Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ашажж ибн Абдулқайс розияллоҳу анҳу Набий алайҳиссаломнинг олдиларида ўтирганида, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сенда Аллоҳ ва Расули хуш кўрадиган икки хислат бор”, дедилар. Саҳобий қизиқиб: “У қандай хислат? Бири доим рўзадор бўлиш ва иккинчиси ухламай туни билан ибодат қилиб чиқишми?” – деди.
“Йўқ, униси ҳам, буниси ҳам эмас”, дедилар Набий алайҳиссалом. Ашажж розияллоҳу анҳу: “Ё Аллоҳнинг Расули, улар қайси хислатлар?” – деди такрор. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жавоб бериб: “Ҳалимлик ва босиқлик”[1], дедилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошқа бир ҳадисларида: “Одам гўзал хулқи билан кундузи рўза тутиб, тунни ибодат билан ўтказадиганларнинг даражасига етади” [2], дедилар.
Хулқи гўзал одам икки дунё саодатига эришади. Одамларнинг қалбларини маҳв этиш орқали фойда кўради ва мана шунинг натижасида охиратни ҳам қўлга киритади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу хусусда шундай дедилар: “Тарозуда гўзал хулқдан-да оғирроқ тош босадиган бирор нарса йўқ”[3].
У зот яна бир ҳадисларида: “Мўминларнинг иймонда камолотга эришганлари хулқи энг чиройли бўлганлари, феъли юмшоқ, унинг бошқалар билан тил топишиши осон бўлади ва бошқалар ҳам у билан осон чиқишиб кетишади. Ҳеч ким билан келишмайдиган ва бошқалар ҳам у билан келиша олмайдиган кишида яхшилик йўқдир”[4], деганлар.
Умму Салама розияллоҳу анҳо онамиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга ўтириб, охиратни эсладилар: “ЁАллоҳнинг Расули, бир хотиннинг дунёда икки турмуш ўртоғи бўлган бўлса, барчалари вафот этишса ва жаннатга киришса, аёл қайси эрига бўлади?” – дедилар.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом нима деб жавоб берган бўлишлари мумкин?! “Пулдори ёки илмлироғига бўлади”, дедиларми?! Ё илм ва фазлда юқорироғигами?! Йўқ, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Хулқи гўзалроқ эрига бўлади”, дедилар.
Умму Салама розияллоҳу анҳо ҳайратландилар. Шунда Пайғамбар алайҳиссалом: “Эй Умму Салама, гўзал хулқ дунё ва охират яхшиликларини келтиради” [5], дедилар.
Рўза тутиб, намоз ўқиб, садақалар берадиган, лекин тили билан қўшнисига озор берадиган аёлнинг вафоти хабарини беришганида, Набий алайҳиссалом: “У аёл дўзахда” [6] деганларини юқорида ҳам айтиб ўтдик.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мана бу дуоларини, албатта, ёдингизда тутинг: “Аллоҳим! Менинг ташқи кўринишимни гўзал қилганингдек, хулқимни ҳам гўзал қил”[7].
Шунингдек, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги дуоларини айтиб юришни кундалик одатга айлантиринг: “Аллоҳим! Мени энг гўзал хулқлар сари бошла. Гўзал хулқлар томон етаклайдиган Зот фақат Ўзингсан. Ёмон хулқларни мендан арит. Ёмон хулқларни мендан фақатгина Сен нари қила оласан”[8].
Абдуллоҳ Абдулмуътий, Ҳуда Саъид Баҳлулнинг
“Қулоғим сенда қизим” китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Абдулҳамид Умаралиев таржимаси.