Ўзбекистон мусулмонлари идораси Самарқанд вилояти вакиллиги ташаббуси ҳамда йиллик иш режаси доирасида Пахтачи туманида маънавият, меҳр-шафқат ва хайр-саховат руҳи билан ёдда қоларли сайёр йиғилиш ўтказилди.
Йиғилиш аввалида вилоят бош имом-хатиби Аҳмадхон домла Алимов ишчи гуруҳ аъзолари билан учрашиб, сайёр учрашувларни самарали ва мазмунли ташкил этиш юзасидан муҳим кўрсатма ва топшириқлар берди. У киши ҳар бир масжид имом-хатиби ҳамда масъул шахсларга аҳоли билан юзма-юз мулоқот қилиш, уларнинг муаммоларини эшитиш ва имкониятдан келиб чиқиб жойида ҳал этиш зарурлигини алоҳида таъкидлади.
Шундан сўнг Аҳмадхон домла, Пахтачи тумани бош имом-хатиби И.Исаев ҳамроҳлигида туман марказидаги “Хўжа Зиёвуддин” жоме масжиди ҳудудида оғир ижтимоий аҳволдаги, бемор ва ногиронлиги бор оилалар хонадонларига ташриф буюрди. Ушбу ташрифлар доирасида:
Ҳар бир хонадонда самимий мулоқот ўрнатилиб, эзгу дуолар қилинди. Ота-оналарнинг миннатдорликлари барча иштирокчилар қалбига илиқлик бағишлади.
Вилоят ишчи гуруҳи Пахтачи туманидаги 12 та масжидда Пешин намозини адо этиб, жамоатга қуйидаги йўналишларда таъсирли маърузалар қилди:
Шунингдек, вилоят бош имом-хатиби ўринбосари Нурсултонхон домла Абдуманнонов “Хўжа Зиёвуддин” жоме масжидида “Саломатлик ва осойишталик – энг катта бойлик” мавзусида маънавий-маърифий қувватга тўла маъруза қилди.
Йиғилиш якунида Пахтачи туманидаги 16 маҳалланинг ижтимоий аҳволи, аҳолининг эҳтиёжлари ва муаммолари таҳлил қилинди. Масжид ҳужжат юритиши, ободончилик ишлари ва жамоат билан мулоқот самарадорлигини ошириш бўйича аниқ йўналишлар белгиланди.
Раҳбарлар томонидан аҳоли билан яқин ҳамкорлик қилиш, диний-маънавий муҳитни соғломлаштириш ва хайр-саховат ишларини янада кенгайтириш юзасидан қатъий кўрсатмалар берилди.
Тадбир сўнгида барча иштирокчилар юртимиз тинчлиги, осмонимиз мусаффолиги ва юртбошимиз олиб бораётган хайрли ишларига зафарлар тилаб, биргаликда хайрли дуо қилдилар.
Бу сайёр йиғилиш Пахтачи аҳли учун нафақат амалий ёрдам, балки маънавий кўтаринкилик, бирдамлик ва келажакка ишонч руҳини уйғотган ёдда қоларли кун бўлди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Самарқанд вилоят вакиллги Матбуот хизмати
Инсон ҳаёти тафсилотлардан иборат. Баъзан оддий кўринган амаллар орқасида юксак ҳикматлар яширинган бўлади. Ана шундай амаллардан бири – Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сут ичгандан сўнг оғизларини сув билан чайганларидир. Бу ҳолат бизга фақат бир суннат эмас, балки поклик, ҳушёрлик ва тафаккур дарси ҳамдир.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: "Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам сут ичдилар, сўнг оғизларини сув билан чайқадилар ва дедилар: “Албатта, унинг ёғи бор” (Имом Муслим, Имом Термизий ривояти).
Айниқса, кечаси ухлашдан олдин сут ичиб оғизни чаймаслик кариес (чириш) ва гингивит (яллиғланиш) каби касалликларни тезлаштиради. Шунинг учун ҳам тиббиётда оғизни чайиш оғиздаги бактериал мувозанатни сақлаш, тишлар орасини тозалаш, яхши нафас олиш ва касалликнинг олдини олиш учун жуда ҳам муҳимдир.
Кечки пайт, айниқса уйқу олдидан ичилган сутдан сўнг оғизни чаймаслик тишларнинг тунда эриб боришига сабаб бўлади. Бундан ташқари, кофе, мева шарбати, газли ичимликлар кислотали муҳитга сабаб бўлса, сут эса аксинча – ишқорий муҳит ҳосил қилади. Аммо уни чаймаслик бактериялар учун “шерик” топиш билан баробардир. Шу боисдан тажрибали стоматологлар сут ичгандан кейин камида 20–30 сония давомида сув билан оғиз чайишни тавсия қиладилар.
Аслида, бу амал фақат гигиена эмас, балки онгли ва шуурли яшаш маданиятини ҳам ўргатади. Инсон ҳар бир амалда эътиборли бўлиши керак. Яъни инсон доимо ўзига: “Қандай овқат еяпман? Еяётган таомим зарарли эмасми? Оғзимда нима қолмоқда?” каби саволларни бериб туриши керак.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам таъкидлаганларидек, поклик – иймоннинг бир қисмидир. Зеро, оғиз фақат овқат йўли эмас – у зикр, ибодат ва тиловат йўли ҳамдир. Унинг тозалиги – зикр ва ибодатдан ҳосил бўладиган қалб тозалигига ҳам таъсир қилади.
Сут ичиб оғиз чайиш – бу шунчаки сувни оғизда айлантириш эмас. Бу – бадан поклиги, илмга асосланган соғлиқ ҳимояси ва суннатга эътибор демакдир. Бугун биз уни ҳар тонг, ҳар кеч, ҳар стакан ичимликдан сўнг амалга оширсак, бу нафақат соғлиғимизни сақлайди, балки руҳий саломатлигимизга ҳам фойда беради.
Аллоҳ бизга суннатни севишни ва амал қилишни, унинг орқасидаги ҳикматни англаб яшашни насиб этсин!
Руқайя ЮСУФИЙ,
Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти талабаси.