Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
09 Ноябр, 2025   |   18 Жумадул аввал, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:43
Қуёш
07:04
Пешин
12:12
Аср
15:28
Шом
17:13
Хуфтон
18:28
Bismillah
09 Ноябр, 2025, 18 Жумадул аввал, 1447
Янгиликлар

Тошкент ислом институтида “Ислом энциклопедияси”нинг 1–3 жилдлари тақдимоти ўтказилди

23.09.2025   7822   3 min.
Тошкент ислом институтида “Ислом энциклопедияси”нинг 1–3 жилдлари тақдимоти ўтказилди

Имoм Бухoрий нoмидаги Тошкент ислом институтида “Ислом энциклопедияси”нинг дастлабки 1–3 жилдлари тақдимоти ўтказилди. Ушбу муҳим маънавий-маърифий тадбирда Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси Ислом энциклопедияси бўлими мудири, иқтисодиёт фанлари доктори, академик Нурислом Тўхлиев, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Зайниддин Эшонқулов ҳамда Кўкалдош ўрта махсус ислом таълим муассасаси мудири, фалсафа фанлари доктори (PhD) Маъмуржон Эркаев иштирок этдилар. Шунингдек, институт раҳбарияти, профессор-ўқитувчилари ва ходимлар тадбирда фаол қатнашдилар.

Энциклопедия – исломшуносликда улкан қадам

Тадбирни институтнинг Илмий ишлар ва фан бўйича проректори С.Примов очиб берди ва сўзни институт ректори, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Уйғун Ғафуровга берди. Ректор ўз нутқида энциклопедиянинг исломшуносликдаги аҳамиятини алоҳида таъкидлаб, унинг узоқ умр кўрувчи, келажак авлод учун ҳам манба бўлиб қоладиган асарлардан бири эканини билдирди. Шунингдек, у совет давридаги машаққатли шароитда ҳам Қуръони карим маънолар таржимаси каби буюк ишлар амалга оширилганини эслаб ўтди.

Нурислом Тўхлиев: “Энциклопедия – давлат раҳбарининг шахсан назаридаги иш”

Академик Нурислом Тўхлиев нутқида энциклопедиянинг яратилиш тарихи ва мақсадларига тўхталиб ўтди. Унинг таъкидлашича, бу иш 20 жилддан иборат қилиб режалаштирилган бўлиб, давлат раҳбарининг шахсан назоратлари остида амалга оширилмоқда.

Н.Тўхлиев энциклопедия мақолаларини тайёрлашда бирламчи манбалардан фойдаланишилмийликхолислик ва оммабоплик тамойиллари асос қилинаётганини қайд этди. Ушбу асарнинг фарқли жиҳати шундаки, уни кенг жамоатчилик ҳам осон англай олади.

Маърузачи турли мисоллар келтирди:

  • “Уйғониш даври одамлари” асарида 99 нафар Бухорий нисбали30–40 нафар Термизий ва Насафий алломалар тилга олингани,
  • Шаҳрисабз ва Иштиҳондан йигирмадан ортиқ муҳаддислар етишиб чиққанини,
  • энциклопедиянинг мақсадларидан бири – кенг омма билмаган, аммо ислом илмида из қолдирган алломаларни ҳам тарихга муҳрлаб қўйиш эканини таъкидлади.

Шунингдек, Н.Тўхлиев энциклопедия яратиш тажрибасини халқаро мисоллар билан солиштириб, Туркиядаги ISAM тўплами 60 йил давомида 700 дан зиёд муаллиф иштирокида тайёрланганини ва 44–45 жилддан иборат бўлганини қайд этди.

Энциклопедияда кимлар акс этади?

Тадбирда таъкидланишича, энциклопедияга:

  • саҳобалар ва тобеинлар,
  • юртимиздан чиққан буюк алломалар,
  • ислом цивилизациясига ҳисса қўшган Европа олимлари ҳам киритилмоқда.

Мақолаларда шахслар ҳаёти билан бирга уларнинг асарлари, илмий мероси ва улар ҳақидаги тадқиқотлар ҳам ҳавола қилинади. Бу эса энциклопедияни нафақат умумий маълумот, балки илмий йўналишда ҳам муҳим манбага айлантиради.

 

Меҳмонлар фикрлари

ЎМИ раиси ўринбосари Зайниддин Эшонқулов нутқида энциклопедиянинг юртимизда илм қайта тикланаётганидан далолат беришини таъкидлади. У Самарқанддаги Чокардиза қабристони ҳақида қизиқарли маълумотлар келтириб, унда 1 млн 240 минг уламо дафн этилгани, уларнинг 400 мингдан ортиғи Муҳаммад исми билан танилганини қайд этди.

Маъмуржон Эркаев эса энциклопедиянинг илмий ва оммабоп йўналишда бўлиши лозимлигини айтиб, бу асарнинг ҳар бир атама ва мисоллар билан бойитилиши муҳимлигини қайд этди.

Энциклопедиянинг аҳамияти

Нурислом Тўхлиев энциклопедиянинг аҳамиятини қуйидагича ифода этди:

  • у дин, илм, фан ва маданият вакиллари учун масъулиятли вазифа,
  • оммага етказишда қисқа, лўнда ва тушунарли бўлиши,
  • мақолалар илмий талабларга жавоб бериши,
  • хар бир мақоланинг муаллифи кўрсатилиши орқали масъулият ва жавобгарлик таъминланиши.

Тадбир якунида савол-жавоблар бўлиб ўтди. Энциклопедия мақолаларининг ОАК талабларига мослигиэлектрон шакли ва Википедия каби очиқ платформалардаги ривожланиш истиқболлари муҳокама этилди.

Институт раҳбарияти тадбир меҳмонларига миннатдорлик билдириб, ташакурнома ва эсдалик совғаларини топширди.

Манба: https://oliymahad.uz/45368

Янгиликлар
Бошқа мақолалар

Аёллар уй ишларига масъулми?

14.12.2024   28731   6 min.
Аёллар уй ишларига масъулми?

Савол: Аёллар уй ишларига масъулми?

Жавоб: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: Ҳар бирингиз ўз қўл остидагига масъулдир. Эркак ўз хонадони аҳлига, аёл эса эрининг хонадонига ва болаларига масъулдир (“Саҳиҳи Бухорий”. № 5200).

Имом Хаттобий айтади: “Эркакнинг ўз оиласи учун масъулияти бу – уларга ғамхўрлик қилиш, озиқ-овқат, кийим-кечак билан таъминлаш ва яхши муомала бўлишни англатади. Аёлнинг масъулиятига келсак, бу унинг уй ишларини башариши ва қарамоғидагилар, меҳмонларга яхшилик қилиши саналади” (“Аълам ал-ҳадис”. Ж. 1. – Б. 580).

Манбаларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уй ичидаги ишларга қизлари Фотима розияллоҳу анҳони, уйдан ташқаридаги вазифаларга эса Али розияллоҳу анҳуни масъул этиб тайинлаганлари ривоят қилинган (“Мусаннаф” Ибн Абу Шайба).

Муҳаддис Муҳаммад Обид Синдий Айюбий айтади: “Уйдан ташқаридаги иш деганда ўтин ва сув ташиш, озиқ-овқат билан таъминлаш каби ишлар тушунилади, уй ичидаги ишлар эса, нон пишириш, супур-сидир, озодаликка оид ишлар назарда тутилади” (“Таволиъ ал-анвор”, Ж. 6. – Б. 410).

Кунларнинг бирида Фотима розияллоҳу анҳо қўлларидаги қадоқлардан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга шикоят қилиб, хизматкор сўрадилар. Бироқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга ётишдан олдин тасбиҳ айтиш хизматкордан кўра яхшироқ эканини айтганлар (“Саҳиҳи Бухорий”. № 5361).

“Ал-Ҳидоя” асарининг муаллифи Имом Марғиноний раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Агар аёл ўзига яхшилик қилувчилардан бўлса, у овқат тайёрлаши ва нон пишириши, уй юмушлари билан банд бўлиши керак. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уй юмушларини Фотима розияллоҳу анҳога топширганлар” (“Муҳторот ан-Навозил”. Ж. 2. – Б. 194).

Фақиҳ Имом Сарахсий раҳматуллоҳи алайҳи бундай деганлар: “Аёл киши уй ишларини диний бурч сифатида бажариши шарт, лекин қози томонидан уй супуриш, кир ювиш, овқат тайёрлаш ва нон пишириш, болага қараш каби ишларни бажаришга мажбурлаш мумкин эмас” (“Ал-Мабсут”. Ж. 5. – Б. 209).

Айрим уламолар “болани эмизиш онага мажбурият бўлганидек, уй юмушларини бажариш ҳам она вазифасидир” деб айтганлар.

Бир ривоятга кўра, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Фотима розияллоҳу анҳога бундай деганлар: “Аллоҳдан қўрққин, эй Фотима! Роббинг олдидаги фарз амалларингни адо эт ва оиланг юмушлари билан шуғуллангин” (Абу Довуд. “Сунан”. 2988).


Оиша розияллоҳу анҳо ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам

Аҳли суффалардан бири ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени ва бир гуруҳ аҳли суффаларни уйларига таклиф қилдилар ҳамда: “Бизга овқат бер, эй Оиша”, дедилар. Онамиз овқат қилиб келдилар, бироздан кейин: “Бизга яна олиб кел, эй Оиша”, дегандилар Оиша розияллоҳу анҳо онамиз сут солинган идиш олиб келдилар...” (Абдурраззоқ “Мусаннаф”. № 20712. Ибн Абу Шайба. “Муснад”. № 607. Абу Довуд. “Сунан”. № 5040).

Манбаларда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша онамизга “Пичоқни тош билан ўткирланг” деб айтганлари ҳам ривоят қилинган (Қаранг: “Саҳиҳ Муслим”. № 5086).

Бироқ, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гўзал хулқларидан бири уй ишларида аҳли аёлларига ёрдам беришлари эди (“Саҳиҳи Бухорий”. № 676).

 

Асмо розияллоҳу анҳо ва Зубайр розияллоҳу анҳу

Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг қизи Асмо розияллоҳу анҳо айтадилар: “Зубайрга турмушга чиққанимда уй юшумлари билан банд бўлардим. Унинг отига ҳам қарардим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Зубайрга берган ерларидан хурмоларни узиб, бошимда кўтариб келардим. У икки мил узоқликда эди”.

Имом Ғаззолий раҳимаҳуллоҳ “Иҳё” асарларида бу воқеани келтириб, аёлларни уй юмушларига чорлаганлар (“Иҳё улумид-дин”. Ж. 3. – Б. 232-3).

Қози Иёз раҳматуллоҳи алайҳи Асмо розияллоҳу анҳонинг уйдан ташқарида қилган ишлари, яъни от парваришлаши ва хурмо кўтариб юриши унинг зиммасига юклатилган вазифалар эмас, балки қўшимча бўлганини изоҳлаганлар (“Икмал ал-Муълим”. Ж. 7. – Б. 75).

 

Умму Сулайм розияллоҳу анҳу ва Абу Толҳа розияллоҳу анҳу

Анас розияллоҳу анҳу айтадилар: “[Ўгай отам] Абу Толҳанинг [онам] Умму Сулаймдан ўғли вафот этди. Умму Сулайм розияллоҳу анҳо: “Мен ўзим айтмагунимча, Абу Толҳага ўғлининг вафоти ҳақида айтманглар”, деди.

Абу Толҳа розияллоҳу анҳу уйга қайтиб келди. Аёли дарҳол кечки овқатни тайёрлаб, унинг олдига қўйди, у еди ва ичди. Бироздан сўнг, аёли: “Эй Абу Толҳа, нима деб ўйлайсиз бир қавм бошқасидан вақтинчаликкка бир нарсани олиб турса, у уларда Аллоҳ хоҳлаганича қолса-да, кейин эгалари қайтариб олса, вақтинчалик олиб турганлар хафа бўлиши керакми?” деди.

“Йўқ, албатта” деди Абу Толҳа.

“Ўғлингиз бу дунёни тарк этди”, деди Умму Сулайм....

 

Хулоса

Демак, юқоридаги маълумотлар шуни кўрсатадики, саҳобия аёллар ўз мажбуриятларини қандай қилиб яхшироқ бажариш ва турмуш ўртоқларининг оғирини енгил қилиш ҳақида қайғурганлар. Уларнинг асосий ташвиши турмуш ўртоқларига кўпроқ ёрдам бериш, оилага барака киришига ҳисса қўшиш эди.

Даврон НУРМУҲАММАД