Инсоннинг ўз нафсига қарши курашида фойда ва яхшиликлар кўпдир. Аксинча, нафснинг истакларини бажариш ва уларга эргашиш барча ҳалокатларнинг манбаи ҳисобланади. Зеро, кўпгина олиму мутафаккирлар шу хулосага келишганларки нафсга қарши туриш, барча саодатлар калити, нафснинг хоҳишларига эргашиш эса бутун ёмонликларнинг асосидир. Бундан ташқари, илоҳиёт олимлари нафсга қарши туришни Аллоҳга итоатнинг асоси ва унга қаршиликни эса тариқатнинг муҳим вазифаларидан деб ҳисоблайдилар. Улар яна марҳамат қиладилар:
“Ким бизнинг йўлга кирмоқчи бўлса, унинг нафси ўлимнинг тўртта: қизил, қора, оқ ва яшил турларини татиб кўрмоғи лозимдир”.
“Қизил ўлим” деганда нафс ва унинг хоҳишларига қарама-қарши туриш, яъни дунё ҳаётининг ҳою ҳавасларига, шунингдек, шайтон ва унинг ёрдамчиларига қарши курашиш тушунилади. Бу ўлимнинг ранги ҳою ҳавасларнинг эзилиб йўқ бўлишини, яъни ҳалокатини кўрсатади.
“Қора ўлим” одамлардан етадиган озор ва қийинчиликларни сабр билан кўтаришдир. Бу хилдаги ўлимнинг қора рангда ифодаланиши унинг нафс учун қанчалик оғир ва қийин эканлигини англатиш учундир.
“Оқ ўлим” очликни ифодалайди, унинг ранги бу хилдаги риёзат туфайли инсон вужудида зоҳир бўладиган ёруғликка ишорадир.
“Яшил ўлим”да эса ямоқли, эскирган кийимларни кийиш ва нафсга хуш ёқадиган чиройли либосларни рад этиш, дунёнинг оз молига қаноат қилиш туфайли гўё ҳаёт ям-яшил (рангга киргандек) бўлади.
Ҳақиқатда Аллоҳ таоло ўз нафсининг ҳою ҳавасига, хоҳишларига қарши турган ҳар бир бандасига, ҳатто мусулмон бўлмаса ҳам, ана шу курашлар туфайли барокатлар келишини олдиндан белгилаб қўйган.
Нақл этишларича, Мисрда бир роҳиб инсон кўнгилдаги сирларни билиш илми билан машҳур бўлди. Шунда бир мусулмон олими “Мусулмонларни янглиш йўлга гирифтор қилмасидан олдинроқ уни ўлдириш лозим”, деган андишада пичоғига заҳар суртиб, ниятини амалга ошириш учун йўлга чиқди. Етиб бориб роҳибнинг эшигини тақиллатганда:
– Ҳой мусулмон олими, пичоқни ташла! – деди роҳиб.
Олим пичоқни ташлади ва кириб сўради:
– Бунга қандай эришдинг?
– Ўз нафсимга қарама-қарши турмоқлик билан, – деб жавоб берди роҳиб.
Шундан сўнг олим таклиф этди:
– Исломни қабул қилмайсанми?
Роҳиб буни эшитиб жавоб берди:
– Ҳа... Гувоҳлик бераман, Аллоҳдан бошқа ибодатга лойиқ ҳеч ким, ҳеч нарса йўқ, Муҳаммад – Аллоҳнинг Элчисидир.
Шунда олим ажабланиб сўради:
– Исломни қабул қилишингга нима мажбур қилди?
Роҳиб бу саволга шундай жавоб берди:
– Нафсимга Исломни қабул қилишни таклиф этдим, лекин у бўйин товлади, кўнмади. Шунда мен аксинча йўл тутдим.
Шундай қилиб бу одам айнан нафсга қарши курашиш билан улуғ неъматга эга бўлди.
Нафсга қарши ҳаракатнинг меваси қулфи дилнинг очилиши, Аллоҳга бўлган мақбуллик даражаси бўлса, нафс билан келишув ва унинг ҳою ҳавасларини қондиришликнинг самараси пушаймонлик ва саргардонликдан ўзга нарса эмас. Аллоҳнинг Ўзи ҳаммамизни бундан сақласин!
Нақл қиладиларки, Иброҳим ибн Шайбон қуддиса сирриҳу марҳамат этадилар:
“Кўп вақт ясмиқдан тайёрланадиган таомга тўйишни роса истадим. Лекин бунинг имкони бўлмади. Шом шаҳрида бўлганимда менга бир коса ясмиқ таоми келтиришди. Тўйгунча едим. Сўнг кўчага чиқиб айланиб юрганимда, ичига қандайдир суюқлик тўлдириб, илиб қўйилган кўзаларга кўзим тушди. Ўзимча бу сирка бўлса керак, деб ўйладим. Мендан сўрашди:
– Нега қараб қолдинг? Булар шаробнинг намуналари, мана булари эса шароб хумлари.
Шунда мен ертўлага кириб май кўзаларни синдириб, ичида бор нарсаларни тўкиб ташладим. Дўкон эгаси эса султон буйруғига биноан тўкяпти, деб ўйлабди. Ишнинг ҳақиқати маълум бўлгач, у мени Ибн Тулун[1] ҳузурига олиб борди. У эса мени икки юз дарра уриб, қамоқхонага ташлашни буюрди. Мен пирим Абу Абдуллоҳ ал-Мағрибий қуддиса сирруҳу то бу шаҳарга келиб, мени ҳимояларига олгунларича шу ерда ўтирдим. Кейинроқ пирим сўрадилар:
– Ўзи нима қилдинг?
– Нафсим тўйгунча ясмиқ таом емоқ истади, едим, сўнг икки юз дарра билан “сийлашди”, – дедим.
Шунда шайх ҳазратлари:
– Жуда осон қутулибсан, – дедилар.
Яна бир ривоятда шундай ҳикоя қилинади. Бир куни ҳавода таянчсиз, муаллақ ўтирган зотдан бунга қандай эришганлигини сўрашганларида у шундай жавоб берибди:
– Ҳавойи нафсимдан кечган эдим кўкдаги ҳаво менга итоатли бўлди.
“Ахлоқус солиҳийн” (Яхшилар ахлоқи) китобидан
Йўлдош Эшбек, Даврон Нурмуҳаммад
таржимаси.
[1] Ўша вақтдаги Миср ҳукмдори.
Аввало, сиз, азизларни 27 сентябрь – Бутунжаҳон туризм куни билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.
Бугунги кунда туризм мамлакатимиз иқтисодиётида муҳим ўрин тутадиган, минглаб янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли фаровонлигини оширишга хизмат қиладиган истиқболли тармоққа айланиб бормоқда.
Кейинги йилларда юртимизда олиб борилаётган очиқлик сиёсати, виза тартибининг соддалаштирилгани, транспорт ва меҳмонхона инфратузилмасининг кенгайтирилгани, тадбиркорлар учун кўплаб солиқ ҳамда божхона имтиёзлари жорий қилингани соҳа ривожига янги шиддат бермоқда.
Бунинг тасдиғини 2025 йилда Ўзбекистонга келган хорижий сайёҳлар сони 2016 йилга нисбатан салкам 6 баробар ошиб, қарийб 12 миллион нафарга етгани, туризм хизматлари экспорти 11 карра кўпайиб, 4 миллиард 800 миллион АҚШ долларини ташкил этгани мисолида яққол кўриш мумкин.
Мамлакатимизнинг глобал туризм сиёсатидаги ўрни тобора мустаҳкамланиб бормоқда. Бу ҳақда сўз юритганда, Ўзбекистоннинг ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 2027 йил Халқаро барқарор ва яшовчан туризм йили, деб эълон қилингани, БМТ Туризм ташкилоти республикамизни дунёдаги энг тез ўсаётган бешта сайёҳлик йўналишига киритганини таъкидлаш лозим.
Албатта, бундай ютуқлар замирида юртимиздаги минглаб туроператор ва турагентлар, меҳмонхона ва оилавий меҳмон уйлари ходимлари, гид ва экскурсоводлар, рестораторлар, транспорт ва сервис компаниялари вакиллари, ҳунармандлар, маданият намояндалари, музей ходимлари, устоз-мураббийларнинг машаққатли меҳнати мужассамдир.
Фурсатдан фойдаланиб, ушбу йўналишларда сидқидилдан хизмат қилаётган барча соҳа ходимларига самимий миннатдорлик билдираман.
Ҳурматли юртдошлар!
Янги Ўзбекистонимизнинг ўзига хос ташриф қоғози бўлган Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий ва Бурҳониддин Марғиноний мажмуалари, Замонавий санъат маркази каби кўплаб масканлар бутун халқимиз қатори хорижий сайёҳларда ҳам катта қизиқиш уйғотмоқда.
Биз бу борадаги ишларимизни изчил давом эттириб, гўзал диёримизни жаҳондаги замонавий сайёҳлик инфратузилмаси янада ривожланган энг машҳур туризм марказларидан бирига айлантиришга қарор қилганмиз. Шу мақсадда Хивада ўзида тарих ва замонавийликни уйғунлаштирган халқаро туристик шаҳарча, конгресс маркази ва тарихий-этнографик боғ барпо этиш, Ичанқалъани рақамли технологиялар асосида “ақлли” музей-мажмуага айлантиришни режалаштирганмиз.
Самарқандда эса ноёб экспонатлар жамланган Ипак йўли музейи ташкил этилади. Қорақалпоғистонда археологик ёдгорликлар бўйлаб янги туристик йўналишлар очилади. Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз туманида “Ғилон”, Наманган вилоятининг Поп туманида “Арашан” каби янги мажмуалар ташкил этилади.
Соҳада замонавий технологияларни кенг жорий этиш, ягона миллий туризм платформасини ишга тушириш, сайёҳлик хизматларини битта тизимга интеграция қилиш, сунъий интеллект имкониятларидан кенг фойдаланиш, кадрлар малакасини мунтазам ошириб бориш ҳам устувор вазифа бўлиб қолади. Гастрономик, экологик, зиёрат, тиббиёт, тоғ ва саргузашт, ишбилармонлик, этно ва қишлоқ туризми каби юқори қўшилган қиймат яратадиган йўналишларни жадал ривожлантиришга алоҳида аҳамият берамиз.
Ана шундай долзарб вазифаларни амалга ошириш орқали биз 2030 йилга бориб, хорижий сайёҳлар сонини йилига 20 миллион нафарга, туризмнинг ялпи ички маҳсулотдаги улушини 7 фоизга етказиш, хизматлар экспортини 8 миллиард доллардан ошириш, юқори тоифадаги меҳмонхоналар сонини эса икки карра кўпайтиришни мақсад қилганмиз.
Бундай улкан марраларни эгаллашда, аввало, ўз ҳаётини туризм соҳаси билан боғлаган, юртимизни, унинг қадимий тарихи ва маданиятини дунёга тарғиб этишни ўзининг профессионал бурчи деб биладиган сизлар каби ташаббускор ва ташкилотчи инсонларга таянамиз.
Ҳеч шубҳасиз, соҳанинг моддий-техник базаси ва кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш, ходимларнинг фидокорона меҳнатини муносиб рағбатлантириш бундан буён ҳам эътиборимиз марказида бўлади. Шу муносабат билан “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган туризм ходими” фахрий унвонини таъсис этсак, ўйлайманки, бу таклифни барчангиз қўллаб-қувватлайсиз.
Сизларни Бутунжаҳон туризм куни билан яна бир бор табриклаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, бахт-саодат, шарафли фаолиятингизда омад ва зафарлар тилайман.
Шавкат Мирзиёев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти