Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
16 Сентябр, 2026   |   5 Рабиъус сони, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:44
Қуёш
06:04
Пешин
12:18
Аср
16:41
Шом
18:35
Хуфтон
19:51
Bismillah
16 Сентябр, 2026, 5 Рабиъус сони, 1448
Мақолалар

Уммат ҳамжиҳатлиги йўлида

17.09.2025   11281   5 min.
Уммат ҳамжиҳатлиги йўлида

Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) туркий тилли мамлакатларнинг тарихий, маданий ва маънавий яқинлиги асосида ташкил этилган нуфузли халқаро тузилма ҳисобланади. Ушбу ташкилотга 2009 йилда Нахчивонда асос солиниб, туркий давлатлар ўртасида сиёсий, иқтисодий, маданий ва гуманитар ҳамкорликни мустаҳкамлаш, биродарлик ришталарини янада кучайтириш мақсадида фаолият юритиб келмоқда. Кенгаш нафақат давлат раҳбарлари даражасидаги мулоқот майдони, балки халқлар ўртасидаги дўстлик, ўзаро ишонч ва ҳамжиҳатликни юксалтиришнинг самарали воситасига айланган. Шу жиҳатдан, Туркий давлатлар кенгаши бугун жаҳон сиёсий майдонида ўз ўрни ва таъсири тобора ортиб бораётган, халқларни умумий мақсад ва интилишлар атрофида бирлаштираётган муҳим тузилма сифатида намоён бўлмоқда. Унга Туркия, Озарбайжон, Қирғизистон ва Қозоғистон ва Ўзбекистон аъзо. Венгрия ва Туркманистон эса кузатувчи мақомига эга.

Ташкилот  йиғилишларида “Туркийзабон давлатлар оқсоқоллари кенгаши” шўъбасида мамлакатларнинг дин бўйича етакчилари ҳам иштирок этиб келади. Ташкилотнинг 2022 йил апрел ойида Истанбул шаҳрида бўлиб ўтган навбатдаги йиғилишида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Туркий давлатлар диний идоралари раҳбарлари йиғилишда иштирок этиб, ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун Туркий давлатлар диний идоралари аро Фатво ҳайъатини ташкил этишни таклиф қилганди. Орадан бир ярим йил ўтиб, 2023 йил 25 ноябрь куни Тошкентда ўтказилган Туркий давлатлар муфтийлари кенгашининг IV йиғилишида Фатво ҳайъати тузилди.

Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари ташкилотнинг анжуманларида энг долзарб мавзуларда чиқишлар қилиб, муҳим таклифлар тақдим этиб келади ва улар иштирокчилар томонидан тўлиқ қўллаб-қувватланмоқда. Хусусан, қардош халқлар тинч-тотувлигини таъминлаш, бутун жаҳонда тинчлик-осойишталикни қарор топтиришга барча бирдек саъй-ҳаракат қилиши зарурлиги, дин пешволари кўпроқ тинчликни тарғиб қилиши, кенг халқ оммасини огоҳ ва ҳушёр бўлиб яшашга даъват этиши, глобал иқлим ўзгариши, сув танқислиги каби офатлар инсониятни танг аҳволга солаётганига эътибор қаратиб, Туркий давлатлар муфтийларининг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва экологик муаммоларни бартараф этишга қаратилган мурожаатини эълон қилиш ҳамда диний рамзлар, муқаддас китоблар ва Ислом шиорларини обрўсизлантириш билан боғлиқ хатти-ҳаракатларнинг олдини олиш ҳақидаги Туркий давлатлар муфтийлари баёнотини қабул қилиш таклифлари шулар жумласидан.

Жорий йилнинг 10-13 сентябрь кунлари Бишкек шаҳрида Туркий давлатлар муфтийлари кенгашининг навбатдаги, VI йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари уммат ҳамжиҳатлиги билан ҳар соҳада ривожланиш бўлиши, уммат орасида ихтилоф, тафриқа, низолар келиб чиққанда эса турли хил кўнгилсизликлар келиб чиқиши, якка ҳолда буюк мақсадларни амалга ошириш мушкул экани, ҳамкорлик ва ҳамжиҳатликда ҳаракат қилиш орқали ҳар қандай мақсад ва ташаббуслар рўёбга чиқиши осон кечишини таъкидлаб, маъруза қилдилар.

Дарҳақиқат, Ислом дини кишиларни тинчликни асраш ва барқарорликни таъминлаш йўлида имон, инсоф, адолат, ҳамжиҳатлик ва бирдамлик билан ҳаракат қилишга, фитна ва ўзаро адоватга барҳам беришга чақиради. “Албатта, Аллоҳ адолатга, эзгу ишларга ва қариндошга яхшилик қилишга буюрар ҳамда бузуқчилик, ёвуз ишлар ва зулмдан қайтарур” (Наҳл сураси, 90-оят).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам биз умматларни бирдам, ҳамжиҳат, иноқ бўлишга буюрганлар. Ўзларининг видолашув ҳажларида қилган хутбаларида биз умматларни бир-биримизга душман бўлишдан, қурол кўтаришдан қайтариб, дўсту биродар бўлиб яшашни васият қилганлар.

Йиғилишда яна бир эътиборли ҳолат шу бўлдики, Туркий давлатлар муфтийлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг муҳтарам Президентимиз фармонларига кўра “Олий даражали Имом Бухорий” ордени билан мукофотланганини эътироф этиб, самимий қутладилар.

Тадбир давомида (11 сентябрь куни) Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров Туркий давлатлар муфтийларини қабул қилди. Олий даражадаги мулоқотда муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларининг самимий салом ва эзгу тилакларини қардош халқ Президентига етказдилар. 

Ўз навбатида Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров жаноби олийлари Муфтий ҳазратларидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига самимий салом ва энг яхши тилакларини етказиб қўйишини сўради.

Юртимиз уламолари бугунги мураккаб даврда дунё минбарларида туриб, бутун жаҳонда тинчликни асраб-авайлаш, халқларнинг фаровон ва тотувликда ҳаёт кечириши борасида ўзларининг долзарб чиқишлари билан дунё ҳамжиҳатини огоҳликка чақириб келмоқда. Муфтий ҳазратларининг ҳам Бишкек шаҳрида бўлиб ўтган Туркий давлатлар муфтийлари кенгашида сўзлаган нутқи дунё уламоларини уммат ҳамжиҳатлиги йўлида бирлашишга тўлақонли чақириғи бўлди.

Йиғилиш сўнгида уламолар дуои хайр қилиш учун Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларига мурожаат қилдилар. Ҳазратнинг дунё мусулмонларига тинчлик-офият сўраб, туркий халқлар бирдамлиги янада мустаҳкам бўлиши ҳақидаги хайрли дуолари билан тадбирни ниҳоялаб бергани Ўзбекистон мусулмонлари уламолари, диний идораси, хоссатан, муфтий ҳазратнинг мавқеларига далолат десак, муболаға бўлмайди.

Зайниддин домла Эшонқулов,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Ўзбекистон сайёҳлик салоҳияти Малайзиядаги нуфузли кўргазмада намойиш қилинди

16.09.2026   4051   1 min.
Ўзбекистон сайёҳлик салоҳияти Малайзиядаги нуфузли кўргазмада намойиш қилинди

Малайзияда бўлиб ўтган “MATTA Fair” йирик сайёҳлик кўргазмасида Ўзбекистон Туризм қўмитаси томонидан миллий павильон ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Малайзия халқаро савдо ва кўргазмалар марказида намойиш этилган миллий павильон мамлакатимизнинг Куала-Лумпур шаҳридаги элчихонаси кўмагида амалга оширилди.

Кўргазмада Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятига бағишланган тақдимотлар ўтказилди. Тадбир иштирокчиларига республикада туризм соҳасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, зиёрат туризмини жадал ривожлантириш ва зиёратчилар учун қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берилди.

Сўнгги йилларда виза режими соддалаштирилиши натижасида 90 дан ортиқ хорижий давлатлар, жумладан, Малайзия фуқаролари учун ҳам мамлакатга визасиз кириш тартиби амал қилаётгани алоҳида таъкидланди.

Сайёҳлар Бухоро, Самарқанд, Хоразм, Қашқадарё вилоятлари ва Тошкент шаҳрининг тарихий ва замонавий сайёҳлик марказлари, бой маданияти, бетакрор архитектураси ва санъати, миллий анъаналари билан яқиндан танишиш имконига эга бўлди.

Миллий павильонда Туризм қўмитаси, Қашқадарё вилояти ҳокимлиги, “Uzbekistan Airways” авиакомпанияси вакиллари ҳамда республиканинг қатор туркомпаниялари томонидан зиёрат туризми, тарихий-маданий туризм, гастрономик туризм, Умра+, қишки туризм каби сайёҳлик дастурлари “B2B” ва “B2C” форматларида кенг тарғиб қилинди.

“Uzbekistan Airways” авиакомпанияси вакиллари мамлакатимизга саёҳат қилувчилар учун яратилган қулайликлар, жумладан, Тошкент ва Куала-Лумпур шаҳарлари ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновлар мавжудлиги ҳақида ахборот берди.

Тадбир давомида икки мамлакат туроператорларининг тўғридан-тўғри ҳамкорлиги доирасида республикага сайёҳлар оқимини ошириш бўйича аниқ келишувларга эришилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари