиқ бўлганини кўрсатади.
Тарихда айрим шаҳарларнинг номи муайян илм-фан йўналишлари билан чамбарчас боғланиб кетган. Бухоро ана шундай шаҳарлардан бири. Асрлар давомида бу заминда ҳадис, тафсир, фиқҳ, калом, тасаввуф ва бошқа илмлар ривожланди. Шу билан бирга, жамиятда адолатни таъминлаш, низоларни ҳал этиш ва ҳуқуқий муносабатларни тартибга солишга қаратилган бой тафаккур мактаби ҳам шаклланди.
Бу мактабнинг ёрқин намояндалари қаторида “ал-қузот ас-сабъа” — “Етти қози” номи билан машҳур бўлган фақиҳларни алоҳида тилга олиш мумкин.
“Етти қози” — Бухоронинг ҳуқуқий тафаккур рамзи
Ислом цивилизациясида қозилик институти оддий маъмурий лавозим эмас, балки жамиятда адолат ва ҳуқуқий тартибни таъминлашга хизмат қилган муҳим ижтимоий институтлардан бири бўлган. Қози низоларни кўриб чиқиш, шариат қоидалари асосида қарор қабул қилиш ва инсонларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш каби масъулиятли вазифаларни бажарган.
Марказий Осиёда ислом динининг кенг тарқалиши билан бу институт ҳам такомиллашиб борди. Бухоро эса ҳанафий фиқҳи тараққий этган асосий марказлардан бири сифатида танилди.
Манбаларда Бухорода яшаган, юксак илми, тақвоси, ҳалоллиги ва адолатпарварлиги билан халқ орасида обрў қозонган бир қатор фақиҳлар “Етти қози” номи билан тилга олинади.
Улар бир вақтда яшаган етти нафар қози эмас, балки турли даврларда фиқҳ ва қозилик фаолияти билан шуғулланган, ўзидан бой илмий мерос қолдирган алломалар силсиласидир. Уларнинг қабрлари Бухородаги тарихий “Чор Бакр Бухоро” мажмуасида жойлашгани ушбу масканнинг тарихий аҳамиятини янада оширади.
Шу сабабли мажмуа халқ орасида “Мазорот ал-қузот ас-сабъа” — “Етти қози мозорлари” номи билан ҳам машҳур.
Силсила бошида Уструшана фарзанди
“Етти қози” тарихининг энг диққатга сазовор жиҳатларидан бири — силсила бошида Уструшана минтақасидан етишиб чиққан буюк фақиҳ Абу Жаъфар ал-Уструшаний номи туришидир.
Унинг тўлиқ исми Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Амр (Умар) ибн Сулаймон аш-Шуъабий (аш-Шаъбий) ал-Уструшаний бўлган. Олимнинг таваллуд санаси аниқ маълум эмас. Манбаларда унинг вафоти 400/1010 ёки 404/1013 йиллар сифатида келтирилади.
Абу Жаъфар ал-Уструшаний дастлабки илмларни ўз ватани Уструшанада эгаллаган. Кейинчалик Бухорога келиб, бу ерда қозилик фаолияти билан шуғулланган ва ўз даврининг етук фақиҳларидан бири сифатида танилган.
Унинг илмий шаклланишида Уструшана, Бухоро ва Бағдод каби йирик илм марказларининг ўзаро алоқаси муҳим аҳамият касб этган. Олимнинг дастлабки устози ўз амакиси Луқмон ибн Шаъбий ибн Сулаймон ал-Уструшаний бўлган.
Кейинчалик у Бухоронинг машҳур фақиҳи Абу Бакр Муҳаммад ибн Фазл Каморий Бухорийдан ва Бағдодлик буюк ҳанафий олими Абу Бакр Аҳмад ибн Али ар-Розий ал-Жассосдан таълим олган.
Бир олимнинг устозлари силсиласининг ўзиёқ ўша даврда Мовароуннаҳр ва Ислом оламида илм алмашинуви қанчалик кенг йўлга қўйилганини кўрсатади.
Абу Жаъфар ал-Уструшанийнинг илмий мероси ҳам салмоқли. Унга “ал-Жомиъ ал-кабир”, “аз-Зиёдот” ва “Кифоят аш-Шаъбий” каби фиқҳий асарлар нисбат берилади.
Айниқса, “Кифоят аш-Шаъбий” Мовароуннаҳрда ҳанафий фиқҳи тараққиётини ўрганишда муҳим манбалардан бири ҳисобланади. Ушбу асарнинг Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида сақланаётган қўлёзма нусхалари ҳам унинг илмий қийматини намоён этади.
Абу Зайд ад-Дабусий: ҳуқуқий фикрлашда янги йўналиш
“Етти қози” силсиласининг яна бир машҳур вакили — Абу Зайд ад-Дабусий. Унинг тўлиқ исми Абу Зайд Убайдуллоҳ ибн Умар ибн Исо ад-Дабусий бўлган.
Бухоро ва Самарқанд оралиғидаги Дабусия қишлоғида туғилган аллома Қорахонийлар даврида қозилик лавозимида фаолият юритган. Шу боис манбаларда у “Қози Зайд” номи билан ҳам тилга олинади.
Ад-Дабусийни машҳур қилган жиҳатлардан бири — фиқҳий қарашлар ўртасидаги фарқларни тизимли таҳлил қилишга бағишланган “илм ал-хилоф” йўналишидаги илмий фаолиятидир.
Бугунги ҳуқуқшунослик нуқтаи назаридан қараганда, турли ҳуқуқий қарашларни таққослаш, уларнинг далилларини таҳлил қилиш ва муайян масала бўйича асосланган хулосага келиш тамойиллари ниҳоятда қизиқарлидир.
Олимнинг “Таъсис ан-назар” асари ҳам шу жиҳатдан алоҳида аҳамиятга эга. Унда фиқҳий масалаларни назарий асосда таҳлил қилиш ва турли қарашларни қиёслашга эътибор қаратилган.
Абу Зайд ад-Дабусий 430/1039 йилда вафот этган ва “Қузоти сабъа” мақбарасига дафн этилган.
Бир силсила — бир неча илмий мактаб
“Етти қози” таркибида тилга олинадиган бошқа алломалар ҳам Мовароуннаҳр ҳуқуқий тафаккури тараққиётида муҳим из қолдирган.
Улар орасида Абу Иброҳим Исмоил ибн Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ал-Мустамлий ал-Бухорий алоҳида ўрин тутади. 358/968–434/1043 йилларда яшаган бу олим фиқҳ ва тасаввуф илмларини чуқур билган. Унинг “Шарҳ ат-Таарруф” асари илмий меросининг муҳим қисмларидан бири ҳисобланади.
Бадиъуддин Аҳмад ибн Умар ал-Бухорий XII асрда яшаб, “Фатовои Бадиъ ад-дин” асари билан танилган.
Заҳируддин Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Бухорий эса Бухоро қозиси ва муҳтасиби сифатида фаолият юритган. 619/1222 йилда вафот этган олим “ал-Фавоид аз-заҳириййа” ва “ал-Фатово аз-заҳириййа” каби асарларни ёзган.
Аҳмад ибн Амр ибн Мусо ал-Бухорий ҳам Самарқанд ва Бухорода қозилик қилган олимлардан бири сифатида тилга олинади.
Силсиланинг еттинчи вакили сифатида эса аз-Завзаний номи учрайди. Бироқ бу нисба билан бир нечта олимлар машҳур бўлгани сабабли, айнан қайси шахс “Етти қози” таркибига кириши масаласи қўшимча манбашунослик тадқиқотларини талаб этади.
Бу ҳолат мавзунинг ҳали тўлиқ ўрганилмаган жиҳатлари мавжудлигини кўрсатади.
“Етти қози”дан “Тўққиз қози”гача
Қизиғи, тарихий манбаларда “Етти қози” таркибига кирувчи олимлар сони ҳақида ҳам турлича маълумотлар учрайди.
Муъин ал-фуқаронинг “Тарихи Муллазода” асарида Бухоронинг “Етти қози” қабристони ва у ерда дафн этилган алломалар ҳақида маълумотлар келтирилади.
Кейинги тадқиқотларда эса ушбу рўйхат яна кенгайтирилиб, “қузот тисъа” — “Тўққиз қози” тушунчаси ҳам илмий муомалага киритилган.
Араб тадқиқотчиси Субҳий Жамил ал-Хайёт Шайх Шоҳ Валийюллоҳ Деҳлавийнинг “ал-Инсоф” асарига таяниб, Бухоронинг буюк ҳуқуқшунослари қаторига Абул Юср ал-Баздавий, Фахрул-ислом ал-Баздавий, Абул Маолий Аҳмад ал-Баздавий ва Қозихон Узгандий каби алломаларни ҳам киритади.
Уларнинг ҳар бири Мовароуннаҳрда фиқҳ ва усулул-фиқҳ тараққиётига катта ҳисса қўшган.
Демак, “Етти қози” атамаси қатъий ёпиқ рўйхатдан кўра, Бухоро ҳуқуқий-илмий муҳитида шаклланган тарихий анъанани ифодаловчи тушунча сифатида ҳам намоён бўлади.
Бухородан кенгроқ илмий макон
“Етти қози” тарихини ўрганиш яна бир муҳим ҳақиқатни очиб беради: ўрта асрларда илм-фан муайян шаҳар ёки ҳудуд доираси билан чекланмаган.
Уструшана, Бухоро, Самарқанд, Дабусия ва Фарғона каби ҳудудлар ўзаро боғланган ягона илмий-маданий маконни ташкил этган.
Абу Жаъфар ал-Уструшанийнинг Уструшанада таълим олиб, Бухорода фаолият юритиши; Абу Зайд ад-Дабусийнинг Дабусиядан чиқиб, Бухоро илмий муҳитида танилиши; Баздавийлар ва Қозихон Узгандий каби алломаларнинг мазкур силсила билан боғланиши — бу илмий ҳаракатчанликнинг ёрқин мисолларидир.
Шу маънода “Етти қози” феномени Бухоронинг ўзи ҳақидагина эмас. У бутун Мовароуннаҳрда ҳуқуқий тафаккурнинг қандай шакллангани ва ривожланганини кўрсатади.
Адолат анъанасининг тарихий илдизлари
Биринчи Ренессанс даври ва ундан кейинги асрларда Мовароуннаҳрда илм-фаннинг турли соҳаларида юксак натижаларга эришилди. Бу жараёнда фиқҳ ва ҳуқуқий тафаккур ҳам ўзининг мустаҳкам илмий асосларини яратди.
“Етти қози” силсиласи ана шу жараённинг муҳим кўринишларидан биридир.
Уларнинг ҳаёти ва асарларида адолат, ҳуқуқий тартиб, инсонлар ўртасидаги муносабатларни меъёрлаштириш ва низоларни илм асосида ҳал этиш каби масалалар муҳим ўрин эгаллаган.
Шу боис “Етти қози” меросини ўрганиш — фақат тарихий шахслар ҳаётини тадқиқ этиш эмас. Бу орқали Марказий Осиёда ҳуқуқий маданият ва адолат тушунчаларининг илмий асослари қандай шаклланганини англаш мумкин.
Бугунги кунда мазкур алломаларга оид қўлёзмаларни чуқур ўрганиш, уларнинг устоз-шогирд силсилаларини тиклаш, турли манбалардаги маълумотларни қиёсий таҳлил қилиш ва илмий меросини кенг жамоатчиликка етказиш муҳим аҳамият касб этади.
Зеро, Бухоронинг “Етти қози”си — бир давр ёки бир шаҳар тарихи эмас. У Мовароуннаҳрда асрлар давомида шаклланган адолат, илм ва ҳуқуқий тафаккур анъанасининг ёрқин ифодасидир.
Муаллиф: Муслим Атаев, Тарих фанлари доктори (DSc), iccu.uz
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати