Ўзбекистон мусулмонлари идораси Бухоро вилояти вакиллиги ташаббуси билан Бухоро шаҳар «Абу Бакр ас-Сиддиқ» жомеъ масжидида гапириш ва эшитиш имконияти чекланган фуқаролар учун навбатдаги маънавий-маърифий суҳбат ташкил этилди. Ушбу суҳбатда имом-ноиб Дилшод домла Ходиев маъруза қилиб, «Мусулмоннинг мусулмонга нисбатан эҳтироми» мавзусида батафсил тушунчалар берди.
Тадбир давомида иштирокчиларнинг ақидавий, фиқҳий ва диний-ижтимоий мавзулардаги саволларига жавоб берилди. Жараён малакали сурдо таржимон орқали иштирокчиларга етказилиб, уларнинг тўлиқ фаол иштирокини таъминлади.
Суҳбат якунлангач, ҳомийлар кўмагида иштирокчиларга озиқ-овқат маҳсулотлари улашилди.
Яратган Ҳақ таоло бу хайрли ишларни бардавом ва самарали айласин!
ЎМИ Бухоро вилояти вакиллиги Матбуот хизмати
Муҳтарам Президентимизнинг «Рамазон – меҳр-мурувват, аҳиллик ва шукроналик ойи» деган эзгу ғоялари асосида бу муборак ойда ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмаяпти.
Шу йил 6 март куни Тошкент шаҳридаги «Шайх Зайниддин» жоме масжиди мажлислар залида кўп йиллар имом-хатиб бўлиб ишлаган, диний соҳа равнақига муносиб ҳисса қўшган ҳар бир фахрий имомга давлатимиз Раҳбарининг совғалари – 10 миллион сўм пул мукофотлари топширилди.
Тадбирда Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов, «Вақф» хайрия жамоат фонди вакили қатнашиб, омонатларни ўз эгаларига етказдилар.
– Аллоҳга шукрлар бўлсинки, фахрий имомлар қадрлаган даврда яшаяпмиз, – дейди Шайх Абдулазиз Мансур. – Ҳурматли Юртбошимизнинг бундай эътибор ва ғамхўрликларидан бошимиз кўкка етди.
Уламолар қадрланган юртга барака ёғилади. Илоҳим, азиз Ватанимиз бундан-да тараққий этаверсин.
Президентимизнинг мукофотларини олган фахрий имомлар Юртбошимиз ҳақларига, юртимиз, элимиз файза баракага тўлишини тилаб хайрли дуолар қилишди.
Тошкент шаҳар вакиллиги
Матбуот хизмати