Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги Фатво маркази томонидан тайёрланиб чоп этилган “Фатволар тўплами. 500 саволга 500 жавоб” номли китобни ўқиб ғоят қувондим.
Тўпламда берилган савол-жавоблар ҳар бир мўмин-мусулмон учун ниҳоятда фойдалидир. Уни ўқиган киши эътиқод, бидъат-хурофот, таҳорат, намоз, закот, рўза, ҳаж ва умра, қурбонлик, савдо, никоҳ, талоқ, эмизиш, қасам, назрлар, ижара, мерос, руҳий тарбия, зикр каби турли муҳим мавзуларда зарурий билимларга эга бўлади.
Китобда тўғри фатво бериш орқали инсонларни яхшиликка йўллаш, ёмонликлардан қайтариш савобли, илмсиз, асоссиз берилган ҳар қандай фатво хатарли, нотўғри экани, етарли билим ва тажрибага эга бўлмай туриб фатво бериш оғир гуноҳга йўл очиши, одамларни ихтилофга солиб қўйиши мисол ва далиллар асосида ёритилган.
Айрим кишилар илмни “дунёвий илм”, “диний илм” деб ажратишлари кузатилади. Ислом дини эса инсонларни ҳар қандай фойдали илмни ўрганишга тарғиб қилади. Зеро, илм бўлмаган жойда қолоқлик, жаҳолат, тўғри йўлдан адашиш бўлади.
Тўплам турли таҳдидлар кучайиб бораётган ҳозирги мураккаб жараёнда ғоятда керакли манба бўлиб хизмат қилади. Айниқса, бугунги кунда диний қадриятларимизга қарши қаратилган ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган уйдирма ахборотлар, етти ёт бегоналарга кўр-кўрона эргашишлар, ёшларни залолатга бошловчи “жозибали” тасвирлар, мазҳабсизлик каби иллатларнинг асли пуч, зарарли эканини кўрсатиб бериши ўқувчини ўзига янада кўпроқ жалб этади.
Забардаст аҳли илмлар ҳозирлаган илмий манбаларни ўқиб, “Биз бошқаларга эргашувчи эмас, аксинча, доим эргаштирувчи халқ бўлиб келганмиз”, деган фахрни туйдим.
Султонхожа АРИПХЎЖАЕВ,
меҳнат фахрийси
Савол: Исломда янги кун қайси соатдан бошлаб киради? Масалан, шартли қабул қилинган тартиб бўйича соат 00:00 янги куннинг бошланиши саналади? Исломда янги куннинг бошланиши ва тугаши қайси вақтдан эътиборга олинади?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Динимизга кўра, кун шом вақтидан бошланади ва кейинги шомгача давом этади. Бошқача қилиб айтганда, исломда кун кеча билан бошланади ва унинг эртасида кун ботиб, кундуз тугаганида, ўша кун ҳам якунланади. Бунга оят ва ҳадислардан кўплаб далиллар бор.
Фақат айрим аҳкомларда куннинг бошланиши бомдод намозининг вақти кириши (субҳи содиқ)дан бошланади ва кун кейинги бомдод вақтигача давом этади. Масалан, Ҳажда Арафот водийсида туришда ҳукм шундай.
Шунингдек, айрим ҳолларда “кун” тушунчаси юқоридагидек, 24 соатдан иборат (сутка) маъносида эмас, балки тунга муқобил – қарама-қарши маънода қўлланилиши ҳам мумкин. Бу ҳолда кун бошланиши бомдод вақтидан то қуёш ботгунигача бўлган муддат, яъни кундуздан иборат бўлади. Бунга мисол учун “бир кун рўза тутиш” деганда айнан шу муддат назарда тутилади.
Хулоса қилиб айтганда, динимиздаги умумий қоидага кўра, куннинг бошланиши кун ботганидан бошланиб, кейинги кун ботишигача давом этади. Айрим истисно қилинган ҳолатларда куннинг қачон бошланиб, қачон тугаши диндаги ҳукмларга қараб фарқ қилади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.