Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
25 Сентябр, 2025   |   3 Рабиъус сони, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:55
Қуёш
06:13
Пешин
12:20
Аср
16:28
Шом
18:19
Хуфтон
19:31
Bismillah
25 Сентябр, 2025, 3 Рабиъус сони, 1447

Муфтий ҳазратлари: "Мусулмонларнинг ўзаро аҳил ҳаёт кечиришлари динимиз амридир”

19.09.2025   13203   1 min.
Муфтий ҳазратлари:

Бугун, 19 сентябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари жума намозини Тошкент шаҳри Яккасарой туманидаги "Ракат" жоме масжидида адо этдилар.

Муфтий ҳазратлари жума намозидан олдин йиғилган жамоатга мавъиза қилиб бердилар. Мусулмоннинг мусулмонга эҳтироми мавзусида қилинган гўзал суҳбат давомида Аллоҳ таоло инсон зотини азизу мукаррам этиб, борлиқдаги барча нарсани инсонга хизмат қилдириб қўйгани, шундай экан, инсонлар ҳам ўзаро аҳл-иноқ, меҳр-муҳаббатли, бир-бирларига доимо ёрдамчи бўлиб ҳаёт кечиришлари динимиз амри экани эслатиб ўтилди.

Маъруза асносида Қуръони карим ва ҳадиси шарифлар келтириб ўтилди. Жумладан, машҳур саҳобий Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан келтирилган ҳадисда бундай дейилади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Каъба атрофида тавоф қилаётганларини кўрдим. У зот Каъбага қараб бундай дер эдилар: "Сен ва сенинг ҳидинг қандай ҳам гўзал! Сен қандай улуғсан ва сенинг ҳурматинг қандай буюк! (Лекин) Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган Зотга қасамки, Аллоҳ наздида мўминнинг ҳурмати сенинг ҳурматингдан ҳам улуғдир" (Имом Ибн Можа ривояти). 

Мусулмон кишининг Аллоҳ наздидаги ҳурмати мана шундай баланд экан, ўзаро ҳурмат-эҳтироми ҳам шунга монанд бўлиши таъкидланди. Манфаатли суҳбат якунида бутун дунё мусулмонлари, хусусан, халқимизнинг ўзаро аҳил-иноқлиги бундан ҳам зиёда бўлишини сўраб хайрли дуолар қилинди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Муфтий ҳазратлари:
Янгиликлар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

“Ҳаж – 2026” мавсуми зиёратчилари учун нимча тайёрлаб берувчи корхоналар ўртасида танлов

24.09.2025   3707   1 min.
“Ҳаж – 2026” мавсуми зиёратчилари учун нимча тайёрлаб берувчи корхоналар ўртасида танлов

Ўзбекистон мусулмонлари идораси “Ҳаж – 2026” мавсуми зиёратчилари учун нимча (камзул) тайёрлаб берувчи корхоналар ўртасида танлов эълон қилади.

I. Танловда қатнашиш учун қуйидаги ҳужжатлар талаб этилади:

  1. Танловда иштирок этиш бўйича хат;
  2. Корхона гувоҳномаси ва раҳбарининг паспорт нусхаси;
  3. Банкдан К-2 шаклидаги маълумотнома;
  4. Эркак ва аёллар учун биттадан нимча намунаси;
  5. Тижорат таклифи;
  6. Корхонанинг сўнгги бир йилда банкдаги пул маблағлари айланмаси ҳақида маълумот;
  7. Боғланиш учун телефон номерлари;

Амалдаги қонунчиликка мувофиқ зарурат бўлса қўшимча ҳужжатлар талаб этилиши мумкин.

II. Маҳсулотлар (эркаклар ва аёллар нимчаси) учун қўйилган талаблар:

  1. Нимчалар 50, 52, 54, 56 ва 58 ўлчамларда тикилиши лозим.
  2. Нимчаларнинг олди қисми тугмали бўлиши шарт.
  3. Нимчанинг орқа юқори қисмида Ўзбекистон Республикаси байроғи акс эттирилган бўлиши керак.
  4. Байроқнинг тепа қисмида, орқа томонда лотин алифбосида “UZBEKISTAN” ёзуви жойлаштирилиши талаб қилинади.
  5. Ҳар бир нимчанинг оғирлиги 190–220 грамм зичликдаги матодан тайёрланган бўлиши керак.
  6. Нимчалар мовий (оч кўк) рангда бўлиши лозим.
  7. Олд қисмида учта чўнтак бўлиши: икки томонда (ён чўнтаклар) ва юқори чап қисмида битта қўшимча чўнтак.
  8. Олд юқори чап чўнтак устки қисмида Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги “Ҳаж” ва “Умра” маркази логотипи жойлаштирилган бўлиши шарт.

Танловда иштирок этиш истагида бўлган корхона ва ташкилотлар 2025 йил 31 октябрь кунига қадар юқоридаги талаблар асосида ҳужжатларни Ўзбекистон мусулмонлари идорасига тақдим этишлари мумкин.

Манзил: Тошкент шаҳри, Олмазор тумани, Қорасарой кўчаси, 47-уй. Телефон: 71-240-04-75, 98-140-04-75

Янгиликлар