Бугун, 19 сентябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари жума намозини Тошкент шаҳри Яккасарой туманидаги "Ракат" жоме масжидида адо этдилар.
Муфтий ҳазратлари жума намозидан олдин йиғилган жамоатга мавъиза қилиб бердилар. Мусулмоннинг мусулмонга эҳтироми мавзусида қилинган гўзал суҳбат давомида Аллоҳ таоло инсон зотини азизу мукаррам этиб, борлиқдаги барча нарсани инсонга хизмат қилдириб қўйгани, шундай экан, инсонлар ҳам ўзаро аҳл-иноқ, меҳр-муҳаббатли, бир-бирларига доимо ёрдамчи бўлиб ҳаёт кечиришлари динимиз амри экани эслатиб ўтилди.
Маъруза асносида Қуръони карим ва ҳадиси шарифлар келтириб ўтилди. Жумладан, машҳур саҳобий Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан келтирилган ҳадисда бундай дейилади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Каъба атрофида тавоф қилаётганларини кўрдим. У зот Каъбага қараб бундай дер эдилар: "Сен ва сенинг ҳидинг қандай ҳам гўзал! Сен қандай улуғсан ва сенинг ҳурматинг қандай буюк! (Лекин) Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган Зотга қасамки, Аллоҳ наздида мўминнинг ҳурмати сенинг ҳурматингдан ҳам улуғдир" (Имом Ибн Можа ривояти).
Мусулмон кишининг Аллоҳ наздидаги ҳурмати мана шундай баланд экан, ўзаро ҳурмат-эҳтироми ҳам шунга монанд бўлиши таъкидланди. Манфаатли суҳбат якунида бутун дунё мусулмонлари, хусусан, халқимизнинг ўзаро аҳил-иноқлиги бундан ҳам зиёда бўлишини сўраб хайрли дуолар қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
رَبَّنَا لَا تُزِغْ قُلُوبَنَا بَعْدَ إِذْ هَدَيْتَنَا وَهَبْ لَنَا مِن لَّدُنكَ رَحْمَةً إِنَّكَ أَنتَ الْوَهَّابُ
“Роббанаа лаа тузиғ қулубанаа баъда из' ҳа-дайтанаа ваҳаб ланаа милладунка роҳматан иннака антал ваҳҳааб”.
“Ё Раббимиз, бизни ҳидоят йўлига солганингдан кейин дилларимизни (тўғри йўлдан) оғдирма ва бизга ҳузурингдан раҳмат ато эт! Албатта, Сен Ваҳҳоб (барча неъматларни текин ато этувчи) дирсан” (Оли Имрон сураси, 8-оят).
Бу дуода инсон ҳидоят топганидан кейин ҳам куфрга оғиб кетиши мумкинлигидан огоҳлантирилган.
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам кўп дуо қилар эдилар: “Эй қалбларни ағдарувчи Зот! Қалбимни Ўз динингда собит қилиб қўй!" ва яна: “Эй қалбларни юритувчи Зот! Қалбимизни Ўз итоатинг сари йўналтир!”.
Тақводор мўминлар Аллоҳнинг раҳматини “ҳадя” сифатида сўрайди: “Раҳмат фақат Сенинг иноятинг, биз бунга ҳақли эмасмиз”.
Яъни, қалбда иймон ва маърифат нурини ёқадиган, охиратда жаннатга етаклайдиган раҳматингдан бенасиб қолдирма!.
Барча яхшиликларнинг ҳақиқий манбаи ҳам, ихлос берувчи Зот ҳам Сенсан.
Банданинг қалби тўғриликда собит қолиши, Аллоҳнинг раҳматини сўраши ва Унинг ҳидояти да бардавом бўлиши жуда аҳамиятлидир. Бу дуо мўминнинг Аллоҳга бўлган муҳтожлиги, муҳаб бати ва умидини акс эттиради. Дуо билан яшаш эса қалбни пок, иймонни мустаҳкам қилади.
Қуръоний дуолар қисқа, лекин маънолари жуда кенг қамровлидир.
Илёсхон АҲМЕДОВ
тайёрлади