Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
01 Октябр, 2026   |   20 Рабиъус сони, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:01
Қуёш
06:19
Пешин
12:13
Аср
16:19
Шом
18:09
Хуфтон
19:24
Bismillah
01 Октябр, 2026, 20 Рабиъус сони, 1448

Қуръонни унутишнинг гуноҳи

26.09.2025   6789   1 min.
Қуръонни унутишнинг гуноҳи

Савол: Бир ҳадисда Қуръони каримни ёд олиб, кейин уни унутиб юборса, қаттиқ гуноҳкор бўлиши ҳақида ўқидим. Унутиб юборишни қандай тушунамиз?


Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Ҳақиқатда Қуръони каримни унутишнинг гуноҳ экани ҳақида ҳадислар келган.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Менга умматимнинг савоблари, ҳатто киши масжиддан чиқариб ташлаган хас-чўпнинг савоби ҳам кўрсатилди. Сўнг менга умматимнинг гуноҳлари кўрсатилди. Мен бир кишига Қуръондан бир сура ёки бир оят берилиб, уни унутиб қўйганидан кўра каттароқ гуноҳни кўрмадим”, дедилар (Имом Абу Довуд ва Термизий ривояти).


Яна бир ҳадис Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Қуръонни ўқиб, сўнг уни унутиб юборса, қиёмат куни Аллоҳ таолога қўли кесик ҳолда йўлиқади”, дедилар.

Абу Довуд ва Доримий ривоятлари. Уламолар мазкур маънодаги барча ҳадисларни ўрганиб, ҳадисда қораланган унутишликдан мурод ўқиган ёки ёд олган сураларни мусҳафга қараб ҳам ўқий олмайдиган даражага тушиб қолишлик, деганлар.


Демак, мусулмон инсон доимий равишда Аллоҳ таолонинг каломини ўқиб туриши лозим бўлади. Ана шунда ҳадиси шарифда айтилган оғир гуноҳга йўл қўймаган бўлади.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, Қуръон соҳиби ҳудди тушовланган туя соҳибига ўҳшайди. Агар ундан хабардор бўлиб турса уни тутиб туради. Агар тек қўйса, кетиб қолади”, дедилар (Имом Бухорий ва Муслим ривояти). Валлоҳу аълам.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

БАЙРАМ МУНОСАБАТИ БИЛАН ДИНИЙ СОҲАДАГИ ФАХРИЙЛАР ВА УСТОЗЛАР ҚУТЛАНДИ

01.10.2026   11486   1 min.
БАЙРАМ МУНОСАБАТИ БИЛАН ДИНИЙ СОҲАДАГИ ФАХРИЙЛАР ВА УСТОЗЛАР ҚУТЛАНДИ

1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан динимиз ривожи, Ватанимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлигига беқиёс ҳисса қўшган 85 нафар нуроний устозлар, меҳнат фахрийлари йўқланди.

Ушбу хайрли тадбир доирасида тизимда кўп йиллар фаолият юритиб, бугунги кунда марҳум бўлган уламоларнинг яқинлари ҳолидан хабар олинди.

Шунингдек, бугунги кунда Диний идора тизимида фаолият юритаётган устозлар ҳам эътибордан четда қолмади.

Табрикномалар, ҳадялар, муҳими, мазкур эътибор ва эҳтиромдан беҳад шод бўлган кексалар ўзлари меҳнат қилган пайтдаги хотиралар ҳамда бугунги имкониятлар даври ҳақида тўлқинланиб сўзлашди, юртимиз тинчлиги ва халқимиз омонлигини сўраб хайрли дуолар қилишди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари