Тошкент ислом институтида “Сентябрь – Ислом тарихи ва сийрат фан ойлиги” доирасида институтнинг 3-курс талабалари ўртасида "Ҳидоят маёғи” номли сийрат мусобақаси бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Ички назорат бўлими етакчи мутахассиси, ТИИ “Ижтимоий фанлар” кафедраси ўқитувчиси Умиджон Ходжаев, институт ректори Уйғун Ғафуров, Илмий ишлар ва фан бўйича проректори Соатмурод Примов, шунингдек, "Ҳадис ва ислом тарихи фанлари" кафедраси устозларидан иборат ҳакамлар гуруҳи иштирок этди.
Мусобақа анъанага мувофиқ Қуръон тиловати ва хайрли дуолар ила бошланди. Тадбирни институт ректори Уйғун домла Ғафуров кириш сўзи билан очиб берди. Мусобақада 3-курс талабаларидан иборат Ибн Касир, Ибн Ҳажар Асқалоний ва Имом Заҳабий жамоалари ўртасида қизиқарли баҳслар бўлиб ўтди.
Якунда биринчи ўрин Ибн Касир жамоасига, иккита иккинчи ўрин Имом Заҳабий ва Ибн Ҳажар Асқалоний жамоаларига насиб этди. Ғолиблар эсдалик совғалари билан тақдирланишди.
Шунингдек, Пайғамбар алайҳиссалом сийратларига бағишланган ана шундай тадбирлар "Саййид Муҳйиддин махдум" ўрта-махсус ислом таълим муассасаси, Имом Термизий номидаги ислом институти ҳамда “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасасида ҳам ўтказилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам учун аёлларнинг исмидан энг маҳбуби Зайнаб бўлган. У зот ўзларининг тўнғич қизларига шу исмни қўйганлар.
Имом Муслим Зайнаб бинт Абу Саламадан қуйидагиларни ривоят қиладилар: «Менинг исмим Барра эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни “Зайнаб” деб ўзгартирдилар. Зайнаб бинти Жаҳшнинг исми ҳам Барра эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни ҳам “Зайнаб” деб ўзгартирдилар».
Муҳаммад ибн Амр ибн Ато розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Қизимни Барра деб номладим. Зайнаб бинти Абу Салама менга: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу исмдан наҳий қилганлар. Мен Барра деб номланган эдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ўзингизни ўзингиз пок деманг. Сизлардан ким яхшилик аҳли эканини Аллоҳ билувчидир», дедилар. «Уни нима деб номлайлик?» дейишди. «Зайнаб деб номланглар», дедилар».
Гўзал ва хушбўй бир дарахт ҳам “зайнаб” деб аталади.