Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
24 Сентябр, 2025   |   2 Рабиъус сони, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:54
Қуёш
06:12
Пешин
12:20
Аср
16:30
Шом
18:21
Хуфтон
19:33
Bismillah
24 Сентябр, 2025, 2 Рабиъус сони, 1447
Мақолалар

Ҳар нарса кўринганидек эмас

22.09.2025   4097   1 min.
Ҳар нарса кўринганидек эмас

Эр-хотин ҳавонот боғида юрарди. Маймунлар ёнидан ўтаётганларида аёли урғочи маймунга парвона бўлаётган эркак маймунни кўриб:

– Қаранг, қандай ғамхўр, меҳрибон экан, – деди.

Эри унга бир жилмайиб индамай қўяқолди.

Кейин улар шерлар қафаси ёнидан ўтишди. Эркак шер бир четда бепарво ётар, урғочиси ундан узоқда эди. Аёл эрига яна:

– Қаранг, анави шер аёлидан узоқда, лоқайд ётибди. Оиласига ғамхўр эмас, шекилли, – деди.

Шунда эр аёлига:

– Қани, урғочи шерга бирор нарса улоқтириб кўр-чи? – деди.

Аёл бир кичкина чўпни урғочи шерга қарата улоқтирди. Шунда эркак шер тезда ўрнидан туриб, важоҳат билан аёлини ҳимоя қилиш учун аёлга томон югуриб қолди. Унинг важоҳатидан қўрқиб кетган аёл эрининг ортига ўтиб олди.  Эр аёлини етаклаб маймунлар томон юрди ва унга:

– Энди маймунларга ҳам бирор нарса улоқтир-чи? – деди. Аёл яна бир чўпни олиб ачомлашиб ўтирган маймунларга қарата отди. Шунда эркак маймун ўзини жонини сақлаш мақсадида дарахт тепасига қараб қочиб қолди.

Эркак аёлига қараб бундай деди:

– Кўрдингми, хотин, ҳамма нарса ҳам кўрингани каби бўлавермайди.

Дарҳақиқат, кўпчиликни кўп нарсаларнинг зоҳири алдаб қўяди. Аммо баъзан биз кўзимиз билан кўрган нарсалар аслидан бошқача бўлиб чиқиши ҳам мумкин. Ёлғон кўринган нарса эса баъзида рост бўлиб чиқиши мумкин. Шундай экан, хулоса қилишга шошилмайлик.

Акбаршоҳ Расулов

Ибратли ҳикоялар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Атроф-муҳитни асраш – жамиятни асрашдир

24.09.2025   493   5 min.
Атроф-муҳитни асраш – жамиятни асрашдир

Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш – бу инсон саломатлиги ва табиатнинг барқарорлигини таъминлаш мақсадида атроф-муҳитни асрашга қаратилган чора-тадбирлар мажмуасидир. Бу соҳадаги фаолият табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, чиқиндиларни бошқариш, ҳаво ва сув сифатини назорат қилиш, биохилма-хилликни сақлаш каби йўналишларни ўз ичига олади. 

Аллоҳ бизларни яшаб турган заминимизни озода сақлаган ҳолда обод қилишга, Унинг берган неъматларини асраб-авайлашга буюриб, бузғунчилик қилишдан, атроф-муҳитга зарар етказишдан қайтариб, Қуръони каримда: «...ер юзида бузғунчилик қилиш ҳамда экин ва наслни ҳалок этиш учун ҳаракат қилади. Аллоҳ эса бузғунчиликни суймас», – деган (Бақара сураси, 205-оят).

Шариатимизда тупроқ, сув, ҳаво ва табиатни тоза сақлаш, уларнинг ифлосланишига йўл қўймаслик ва соғлиқ учун зарарли бўлган нарсалардан сақланиш сингари ҳукмлар келтириладики, бу бизларга ибрат намунаси бўлиши лозим. Хусусан, Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Учта жойга: сув ўзанларига, серқатнов йўлларга ҳамда соя-салқин ерларга ахлат ташлаб, лаънатга қолишдан қўрқинглар», – деганлар (Абу Довуд ривояти). Айтиш жоизки, ҳеч бир ориятли, иймон-эътиқодли инсон ушбу муборак ҳадисда зикр этилган номақбул ишларни қилишга ботинмайди. Аксинча, шундай ишни қилаётган кишини кўрган вақтда дарҳол унга танбеҳ бериб, бундай қилиш номақбул эканлигини тушунтиради.

Динимизда буюрилган ишларга қонунларимиз ҳам мос келади. Конституциямизга кўра ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий захиралар умуммиллий бойликдир, улардан оқилона фойдаланиш зарур ва улар давлат муҳофазасидадир.

Атроф-муҳитдан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш бўйича умумий қоидаларни белгилайдиган ва умумий тартибга солувчи нормалар тизимида Конституция нормалари алоҳида ўринга эга. Унда мамлакатнинг экологик стратегиясининг асосий йўналишлари, экологик талабларни таъминлаш кафолатлари ва аҳолининг экологик хавфсизлиги белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясида экологик нормалар тизими ўз ифодасини топган бўлиб, уларга фуқароларнинг экологик ҳуқуқлари (49-модда), фуқаролар атроф-табиий муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш мажбуриятини (62-модда) киритиш мумкин.

49-моддага мувофиқ, ҳар ким қулай атроф-муҳитга, унинг ҳолати тўғрисидаги ишончли ахборотга эга бўлиш ҳуқуқига эга. Давлат фуқароларнинг экологик ҳуқуқларини таъминлаш ва атроф-муҳитга зарарли таъсир кўрсатилишига йўл қўймаслик мақсадида шаҳарсозлик фаолияти соҳасида жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратиш мажбурияти белгилаб қўйилган. Шунингдек, давлат барқарор ривожланиш принципига мувофиқ, атроф-муҳитни яхшилаш, тиклаш ва муҳофаза қилиш, экологик мувозанатни сақлаш бўйича чора-тадбирларни амалга оширади. Шу билан бирга фуқароларда ўз саломатлиги ва келажак авлоднинг саломатлиги учун қулай табиий муҳитда яшаш, саломатлигини атроф муҳитнинг зарарли таъсиридан муҳофаза қилиш ҳуқуқи мавжуд. Айни пайтда фуқаролар табиатни муҳофаза қилиш бўйича жамоат ташкилотларига бирлашиш, атроф табиий муҳитнинг аҳволи ҳамда уни муҳофаза қилиш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирларга доир ахборотларни талаб қилиш ва олиш ҳуқуқи мустаҳкамлаб қўйилган.

Шунингдек, Конституциянинг 62-моддасида фуқароларнинг атроф табиий муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш мажбурияти белгилаб қўйилган. Яъни, фуқаролар табиий ресурслардан оқилона фойдаланиши, табиат бойликларига эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиши, экология талабларига риоя этиши шарт.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда экологик хавфсизликни таъминлаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида қатор ислоҳотлар амалга оширилди. 2023 йил 31 майда “Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасини трансформация қилиш ва ваколатли давлат органи фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” Президент фармони қабул қилинди. Фармонга кўра, экологик хавфсизликни таъминлаш, чиқиндиларнинг инсон саломатлигига зарари олдини олиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва санитария ҳолатини яхшилаш бўйича чора-тадбирлар белгиланди. 

2024 йил 26 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳаларида очиқликни таъминлаш ҳамда бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди. Мазкур Фармон экологик маълумотларнинг очиқлигини таъминлаш, чиқиндилар билан ишлашда жамоатчилик иштирокини ошириш ва экологик назоратни кучайтиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир. 

Муҳтарам юртбошимиз таъкидлаганидек, 2025 йилнинг “Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва “яшил” иқтисодиёт йили” деб эълон қилиниши бу соҳадаги конституциявий нормалар ва тамойилларни амалга ошириш учун муҳим асос бўлади.

Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ислоҳотлар Ўзбекистонда барқарор ривожланишини таъминлаш фуқароларнинг саломатлиги ва фаровонлигини оширишга қаратилган. Давлат органлари, жамоатчилик ва ҳар бир фуқаронинг бу жараёндаги фаол иштироки эса экологик муаммоларни самарали ҳал этишга хизмат қилади. 

Жаҳонгир Хатамов,

ЎМИ Ҳуқуқшунослик бўлими бошлиғи

Мақолалар