Саудия Арабистонининг Мадина шаҳрида «Ал-Урз ва ал-Кабаб» номли биринчи ўзбек тамаддихонаси очилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Ресторан Саудия Арабистони аҳолиси ва дунёнинг турли бурчакларидан келган меҳмонлар учун ўзбек миллий таомлари, халқимиз анъаналари ва маданияти билан яқиндан танишиш нуқтасига айланади.
Эътиборлиси, бу ерда мижозларга таклиф этилаётган таомлар миллий услубда ишлаган идишларга тақдим этиляпти. Рестораннинг барча бурчаклари махсус мониторлар билан жиҳозланган бўлиб, уларда хорижлик меҳмонларга мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаёти, шаҳарлари, урф-одатлари, сайёҳлик салоҳияти ҳақидаги видеороликлар намойиш қилинмоқда.
Мазкур мажмуа Саудия Арабистонидаги ватандошларимиз Аброр Акмалов ва таниқли ошпаз Баҳриддин Чустий томонидан ташкил этилди.
Уларнинг айтишича, ушбу ресторан ўз мижозлари сонин кенгайтирганидан кейин, Жидда ва Маккада филиал очиш режалаштирилган.
Мамлакатимизнинг Жидда шаҳридаги Бош консуллиги ходимлари тадбиркорларга ресторанни тарғибот материаллари билан таъминлашга ёрдам бермоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарияти томонидан аҳоли билан мунтазам йўлга қўйилган очиқ ва самимий мулоқотлар фуқароларнинг муаммоларини тизимли ҳал этишда юксак самара бермоқда.
Хусусан, жорий йилнинг 18 март куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков навбатдаги фуқаролар қабулини ўтказиб, ҳар бир мурожаатни алоҳида эътибор билан кўриб чиқди.
Қабул давомида оилавий масалалар бўйича келган юртдошларимизга шаръий кўрсатма ва зарур маслаҳатлар берилган бўлса, моддий ёрдамга муҳтож фуқароларга белгиланган тартибда амалий кўмак кўрсатилди.
Таъкидлаш жоизки, аҳоли муаммоларини тинглаш ва уларга ечим топиш жараёнлари ҳар ҳафтанинг чоршанба куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг барча ҳудудий вакилликлари ҳамда жоме масжидларида имом-домлалар томонидан изчил давом эттирилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати