#Мавлид_шукуҳи
ОЛАМЛАРГА РАҲМАТ ПАЙҒАМБАР ﷺ
Робиъул аввал ойи – мусулмонлар учун улкан бахту саодат, хурсандчилик ойи бўлиб, бу ойда бутун оламларга раҳмат, икки жаҳон сарвари, Пайғамбари Муҳаммад ﷺ таваллуд топганлар. Бу ойни мусулмонлар ўзгача тайёргарлик билан кутиб олишади ва Расулуллоҳ ﷺга бўлган муҳаббатнинг кичик бир кўриниши сифатида мавлиди шариф тадбирлари ўтказилади, у зотнинг сийратларини ўрганишга алоҳида эътибор қаратилади.
Жума куни Тошкент шаҳрининг барча жоме масжидларида Мавлиди шариф ўқилди ҳамда жума намози кўтаринки кайфиятда адо этилди.
Шунингдек, жамоат билан биргаликда хайрли дуолар қилинди.
Аллоҳим, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга муносиб уммат бўлишни насиби рўзи айлагин!
MuslimShosh.uz
Бугун, 7 сентябрь куни мусулмон дунёсининг энг нуфузли илмий муассасаларидан бири — Халқаро Ислом фиқҳи академияси томонидан Жидда шаҳрида халқаро конференция ўз ишини бошлади.
Ушбу нуфузли анжуманда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари мазкур давлатлараро мақомга эга ташкилот аъзоси сифатида иштирок этмоқдалар.
Илмий-фиқҳий кенгашда мусулмон оламининг кўзга кўринган уламолари, академияга аъзо давлатларнинг муфтийлари, етакчи фатво кенгашлари раҳбарлари, Ал-Азҳар сингари йирик илм даргоҳларининг олимлари ҳамда нуфузли тадқиқот марказлари профессорлари қатнашмоқда.
Сўзга чиққан нотиқлар хотин-қизларни ҳар қандай шаклдаги тазйиқ, зўравонлик ва камситишлардан ҳимоя қилишда дин пешволари ҳамда уламоларнинг ўрнини ошириш, оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш ҳамда зўравонликка қарши муросасиз муҳитни шакллантиришда илмий-шаръий манбаларнинг аҳамияти ҳақида нутқ қилмоқдалар. Шунингдек, Ислом дини аёллар ҳуқуқлари, шаъни ва қадр-қимматини юксак даражада қадрлашини тарғиб қилишга алоҳида урғу қаратмоқдалар.
Анжуман тафсилотларини тармоқларимизда кузатиб боринг.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати